Линклар

logo-print

Президент Каримов 72 ёшни қаршилади

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон шаҳарларида президент Каримов суратларини ва унинг нутқларидан олинган шиорларни кўплаб учратиш мумкин.

Ўзбекистон шаҳарларида президент Каримов суратларини ва унинг нутқларидан олинган шиорларни кўплаб учратиш мумкин.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 72 га кирди. Юбилярнинг ҳокимият тепасига келганига бу йил 21 йил тўлади. Ислом Каримов ЎзКомпартия биринчи котиблигига сайланган йили туғилганлар агар эртароқ турмуш қурган бўлса, фарзанд кўрди.

Ислом Каримов бундан 21 йил олдин ҳокимият тепасига келганида 51 ёшида эди.

Давлат раҳбари учун 51 ёш йигитнинг ёши.

72 ёш эса, давлат раҳбари учун ҳам кексалик ёшидир.

Ҳеч йўқ Леонид Брежневни эсланг: 72 сида гапини эвлолмай, калдираб қолган эди.

Лекин Ислом Каримов ҳали дадил, овозида ҳануз металл жаранги мавжуд.

21 йил – катта муддат.

Эслаганимиз Брежнев бошқарган катта давлат атиги 3-4 йилнинг ичида йўқ бўлиб кетганини эсланг.

21 йил – катта муддат.

Бу вақт ичида одам ҳам, жамият ҳам ўзгаради. Сиёсатчи ҳам, албатта, ўзгаради.

Сиёсатчи Каримов 21 йил ичида қай томонга ўзгарди?

Бу саволни президентнинг икки тенгдошига бердик.

Уларнинг бири мамлакат ичида, иккинчиси ташқарида.

Бири на мухолифатдаги партияларга аъзо, на инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси – у - Расул ака Абдумажидов, иқтисодиёт фанлари номзоди. Расул ака бу йил 70га кирди.

Иккинчиси инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, шу кунда сиёсий муҳожиратда яшаётган Толиб ака Ёқубов. Толиб ака ҳам бу йил 70 га кирди.

Расул ака Абдумажидов билан суҳбатимизни тингланг.

Озодлик: Расул ака¸ Ислом Каримов билан иш юзасидан¸ бошқа масалада ҳеч йўлингиз кесишганми?

Расул Абдумажидов: Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш институтида 1980 йилда бир марта кўришганмиз холос.

Озодлик: Ўшанда у сизда қанақа таассурот қолдирган?

Расул Абдумажидов: Иш тутуми¸ бошқа томондан у жуда энергичний одам бўлган. Ҳам истеъдодли¸ бунинг устига рус тилини жуда яхши билган, биринчидан. Эпчил¸ ишчанлиги юқори бўлганлиги учун уни Госпланга ишга олишган. У одам 51 ëшида властга келгунгача¸ Госплан ва бошқа жойларда жуда катта нима билан ишлаган. 20 йил Госпланда ишлашнинг ўзи бўлмайди.

Озодлик: Ўша пайтдаги Каримовнинг нимаси сизнинг кўнглингизга ëқарди?

Расул Абдумажидов: Ўша пайтларда Каримов менга жуда ëққан. Сабаби мени Марказий комитетга¸ ўша ерда Қурбонов деган бўлим бошлиғи бўларди¸ кейин нашриëтлар бўйича бошлиқ бўлди¸ ўшанга замликка чақиртирган. Социология деган нарсани ҳали Ўзбекистон билмасди. Янги фан эди бу. Болшевиклар буларни йўқ қилиб юборганда. Мен бир неча социологик тадқиқотлар ўтказганман. Ўткир Ҳошимов китобларида ҳам менинг социологик тадқиқотларимни Абдумажидов тадқиқотларига қараганда деб ëзган. У Марказий комитетга демократия шамоллари келиб¸ СССР тарқаш арафасида келди. Шунинг учун бунга жуда катта нагрузка тушиб қолдики¸ бир партияликдан кўппартияликлар вужудга келиши¸ Бирлик¸ Эрк партиялари вужудга келиб¸ матбуотда¸ бошқада ўзига хос демократик шабада вужудга келган эди. Ўзбекистон ўша пайтда ëш демократик давлат бўлган. Шу билан бу нималарни тез нима қилиши¸ ориентация олиши¸ Каримовда юқори даражада интеллектуалност бўлган.

