Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:27

Ҳакамлар мустақил газеталарни судга берди


Мустақил журналистлар Олий суд ҳакамларини махсус буюртма асосида ҳукм чиқарганликда айбламоқда.
Мустақил журналистлар Олий суд ҳакамларини махсус буюртма асосида ҳукм чиқарганликда айбламоқда.

Тожикистондаги уч судя “Фараж”, Озодагон”, “Азия плюс” мустақил рўзномалари ҳамда бир адвокатни судга бериб, улардан 5,5 миллион сомоний, тахминан 1 миллион 240 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини талаб қилмоқда.

Тожикистондаги учта мустақил рўзнома ва адвокат Солижон Жўраевни судга берганлар мамлaкат Олий суди ҳакамлари Нур Нуров, Улуғбек Маҳмадшоев ва Душанбе шаҳар суди ҳаками Фахриддин Додометовлардир.

Уларнинг ҳар бири Душанбе шаҳар Сино туман судига алоҳида ариза билан мурожаат қилган.

Судялар даъвосига кўра, бу учала мустақил рўзнома адвокат Солижон Жўраевнинг Хўжанд шаҳрида судланган 31 нафар исфаралик устидан суд ҳукми адолатсиз бўлганига оид баёнотида айтилган далилларни текширмай, судялар маслаҳатисиз бир томонлама нашр қилишган.

Ҳакамлар ўз аризасида газеталардаги чиқишларнинг туҳмат ва таҳқир экани, бу эса¸ўз навбатида уларга маънавий зиён етказгани, шу сабабли газеталар ва адвокатдан тахминан 1 миллион 240 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини сўраганлар.

2009 йилнинг 9 июнида Хўжанд шаҳрида ўтказилган суд жараёни ниҳоясида 31 нафар исфаралик 11 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилган эди. Мазкур иш юзасидан ўтказилган маҳкама жараëнига Олий суд ҳакамии Нур Нуров раислик қилганди.

Исфараликлар босқинчилик, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, пул ювиш ва қотиллик каби қатор оғир жиноятларда айбланган эди. Аммо судланганларнинг яқинлари ва адвокатлари суднинг адолатсиз ҳукм чиқарганидан шикоят қилишган эди.

Ушбу шикоятларга муносабат билдирган Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов “Агар суд ҳукми ўзгартирилмаса, судя Нуров жиноий жавобгарликка тортилиши зарур” деб фикр билдирган эди.

Ўз навбатида судланганлар адвокатлари Тожикистон Олий суди ҳаками чиқарган ҳукм устидан шикоят аризаси тайёрлашди. Шундан сўнг мазкур ариза юзасидан Хўжанд шаҳридаги вақтинчалик сақлаш изоляторида Тожикистон Олий суди коллегияси иш бошлади.

Уч кун давомида ёпиқ эшиклар ортида давом этган суд қароридан кўнгли тўлмаган адвокат Солижон Жўраев 14 январ куни Тожикистон президенти, парламенти, Бош прокурор, Омбудсмен ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига баёнот билан чиқди.

Адвокат баёнотида айтилишича, “Тожикистон Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги собиқ директори Шерхон Салимзода 31 нафар исфараликка нисбатан асосланмаган жиноий иш қўзғаган ва мамлакат Олий судига уларга нисбатан оғир ҳукм чиқариш борасида “буйруқ” берган”.

Шунингдек авдокат Жўраев Хўжандда чиқарилган ҳукмнинг адолатсиз бўлгани атрофида судя Нуров билан ўзаро суҳбати ёзилган СД дискни журналистларга тақдим қилган.

СД дискда ёзилган суҳбат чоғида Нур Нуров “ҳақиқатан адолатсиз ҳукум чиқарганини тан олган ва 31 исфаралик фақат “юқори”нинг буйруғи билан қамалганини маълум қилган.

Айни пайтда Солижон Жўраев баёноти ва сўнгра мустақил рўзномаларда чоп қилинган мақолаларда номи тилга олинган Тожикистон Олий суди ҳаками Улуғбек Маҳмадшоев мақолалар матбуот қонунларига хилоф ёзилганини даъво қилади.

- Бу рўзномаларда чоп қилинган мақолаларда биз ва Олий суд раиси номига ҳар хил бўлмағур туҳматлар ёзилган. Шу мақолани чоп қилишдан олдин келиб биз билан маслаҳат қилишганида¸ иш бу даражагача бормасди. Бу рўзномалар шахсан менга маънавий зарар етказгани учун ҳам уларни судга бердим, дейди Тожикистон Олий суди ҳаками Улуғбек Маҳмадшоев.

Худди шундай¸ “Озодагон” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Зафари Суфи ўзларига қўйилаётган айбларнинг асоссизлигини билдирди.

- Биз улар ҳақида қандай туҳмат қилибмиз? Аксинча¸ биз баёнотда айтилганларнинг ҳаммасини журналистика ахлоқига риоя қилган ҳолда тўлиқ бермадик. Жўраев баёнотида ҳукуматнинг юқори лавозимидаги шахсларнинг ҳам исфараликлар ишида улуши борлиги айтилган. Аммо биз уларнинг номини ҳам ошкор қилмадик. Менимча, бизга қўйилаётган айбларда сиёсий ғараз бор, дейди Зафари Суфи.

Кузатувчиларга кўра, феврал сўнгида Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловлари арафасида ҳукумат турли ричагларни ишга солиб бўлса ҳам мустақил рўзномалар “овозини ўчириш”га уринмоқда.

- Давлат мулозимлари ўзлари талаб қилаётган жарима пулини бу рўзномалар бера олмасликларини ва бу ўз навбатида шу мустақил рўзномаларнинг хонавайрон бўлишига туртки бўлишини яхши англашади. Бу эса ҳукумат расмийларининг сиёсий тадбирлар арафасида дадилроқ рўзномаларни матбуот майдонидан қувишдан манфаатдор экани исботидир, дейди мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо.
XS
SM
MD
LG