Линклар

Тожикистонда бош прокурор алмаштирилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик айрим таҳлилчиларга кўра, Бобожон Бобохонов бош прокурор бўлган даврда прокуратура идораларида коррупция кучайган.

Тожикистонлик айрим таҳлилчиларга кўра, Бобожон Бобохонов бош прокурор бўлган даврда прокуратура идораларида коррупция кучайган.

30 январ куни президент Имомали Раҳмон имзолаган фармонда мувофиқ, Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов “нафақага чиққани сабабли” вазифасидан озод этилган.

29 ва 30 январ кунлари Тожикистон ҳукуматининг йиллик йиғилишида президент Имомали Раҳмон прокуратура ва судлар фаолиятидаги нуқсонларга тўхталиб, хусусан, аҳолига ҳовли-жой учун ер сотиш масаласида қонунбузарликка йўл қўйилаётганини танқид қилган эди.

Ўша йиғилишда давлат раҳбари Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов ва Олий суд раиси Нусратулло Абдуллоевга огоҳлантириш ҳам берди.

30 январ куни тушдан кейин эса кутилмаганда Тожикистон юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлди. Ўша йиғилишда қонунчилик палатаси вакиллари Тожикистон президентининг бош прокурорни вазифасидан бўшатишга оид фармонини бир овоздан тасдиқладилар.

Президент фармонига мувофиқ, Бобожон Бобохонов нафақага чиққани сабабли вазифасидан озод этилган.

Аммо мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов фикрича, мамлакат жорий қонунлари бўйича бош прокурорнинг нафақага чиқишига ҳали вақт бор эди.

- Бу бир баҳона. Тожикистон қонунчилигига кўра, 65 ёшгача бўлган киши бош прокурор лавозимида ишлаши мумкин. Аммо Бобохонов ҳали бу ёшга етмаган. Сўнгги икки йил давомида Бобохонов ва давлат раҳбари атрофида бўлган гуруҳ манфаатларига хизмат қиладиган идора раҳбарлари ўртасида келишмовчилик мавжуд эди. Менимча, Бобохоновнинг ишдан бўшатилишидаги асосий сабаблардан бири шу бўлиши мумкин, дейди Шокиржон Ҳакимов.

Таҳлилчига кўра, Бобохоновнинг ишдан бўшатилиши ва президентнинг яқинларидан бўлган Шерхон Салимзода унинг ўрнига тайинланиши олдиндан кўпчиликка маълум эди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Бобожон Бобохонов сўнгги ўн йил давомида шу лавозимни эгаллаб келди. Унинг бош прокурорлик фаолияти давомида Тожикистондаги ички низолар чоғида танилган ва сўнгра давлат идораларидаги муҳим вазифаларни эгаллаган Ёқуб Салимов, Маҳмадрўзи Искандаров, Ғаффор Мирзоев каби кишилар хорижий мамлакатлардан экстрадиция қилиниб, қамоққа ташланди.

Кўпчилик амалдаги расмийларга садоқат билан хизмат қилган Бобожон Бобохоновнинг бир кун келиб ўз курсисини бошқа бировга бўшатиб бериши мумкинлигига ишонмасди.

Аммо, Шокиржон Ҳакимов фикрича, бугун у юқоридагиларга кераксиз бўлиб қолди.

Таҳлилчи Исмоил Раҳматов эса Бобожон Бобохоновнинг бош прокурор лавозимидан озод қилинишида бошқа бир сабабни кўради. Таҳлилчининг айтишича, Бобохонов даврида суд ва прокуратура соҳасида коррупция гуллаб-яшнаган.

- Хусусан, прокуратура фаолиятида умуман шаффофлик йўқ эди. Ишлар ошна-оғайнигарчилик, таниш-билиш ва пора бериш йўли билан ҳал қилинарди, дер экан Исмоил Раҳматов бу борада президент номига фуқаролардан тушган ариза ва шикоятлар унинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистон президенти ҳузуридаги Давлат молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Фаттоҳ Саидов 2009 йили мамлакатда эълон қилинган авф прокурорлар томонидан пулланганини даъво қилган эди.

Бироқ Бобохон Бобожонов Фаттоҳ Саидов айтганлари провокация эканини таъкидлаганди.

Бобожон Бобохонов ўрнига Тожикистон бош прокурори этиб коррупцияга қарши кураш агентлиги собиқ раҳбари, сўнгги олти ой давомида президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Шерхон Салимзода тайинланди.

Айни пайтда тожикистонлик таҳлилчилар янги тайинланган бош прокурор мамлакат прокуратура соҳасида бирор-бир яхши томонга ўзгариш қила олишига шубҳа билан қарамоқдалар.

- Пора олиш ва пора бериш кўпроқ ўша мулозимлар орасида кенг тарқалгани кўпчиликка, ҳатто давлат раҳбарига ҳам кундек равшан. Лекин Шерхон Салимзода Коррупцияга қарши агентликка раҳбарлик қилган пайтда улардан бирортасини судга бера олмади. Шу боис унинг мамлакат прокуратура фаолиятида ҳам арзирли, жамият фойдасига ҳал бўладиган бирор иш қила олишига шубҳам бор, дейди мустақил таҳлилчи Қаюм Юсупов.
XS
SM
MD
LG