Озодлик: Демак¸ 21 йил аввалги Каримовни сиз ҳар томонлама юқори баҳолайсиз-а?

- Албатта. Ўша пайтда шунинг даражасидаги кучли давлат арбоби Ўзбекистонда йўқ эди. Каримов Госпланда ишлаганлиги учун бутун Ўзбекистоннинг сир-асрорини яхши билган. Ўзбекистоннинг қандай иқтисодий томонлари бор¸ табиий ресурслар қандай таъсир қилади – буларни у одам жуда ҳам яхши билган¸ - дейди Расул Абдумажидов.

21 йил аввалги Ислом Каримов тўғрисидаги фикрлари билан Расул ака Абдумажидов ўртоқлашди.

Энди Толиб ака Ёқубов билан суҳбатимизни тингланг.

Озодлик: Каримов билан йўлларингиз кесишганми? Учрашганмисиз у билан?

Толиб Ëқубов: 1989 йилда Бирлик халқ ҳаракати ҳаракат қилаëтган пайтда¸ ўша пайтда бу ташкилотнинг обрўйи анча баланд эди¸ ҳатто давлат идораларининг олдида ҳам обрўйи яхши эди¸ ўша пайтда бир неча марта Каримов идорасининг олдига борганмиз. Пикетлар қилганмиз. Ўшанда бизнинг олдимизга чиққан пайтлари бўлган. Шунда мен кўрганман. Лекин шахсан мен билан гаплашгани йўқ. Бирликнинг раҳбарлари билан гаплашган. Уларнинг баъзиларини ичкарига олиб кириб кетиб¸ музокара қилган.

Озодлик: Каримов 1989 йилнинг ëзида Нишоновдан кейин биринчи секретар бўлди. Ўшандаги умидлар¸ у кишининг дастлабки қадамларидан пайдо бўлган таассурот¸ пайдо бўлган ишончлар ëки ҳафсалани пир қилган томонлари, 21 йил аввалги ëш лидер Каримов ҳақида гапирсангиз.

Толиб Ëқубов: Ўша пайтда давлат раҳбари бўлиб сайланганда ўзбек тилини яхши билмас эди¸ лекин жуда ишонарли қилиб гапирар эди. Масалан¸ шахсан мен ўзим у одамнинг кўп гапларига ишонганман. Ичимдан суюнган пайтларим ҳам бўлган. Ўзбекистонга яхши давлат раҳбари келди деган ўйларга ҳам борганман. 1990 йили мен Шукрулло Мирсаидов ҳақида “Кичкина Сталин” деган мақола ëзган эдим. Ўша мақоламда мен Каримовни мақтаган эдим. Эсимда бор¸ ўша пайтларда Шукрулло Мирсаидов билан шахсан мен икки марта ўтириб суҳбатлашганман. У оғзидан сўкишлар чиқиб, ўзини одамларга нисбатан жуда қўпол тутган эди. Мен ҳайрон қолганман. Давлат¸ ҳукумат бошлиғи шу даражада қўпол бўладиган бўлса¸ Ўзбекистонда аҳвол яхши бўлмаса керак, деган ўйга бориб¸ “Кичкина Сталин” деган мақола ëзганман. Ўшанда мен Каримовни мақтаганман. Кейинчалик Каримов ҳақида ўйлаган позитив фикрларим тамоман йўқ бўлди. Бу ўзининг асл моҳияти бўйича Шукрулло Мирсаидовдан ҳам...

Озодлик: Унга ўтамиз. Каримовда юз берган ўзгаришга ўтамиз. Ўша пайтда Каримовни Мирсаидовга солиштириб мақтаган экансиз. Ўша мақтовингизнинг асосларини айтиб беринг. Сал кенгайтириб аргументланг.

