Линклар

logo-print

Толибларга 140 миллион ваъда қилинди


Жаҳон давлатлари Афғонистон ҳукуматининг мўътадил толибларни зўравонликдан воз кечишга кўндириш режалари мақсадларига келаси бир йил ичида 140 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмак ваъда қилди.

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд бу ҳақда Лондонда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро анжуман якунида эълон қилди.

Милибанд шунингдек, конференция иштирокчилари 2010 йилнинг охиридан бошлаб Афғонистондаги хавфсизлик масъулиятини мамлакат кучларига топшира бошлашга оид режа бўйича келишиб олганини ҳам маълум қилди.

- Кўзланаётган мақсад, президент Карзайнинг келаси уч йилда Афғонистон вилоятларининг ярмида, беш йил ичида эса бутун Афғонистон бўйлаб маҳаллий хавфсизлик кучлари масъулиятни ўз зиммасига олишига оид ниятларига мувофиқ, 2010 йилнинг охири, 2011 йилнинг бошидан баъзи вилоятларда масъулиятни маҳаллий кучларга топшира бошлашдан иборатдир, деди Британия Ташқи ишлар вазири.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг режаларини бир кунлик анжуманда иштирок этган 70 давлат ва халқаро ташклотларнинг вакиллари қўллаб-қувватлади.

Улар шунингдек, Карзайнинг коррупцияга қарши кураш режаларини ҳам ёқлаб, жорий йилда Кобулда ўтказиладиган саммитда бунга оид батафсил режалар ишлаб чиқилишини ваъда қилдилар.

Карзай жорий йилда Лоя жирға, яъни оқсоқоллар кенгашини ўтказиб, унга Толибон вакилларини ҳам таклиф қилишни ваъда қилди.

Айни пайтда, Афғонистондаги Толибон ҳаракати Лондон конференциясини пропаганда, дея атаб, ҳаракатнинг мўътадил вакилларини пул билан ўз томонига оғдириш уринишлари “беҳуда” эканини баён қилди.
XS
SM
MD
LG