Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:23

Ўтмишдан эртаклар


Шуҳрат Бобожон
Шуҳрат Бобожон

“Нега баҳодирлар фақат ўтмишда бўлади?” деб савол беради Муҳаммад Солиҳнинг шеърий қаҳрамонлари. Дарвоқе, нега? Қани Дукчи эшон ва Номоз ботир, қани Алпомишу қани Жалоллар?

Қўрқмас ботир суврати

1988 йилда Германиянинг Reclam нашриëти “Яримта нўхат” (Der halbe kicherling) деган китоб нашр қиладиган бўлди.

Ўзбек эртакларининг немисча таржимаси эди бу.

“Шу китобга расм чизиб бермайсанми?” деди таржимон dr Jakob Taube.

“Нима чизай” десам, “хоҳлаган нарсангни”, деди.

Эртаклар девга қарши курашаëтган ботирлар ҳақида эди.

Атрофга қарасам, ботирдан дарак ҳам йўқ.

Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги 20 шоир “Ўзбек халқига тазйиқ қилма” деб Кремл сиëсатига қарши чиқибди.

Ўша 20 шоирдан бириси Матназар акадан эшитдим бу гапни.

Ана ботирлигу мана ботирлик, дедим.

Дев суратини ўзбек халқини қул қилиб турган Кремлга ўхшатиб чиздим.

Бир чопонлик киши унга қараб, қилич ўқталиб турар эди.

Шубҳасиз, бу Муҳаммад Солиҳ образи эди.

ВААП деган идора чопарлари суратларни Германияга етказишди.

Бир оз ўтиб Германиядан телефон қилган нашриëт ходими Кремлни девга ўхшатганимни жасорат, деб атади.


Санъатга сўнгсўз

1989 йил июл ойида эндигина Ўзкомпартия котиби бўлган Каримов Хоразмга келди.

Қаëрда ëтиб қолишини менга портрет буюртма қилган милиционер амаки айтиб берди.

Бу пайтга келиб менинг рассомлик устахонам вилоятдаги норасмий сиëсатчиларнинг штабига айланган эди.

- Пикет қиламиз, деди устахона тўрида китоб варақлаëтган Сафар Бекжон.

Умримда илк бора эшитдим пикет сўзини.

27 июл куни эрта саҳарда Каримов қўнган Оближроқўм боғи олдида йиғилиб турдик.

Айтилган 40 кишидан тўрт киши келган эдик, холос - мен Шуҳрат Бобожон (журналист ва рассом, ҳозир Прагада – таҳр.)¸ Соли Қодиров (ҳайкалтарош ва санъат арбоби, ҳозир Урганчда), Абдурашид Зоҳидов (дин олими ва таржимон, ҳозир Тошкентда), Сафар Бекжон (халқаро ëзувчилар парламенти аъзоси, ҳозир Швейцарияда).

Талабнома ëзилган плакат Сафар Бекжонни қўлида эди. Бир вақт ижроқўм боғига элтувчи узум ишкомлари қоплаган йўлдан машиналар карвони жадал чиқиб кела бошлади. Сафар Бекжон тезлик билан плакатни ëйди.

Машиналар карвони зув этиб ëнимиздан ўтиб кетди.

Аммо қора рангли Газ-31 машинаси биздан сал нарида тўхтади.

Ичидан бир одам тушиб, лапанглаб биз тарафга қараб кела бошлади.

У қўлидаги чўп билан тишини кавлар¸ эгнида қора камзул¸ бўйинбоғсиз эди.

Юзлари чўтир қирғизбашара кишини биз шофер бўлса керак, бизни ҳайдашга келяпти, деб ўйладик.

У киши олдимизга келиб плакатни ҳижжалаб ўқиди.

“Ўзкомпартия котиби Каримов биз билан учрашсин” деган ëзув бор эди плакатда.

- Мен Ислом Каримовман, мана учрашдим¸ нима гапларингиз бор, деди қирғизбашара амаки.

Қисқа жимлик чўкди орага.

Соли Қодиров каттамиз эди. Абдурашиднинг ëши ҳаммамиздан кичик эди.
Каримов билан ким гаплашиши олдиндан келишилмаган эди

Мен гапира бошладим.

Бу менинг сиëсат йўлидаги сўзбошим эди.

Айни пайтда олтин ошиқ ўйнаб, кумуш қошиқ ушлаган рассомликнинг бахтли даврига сўнгсўз эди.

Мен: “Ўзбекистон эркин бўлсин¸ пахтадан олинган кунжара деҳқонга берилсин ва бизларга митинг қилишга изн беринг”, дедим.

- Бу талабларни албатта бажараман, халқимни тўқ ва эркин қиламан, агар бажармасам, ишдан кетаман, дер экан Каримов зарда билан ҳавони муштлади.

Эҳтиëт бўлинг - эшиклар ëпилади

Орадан 2 йил ўтди.

1991 йилнинг 19 августида Янаев бошчилигидаги гуруҳ Горбачевни ағдариб, демократик жараëнларни тўхтатмоқчи бўлди.

Баҳодир деган тадбиркор дўстим, Янгибой Явидов деган (ҳозир марҳум) жарроҳ ҳамроҳлигида ўша куниëқ поездга ўтириб, Тошкентга кетдик.

Деҳлидан келаëтган Каримов самолёт бортидан туриб, Янаев бошчилигидаги путч гуруҳини қутлади.

Бу қутлов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “Постда” деган газетасида босилиб чиқди.

Биз Чоржўйда тушиб, киоскадан бу газетадан мўл-кўл сотиб олдик.

23 август куни Тошкентдаги КИЦ биносида ЭРК партиясининг фавқулодда йиғини бўлди.

Менга ҳам сўз берилди.

Мен қўлимдаги газетани кўрсатиб¸ “Каримов путчни қўллади¸ ўзбек халқини қул қилинишини қўллади. У киши бундан икки йил бурун, “агар мен ўзбек халқини эркин қила олмасам, ишдан кетаман” деган эди. Кетсин ишдан”, дедим.

Залда ўтирган бухоролик делегатлар “Каримов кетсин” деб бақириб ер тепишди.

Мажлис тўғридан-тўғри Каримов кабинетига радиотрансляция қилинаëтганидан хабарсиз эдим.

Бир пайт партия раҳбарларидан бири Абдулҳай деган йигит келиб, “Цицеронликни сиз қилдингизу, аммо дашном бизга ëғилмоқда”, деб менга таъна қилди.

Мажлисдан чиқиб, кўчада мағрур кетарканман, орқамдан соядай эргашган нусхаларга парво ҳам қилмадим.

Енги калта оқ куйлак кийган қорни катта пакана тошкентлик ўзбек йигит ëнидаги иккита рус йигитни мен тарафга йўллади.

- Молодой человек, ваши документи, деди ўрис йигит.

Мен уларга парво қилмай бадар кетдим. Менга ëпишганларида эса итариб ташладим.

Ҳаводаги эркинлик руҳидан куч олаëтган эдим.

Пировардида улар мени кўтариб, Нива машинаси ичига тиқишди. Иккита рус барзанги мени авиакасса орқасидаги Ленин туман ИИБ биносига олиб борди.

Ўша куни суд қилиб, милиция ходимига бўйсунмаганликда айблаб, 50 сўм жаримага тортиб, кейин қўйиб юборишди мени.

Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинишига ҳали 7 кун бор эди.

Биз нафас олаëтган эркин ҳаво тобора сийраклашаëтган эди.

“Эҳтиëт бўлинг - эшиклар ëпилади” деган мақола ëздим ўша пайтдаги мустақил “Муносабат” газетасига.

Бу эшикларам шу гапга маҳтал тургандек дарров ëпилди-қолди.

Одамларга таъсир қилишнинг митинг, пикет каби сиëсий воситалари қатағон қилинди.

Телевизор ичида беш йил

АЛС ТВ ходимлари
“Мустақил телевидение очиш керак”, деди укам Қудрат.

У ванна ичида “Эврика” деб бақирган Архимедга менгзади ўшанда.

1994 йилда Ўзбекистонниг олис бир бурчагида мустақил АЛС ТВни очдик. Беш йил ишладик. Беш йил ичида бир марта ëпилиб-очилдик¸ икки марта мелисалар билан судлашдик.