- Биринчидан¸ Каримов ўша пайтда жуда ваъдаларни кўп берар эди ва ўшаларни асослашга ҳаракат қилар эди. Масалан, мен ўшанга ишонганман. Ҳақиқатан шунақа бўлади деб ишонганман. Ваъдаларини ҳам яхши ифода қилар эди. Бундан ташқари ундаги энергия одамни ўзига жалб қилар эди. Русчасига айтганда энергичний одам эди. Баъзи давлат раҳбарлари оғзидан гап тушган¸ бўш одамлардай кўринади. Лекин бу одам унақа эмас эди. Ўша пайтда унинг “Мен олдиларингда тиз чўкиб айтаман”, деганга ўхшаган популистик гапларни кўп гапирарди. Ўша пайтда баъзиларга ëққан. Балки менга ҳам ëққан бўлса керак. Балки шу йўллар билан менга ўхшаганларнинг эътиқодини шакллантирган бўлиши мумкин¸ - дейди Толиб Ëқубов.

21 йил аввалги Ислом Каримов тўғрисидаги фикрлари билан Толиб ака Ёқубов ўртоқлашди.

Демак, 21 йил муқаддам ҳокимиятга келганида нисбатан ёш ва серғайрат бўлган Ислом Каримов ўзбек жамиятининг барча қатламларида умид ва ишонч уйғотган, дейиш мумкин.

Орадан йиллар ўта бошлади. Ўткинчи йиллар бирлашиб, мана бугун 21га қараб кетаяпти, президентнинг ўзи 72га кирди.

Хўш, нима ўзгарди?

Расул ака Абдумажидов билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Расул ака¸ мана орадан йиллар ўтди. 20 йил давомида Каримовнинг бошқарув усулида нималар ўзгарди?

Расул Абдумажидов: 20 йил эмас¸ ҳокимиятга келганидан олти йил ўтибоқ бутунлай бошқачароқ тузум ҳосил қилишга интилиш бўлди. Биринчидан¸ бошқаришга яккахонлик¸ иккинчидан иқтисодий компромис йўқолди¸ яна иқтисодий масалалар¸ бошқалар. Каримовнинг атрофига асосан шоирлар¸ артистлар¸ бошқа нималар вужудга келди.

Бунинг устига иккита нимани бажаришга тўғри келди, унга. Яъни ҳам Вазирлар Маҳкамасини бошқарди¸ ҳам президентлик қилди. Ҳам давлат¸ ҳам ҳукумат бўлди.

Ҳозир бизнинг одамларимиз давлат нима¸ ҳукумат нима, фарқига бормайди. Иккови битта. Шунинг учун шу нарса вужудга келтирилди. Давлат сиëсати билан ҳукумат сиëсати орасидаги фарқлар йўқолиб кетди. Биттага айланди. Мана бу авторитар ҳукмронликни таъминлади.

Авторитардан кейин албатта диктатура вужудга келади. Чунки икки-уч йилдан кейин авторитар раҳбарликдан воз кечилиши керак. Доим олиб кетиб бўлмайди бунақада. Албатта иқтисодий кризисга олиб бориб қўяди. Кейин жуда кўп шиорбозлик бўлиб кетди. Менинг назаримда¸ шиорларнинг¸ чақириқларнинг кўпайиши албатта турғунлик даврига олиб кириб қўяди ëки дўзахга олиб бориб қўяди. Лекин Ислом Абдуғаниевич анча чарчаган ҳозир.

Озодлик: Чарчаганлиги нималарда кўринади?

Расул Абдумажидов: Ҳозирги мулкий бошқаришда¸ банк тизимлари¸ солиқ тизими¸ Ўзбекистон аграр республика бўлишига қарамай қишлоқ хўжалигининг унчалик даражада ривожланмаëтганлиги¸ кўпроқ статистикалар ëлғонга ўтиб кетиб, нимага айланиб қолганлигидан биламан. Биров сизни алдаса¸ бирпасдан кейин сизни алдаганини тушуниб қоласиз. Тўғрими? Лекин у тушунмаяпти-да. Шундай қабул қилишга ўтиб қолди. Реализмдан четлашилди, демоқчиман.

Озодлик: Каримов реализмдан четладими?

