Линклар

Қирғиз журналисти қотилни билишини айтмоқда

  • Шерзод

Журналист Сирғак Абдилдаев ўзига нисбатан уюштирилган қотилликдан сўнг Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган..

Журналист Сирғак Абдилдаев ўзига нисбатан уюштирилган қотилликдан сўнг Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган..

Швециядан бошпана сўраган қирғизистонлик журналист Сирғак Абдилдаев Бишкекда ўлдирилган қирғизистонлик бир қатор депутат ва журналистларни ким ўлдирганини билиши ва уларнинг ўлими сиёсий буюртма бўлгани ҳақида жамоатчиликка очиқ хат йўллади.

Журналист Сирғак Абдилдаев ўз мурожатида икки йилдан буён ошкор қилмасликка мажбур бўлиб келаётган маълумотларининг бир қисмини ошкор қилишини билдирган.

Очиқ хат ёзишига ҳамкасби Генадий Павлюкнинг ўлими сабаб бўлганини айтган журналист Сирғақ Абдилдаев, ўзининг пичоқланиши, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқуловнинг, таҳлилчи Сергей Слепченко ва журналист Генадий Павлюкнинг ўлими бир бирига боғлиқ эканини айтади.

Сирғак Абдилдаевнинг ёзишича, мазкур қотиллик ижрочилари Қозоғистондаги жиноий гуруҳлар вакилларидир. Буюртма эса Бишкекдан олинган. Бироқ журналист ўз очиқ хатида буюртмачилар исмларини келтирмайди.

Шунингдек, у Социал-демократлар партиясидан парламент депутатлигига сайланган депутат Руслан Шабатоевнинг ўлими сиёсий бюртма эканини ва ўз изланишлари натижасида уни ўлдиришга ким бюртма берганини тушунганини маълум қилади.

Эслатиб ўтсак, ўтган йилнинг 13-мартига ўтар кечаси Бишкек шаҳри чеккасида ёқиб юборилган “Lexus LX 570” маркасидаги автомашина ичидан уч одамнинг жасади топилган.

Кейинчалик жасадлар президент маъмурияти собиқ раҳбари Медет Садирқулов, халқаро стратегик институти собиқ директори Сергей Слепченко ва ҳайдовчи Кубат Сулаймановга тегишли экани аниқланган.

Расмий версия бўйича бу уч одамнинг ўлимига автоҳалокат сабаб бўлган. Автоҳалокат сабабчиси деб топилган “Audi 100” автомашинасининг ҳайдовчиси Ўмурбек Ўсмўнов исмли шахс 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мухолифат вакиллари эса бу одамларнинг ўлимида ҳукуматни айблаб келишмоқда. Бунга Медет Садирқулов лавозимидан кетганидан сўнг мухолифат билан муносабатларини яхшилагани сабаб бўлгани айтилади.

Сирғак Абдилдаевнинг ёзишича, Медет Садирқулов мухолифатнинг “21 аср” интернет лойиҳасини молиялаштирмоқчи бўлган. Сирғак Абдилдаев, шунингдек, марҳум журналист Генадий Павлюк ҳам Медет Садирқулов ўлимини ўрганганини, буни у Павлюкнинг ўзидан эшитганини айтади.

Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев, 2005 йилдан буён журналистларга уюштирилган ҳужумлар оддий безорилик бўлганини, шунинг учун ҳам уларни сиёсийлаштирмаслик кераклигини айтади.

- Ҳозирда 26 жиноят ишидан 9таси судга топширилди. Бироқ суд хулосаларининг барчасида, ушбу жиноятлар журналистларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ экани кўрсатилган эмас.

Мен ҳам буларнинг барчаси журналистларнинг касбий фаолиятига боғлиқ, деб айта олмайман. Негаки, барча жиноятлар тунда, ишдан кейинги вақтда содир этилган. Ва уларнинг кўпи уяли телефон ва бошқа насаларни ўғирлаш каби характерга эга, - деди Мўлдўмуса Қўнғантиев.

Сирғак Абдилдаев эса Ички ишлар вазири баёнотини рад этган ҳолда, ўз очиқ хатида "Павлюкнинг ўлими сўнггиси эмас. Қотилликларнинг биринчи босқичи якунланди, энди иккинчи босқичи бошланмоқда. Ҳокимият учун кураш одамларни жисмонан йўқ қилишгача етиб бормоқда ва бугун ҳокимият тепасидаги оила (Қирғизистон президенти оиласи назарда тутилмоқда-таҳририят) инсон умрини ёлланма қотил оладиган хизмат ҳақи асосида белгиламоқда", деб ёзади.

Мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати сиёсий кенгаши аъзоси Эмил Қаптағаевнинг фикрича, Сирғак Абдилдаевнинг ўзи ҳозирда чет давлатда юрган бўлса-да, унинг умрига хавф мавжуд. Шу сабабли у билган нарсаларнинг барчасини тўла айта олмаяпти.

- Ўзи журналист сифатида аниқлаган маълумотларининг кўпини ошкор қила олмади. Хозир ҳам ўз хаётидан хавфсирамоқда. Менимча, Сирғак айтганидек, бу ўлимларнинг бир бирига боғлиқлиги бор. Бу алоқаларнинг барчаси бугунги ҳукумат тизимига тақалади. Медет Садирқулов бўладими, Павлюкми ёки Сирғакми, буларнинг барчасининг журналист ёки сиёсатчи сифатидаги фаолияти амалдаги ҳукуматга қарши бўляпти. Сирғак айтаётган алоқа ўша, - деди Эмил Қаптағаев.

Эслатиб ўтсак, ўтган йилнинг 3 март куни “Репортер-Бишкек” газетасида ишлаган журналист Сирғак Абдилдаев газета таҳририяти биноси олдида кечки соат еттиларда номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилган. 21 марта пичоқ еганига қарамай у тирик қолади. Касалхонадан чиққандан кейин ҳам унга нисбатан таъқиблар тўхтамагач, чет давлатлардан бошпана сўраб Қирғизистоннин тарк этган.
XS
SM
MD
LG