Жасоратнинг сўзбошиси

1999 йил парламент сайловлари арафасида бизни яна ëпишди. Ўзбекистон президенти қарорларига қарши кўрсатувлар берганлик ва салбий фактларни кўрсатганликда айблаб, вазирлар маҳкамасидан қоғоз беришди.

Мулозимлар 8-қаватга чиқиб, узатгични муҳрлагунга қадар ўтган ўн дақиқа ичида журналист Меҳрибон Бекиева мустақил ТВ учун сўнгсўзни айтиб улгурди.

- Бир оздан кейин бизнинг ва сизнинг овозингизни бўғишади, деди Меҳрибон катта кўзларини камерага тикиб.

ТВ учун сўнгсўз айтаëтган Меҳрибоннинг сўзлари айни пайтда жасоратнинг сўзбошиси эди.

Ўша пайтда Меҳрибон кичкинагина қиздан улкан қахрамонга айланди.

Кейин вазирлар маҳкамасини судга бердик. Урганч шаҳар суди бу ишни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси вакили сифатида Ўрозов ва Раҳмонов судда иштирок қилди.

Бизни малакали адвокат Галина Майорова¸ таниқли журналист Карим Баҳриев¸кекса журналист Константин Аксеновлар ҳимоя қилди.

Бир оëғини жанггоҳда қолдирган Аксенов ҳассаси билан ҳокимият вакилларига ўқталиб, “Сизлар сўз эркинлиги душманларисизлар” дер экан, кўз ўнгимизда душманни савалаëтган ботир каби гавдаланди.

Ҳокимият ҳамда вазирлар маҳкамасини судга бериб, биз ҳам қаҳрамонга айлангандек сездик ўзимизни.

Пўстин бозори

Албатта суд бизнинг талабимизни қондирмади. Бино, канал ва частоталар биздан тортиб олинди.

Мен яна устахонага қадар чекиндим.

Ҳужжатли филмлар олиб, “чет элда кўрсатамиз” деган аҳд билан устахонани таъмирлашга бошладим.

Тушлик вақти уйга келдим. Олдимга бир товоқ томоқ келди.

Энди қўл узатаман десам, эшик қўнғироғи жиринглади.

Ташқарига чиқсам, уй машиналар билан қамал қилинган.

“Сизнинг устингиздан жиноий иш очилган” деди Тошкентдан атайлаб келган прокуратура ходими қўлидаги қоғозни кўрсатиб.

Биринчи сўроқ прокуратура биносида бўлди.

Кейин маҳалла кафолати эвазига уйда ўтиришга изн беришди.

Сўнг Қозоғистон орқали мамлакатдан чиқиб кетдим..

Мени кузатган Карим Баҳри “энди қачон кўришамиз, ëшулли” деганида бир латифа айтувдим:

Иккита тулкини овчилар қувиб кетишаëтганида бир тулки иккинчи тулкидан: “энди қаерда кўришамиз” деб сўраса, “ҳойнаҳой, пўстин бозорида” деган экан.

Эртакнинг охири

Шуҳрат Бобожоннинг девга қарши курашаëтган ботир акс этган сурати.1989 йил

Бугун теграмга боқиб режимдан зада бўлган минглаб одамларни кўрдим.

Ëшимиз¸ кийинишимиз¸ ҳадаф ва зеҳнимизда тафовут бор.

Кўп нарса ўзгарди. Аммо ўзгармаган бир нарса бор. У ҳам бўлса қаршимиздаги зулм.

Зулмни тамсил қилган Каримов ҳануз ўзгармасдан турибди.

Худди жони юмурто ичига кўмилган эртаклардаги улкан дев каби.

Бу эртакни бошланганига ҳам 20 йилдан ошди.

Айтишга осон, умримнинг 20 йили бу ахир.

Аммо бир нарса аëн - эртаклар охирида золимлар албатта енгилади.

Дев қанчалик улкан ва қудратли бўлмасин, зиғирдек бир ботир нинадек қиличи билан уни енгади.



Эртакнинг ассиметрик мантиғи бу.

Аммо қани ўша зиғирдек ботир?!!
XS
SM
MD
LG