- Реал ҳаëтдан анчагина четлаб қолди. Менинг назаримда¸ ҳозир мамлакат ичи хаосдай бўлиб қолди. Буни ўзи ҳам билиб турибди. 1988 йилда Ўзбекистоннинг теновой экономикаси 19 фоиз эди. Ҳозир 68 фоизга чиқди¸ - дейди Расул Абдумажидов.

Расул ака Абдумажидов 72 ёшини нишонлаётган президент Каримовнинг бошқарув услубида юз берган ўзгаришлар тўғрисида гапирди.

Худди шу мавзуда энди Толиб ака Ёқубов билан суҳбатлашмиз.

Озодлик: Мана орадан йиллар ўтди. Нима ўзгарди? Бугунги Каримовнинг бундан 20 йил олдинги Каримовдан нима фарқлари бор?

- Битта асосий фарқи сақланиб қолди. Фарқи эмас¸ мен нотўғри гапирдим¸ битта асосий хислати сақланиб қолди. У ҳам бўлса ëлғон гапириш.

Каримов 20 йилдан бери Ўзбекистонда тинимсиз¸ мен шу сўзнинг тагига чизган ҳолда таъкидлаяпман¸ тинимсиз ëлғон гапириб келаяпти. Мен бу ҳақда жуда кўп мақолаларимда ëзганман. У ўзининг сиëсатини катта ëлғон устига қурди ва афсуски бошида бизлар ҳам ишонганмиз. Кейинчалик биз бу ишончни йиғиштириб олдик. Лекин халқнинг асосий қисми шунга ҳалигача ишониб келаяпти.

Бу давлат сиëсатида жуда қизиқ нарса. Мана, кўпчилик Америка президентларидан бирининг “Кичкина ëлғонга халқни узоқ вақт ишонтириб келиш мумкин. Катта ëлғонга халқни қисқа муддат ишонтириб юриш мумкин. Лекин катта ëлғонга доимо халқни ишонтириб бўлмайди” деган гапи бор. Мана шу ҳаëтий ҳақиқатни Каримов ҳозир инкор қилди¸ рад қилди. Халқни катта ëлғонга узоқ вақт ишонтириш мумкин экан. Мана шу нуқтаи-назардан у ҳеч қанақа ўзгаргани йўқ¸ - дейди Толиб Ëқубов.

Толиб ака Ёқубов 72 ёшини нишонлаётган президент Каримовнинг бошқарув услубида юз берган ўзгаришлар тўғрисида гапирди.

Биз иккала суҳбатдошимизга фурсатдан фойдаланиб президентни табриклаб олишлари мумкинлигини айтдик.

Толиб ака Ёқубов табриклагиси келмади.

Озодлик: Табриклаш ниятингиз бўлса¸ марҳамат.

- Энди мен бу саволингизга жуда қийналсам керак¸ - деди Толиб Ëқубов.

Расул ака Абдумажидов табриклади.

- Табриклашим керак¸ чунки биз ҳарқалай илмий соҳада яқин одаммиз. Чунки у ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш саноати бўйича илмий ишлар қилган. Диссертация ëқлаган. Мен қишлоқ хўжалиги бўйича. Албатта мен ундан олдин ëқлаганман. Шунинг учун у одам мени яхши билади.

Москвада Ўзбекистоннинг охирги савдо ваколатхонасининг бошлиғи бўлдим. У тасдиқламаса мен қаердан бораман у ерларга. Биз яқин суҳбатдош бўлмасак ҳам мен унга куч-қувват тилайман. Биринчидан, табриклайман 72 ëши билан. Узоқ умр кўрсин¸ - дейди Расул ака Абдумажидов.

72 ёшини қаршилаган Ўзбекистон президенти тўғрисида у кишининг икки тенгдоши билан суҳбатлашдик.

Бир пайтлар Ислом ака Каримов халқ вакиллари олдида қилган чиқишларидан бирида чиройли қаришни, тенгдошлари билан чойхонада ўтирволиб кўк чойни ўгириб ичиб ўтиришни ҳавас қилишини айтган эди.

Ўша ҳавасларига етсин, дедик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG