Линклар

logo-print

Каримов бюрократлар сонини қисқартирмоқчи


Президент Каримов камроқ сонли маъмурлар билан самаралироқ ҳукумат қилмоқчи.

Президент Каримов камроқ сонли маъмурлар билан самаралироқ ҳукумат қилмоқчи.

Ўзбекистонда 1 мартгача давлат ва хўжалик бошқарув тизимида ишловчилар сони 9 224 тага қисқаради. Бу ҳақда президент Каримов имзолаган махсус қарорда айтилишича¸ жараëндан мақсад бошқарув тизими фаолияти самарадорлигини ошириш ва мукаммалаштиришдир.

Сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов фикрича, мазкур қисқартиришни жаҳон иқтисодий бўҳронининг Ўзбекистонга таъсири сифатида баҳолаш мумкин.

- Ўйлайманки¸ Ўзбекистондаги бюрократияни қисқартириш бу жуда катта қисқартириш¸ жуда ҳам жиддий қисқартириш. Бу Ўзбекистондаги молиявий¸ ижтимоий-иқтисодий вазият билан чамбарчас боғлиқ. Мендаги маълумотлар бўйича¸ ҳозир бюджетда пул етишмаяпти. Ҳаттоки Тошкентда ҳам¸ вилоятлардаку аллақачон¸ уч-тўрт ойлаб пенсияларни бера олмаяпти. Пенсияларни¸ бошқа тўловларни бераяпти¸ лекин катта кечикиш билан. Шу сабабли ҳукумат қўшимча пул излаяпти. Мана шу қисқартириш муаммони ҳал қилиш ҳаракатларидан биттаси¸ дейди Камоллидин Раббимов.

Президент Каримов ўтган йилги нутқларидан бирида иқтисодий таназзул Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди:

“Глобал молиявий инқирозда биринчи навбатда унинг оқибатлари¸ иқтисодиëтнинг ривожланиши ва самарадорлик ҳолатларига таъсир этаëтганидан кўз юмиб бўлмайди”.

Аммо президент Каримов 2009 йилнинг 27 декабр куни сўзлаган нутқида жаҳон иқтисодий бўҳрони Ўзбекистонга таъсир қилмагани ва бунга расмий Тошкент ишлаб чиққан чора-тадбирлар сабаб бўлганини айтган. Президент Каримовнинг айтишича, дунёнинг бошқа мамлакатларида иқтисодий таназзул ҳукм сураётган бир пайтда¸ Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кузатилган.

Президентнинг қисқартириш тўғрисидаги қарорида ҳам мана шундай руҳ устун туради ва расмий изоҳга кўра¸қисқартириш давлат бошқарувини мукаммаллаштириш ҳамда тизим фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.

Президент имзолаган қарор иловасида қайси тузилмадан қанча ишчи ўрни қисқариши кераклиги аниқ рақамларда кўрсатиб ўтилган. Қарорга биноан Ўзбекистондаги 18 вазирликда ишлайдиган 53 нафар вазир ўринбосаридан 22 нафари лавозимидан ажралади.

Қисқартиришдан тўртта ташкилот энг кўп ишчи ўрни йўқотади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 1517, Ўзбекнефтегаз ширкатида 700, Ўзагромашсервисда 520, Ўзпахтасаноат ширкатида 403 одам ишсиз қолади.

Ўзбекистон бошқарув тизимида жами 9224 иш ўрни қисқаради.

Бироқ қарор иловасида Ўзбекистондаги куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган тузилмаларда қисқартириш ўтказилиши назарда тутилмаган.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Абдусалом Эргашев бунинг сабабини мана бундай тушунади.

- Бунинг сабабларидан биттаси шуки¸ Ўзбекистонда мана шундай муҳит мустақилликнинг дастлабки йилларидан бери мавжуд. Энди бу нақадар бор гап ëки тагида асос йўқми бу бошқа суҳбатнинг мавзуи. Иккинчи томондан Афғонистондан гўëки кириб келиши мумкин бўлган террорист кучларнинг таҳликаси¸ бундан ташқари қўшнилар билан унчалик яхши бўлмаган қўшничилик муносабатлари. Нимагадир мана шу таҳликалар бўрттириб кўрсатилади. Шунинг учун қисқартиршнинг кучишлатар тизимларни айланиб ўтаëтганининг сабаби шу бўлса керак деб ўйлайман¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Мустақил кузатувчи фикрича, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг кучайтирилиши мамлакатда жиноятчилик вазиятини юмшатишга хизмат қила олмаётир.

- Яқинда Фарғона шаҳри бўйича ҳокимиятда йиғилиш бўлиб ўтган эди. Жиноятчилик динамикаси кейинги йилларда ўсишга қараб бораяпти деб нима қилган эди. Жиноятни камайтиришга ҳуқуқ-тартибот орган ходимларини кўпайтириш ҳисобига эмас¸ жамоатчиликка таяниш аҳамият касб этган бўлар эди. Чунки бошқа мамлакатларда ҳам асосан тинчлик¸ осойишталикни сақлашда кучишлатар тизимларнинг жамоатчилик билан ҳамкорлиги катта самара беради¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Айни пайтда сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов президент фармони билан ўтказиладиган қисқартириш мамлакат вилоятларида мавжуд муаммоларнинг яна узоқ йилларга ҳал қилинмай қолишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

- Масалан¸ олайлик бирор бир вилоятнинг таркибидаги туманнинг бюрократияси¸ уб ердаги ишчи-ходимларнинг сони иттифоқ даврида 1500 нафар атрофида бўлган. Лекин ҳозирги пайтда у ердаги штатларнинг сони аксарият ҳоларда 50 тага етмайди. Ривожланган Ғарб давлатларида ҳам бюрократиянинг маълум бир миқдори борки¸ ўша ердаги муаммоларни ечишда кадрлар катта дефицит бўлмаслиги керак. Лекин Ўзбекистонда иқтисодий инқироз натижасида бир томондан бюрократия минтақаларда қисқараяпти¸ иккинчи томондан ўзини ўзи бошқариш институтлари давлат аралашуви натижасида муаммоларни ҳал қилмаяпти. Уларни чуқурлаштираяпти дейишимиз мумкин¸ деди Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG