Линклар

Хитой АҚШнинг Тайванга қурол-аслаҳа сотиш тўғрисидаги қарорини қескин танқид қилишда давом этмоқда. Пекин расмийларига кўра, АҚШ режаси Хитой миллий хавфсизлигига жиддий путур етказади.

Бугун Синхуа ахборот агентлиги Хитой ташқи ишлар вазири Янг Ечининг "АҚШ Хитой миллий хавфсизлиги ҳамда тинчлик йўли билан бирлашиш борасида қилинаётган урунишларга жиддий путур етказди", деган сўзларидан иқтибос келтирди.

"АҚШнинг нотўғри ҳаракати икки давлат ўртасида эришилган келишув, хусусан, 17 август куни имзоланган коммюнике шартларига жиддий путур етказди. АҚШ Хитой ички ишларига қўпол тарзда аралашиб, ўз ҳаракатлари билан Хитой миллий хавфсизлиги ҳамда тинчлик йўли билан бирлашиш борасида қилинаётган Хитой уринишларига жиддий путур етказди. Хитой АҚШнинг бу ҳаракатларига мутлақ қарши. Ташқи ишлар вазири Янг Ечи АҚШ Хитой манфаатларини хурмат қилишини алоҳида урғулаб, АҚШни Тайванга қурол-аслаҳа сотиш режасидан воз кечишга чақирди", дейилади Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг давлат телевидениеси орқали ўқиб эшитирилган баёнотида.

Хитой ташқи ишлар вазирига кўра, АҚШ ва Хитой қурол-аслаҳа сотиш масаласида бир неча бор сўзлашувлар олиб борган, бироқ Вашингтон Пекиннинг қурол сотишни тўхтатишга оид талабларини рад қилган.

АҚШ мудофаа вазирлигининг хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича агентлиги қурол-аслаҳа етказиб беришга оид янги келишув хусусида 29 январ куни мамлакат Конгрессига маълумот етказди.

Ассошиэйтед пресс агентлигига кўра, АҚШ конгрессменлари 30 кун ичида ушбу келишувни кўриб чиқадилар. Ҳеч қандай эътироз бўлмаса, келишув амалга оширилиши мумкин.

Янги келишувга мувофиқ, АҚШ Тайванга 60 та Black Hawk жанговар вертолёти, 114 та Patriot ракета мосламаси ва бир қанча бошқа турдаги ракеталарни етказиб беришни режалаган. Маълум бўлишича, АҚШ Тайваннинг F-16 русумидаги жанговар учқичлар ва сувости кемаларини ҳам сотиш таклифини рад этган.

АҚШ қарорига кескин эътироз билдирган Хитой ушбу давлат билан ҳарбий соҳада олиб борилаётган ҳамкорликни тўхтатишини эълон қилди.

Бироқ АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кровли Вашингтон режасини ҳимоя қилиб, ушбу ҳаракат минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.

Айни пайтда Тайван ҳукумати АҚШ қарорини олқишлаб, мамлакат президенти Ма Йинг-жеу эндиликда Тайван ўзини янада хавфсиз ҳис қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG