Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:01

Афғонистон раҳбари толибларни муросага чақирди


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Кобулда берган матбуот анжумани чоғида Толибон жангариларини ўз қуролларини топшириш ва Афғонистон қонунларига риоя қилишга чақирди.

Карзай Толибон ҳаракати раҳбарларига мурожаат қилиб, янги тинчлик дастурида кўзда тутилганидек, толибларни зўравонликдан воз кечишга кўндириш учун бор имкониятни ишга солишини айтди.

31 январ куни пойтахт Кобулда журналистлар билан мулоқот чоғида Ҳамид Карзай террорчи ва экстремистлар тугатилмагунича, АҚШ ва НАТО кучлари мамлакатни тарк этмаслигини айтди.

- Америка ва бошқа давлатлар кучлари Афғонистонни тарк этишига имконият яратиш учун мен толибларни ўз ватанларига қайтишга ва тинчлик жараёнида иштирок этишга чақираман. Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш учун биз афғонистонлик сифатида бор имкониятни ишга солаяпмиз, деди Ҳамид Карзай.

Унинг бу чақириғи Афғонистон масаласида Лондонда етмишга яқин давлат вакиллари иштирок этган йирик халқаро анжумандан уч кун кейин янгради.

Афғонистон бўйича янги ишлаб чиқилган тинчлик дастурида янги иш жойлари яратиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ўз қуролларини топшириб, жамиятга қўшилиш истагини билдирган толибларга касб-ҳунар ўрганиши учун уларни тайёргарликдан ўтказишни назарда тутган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун биринчи йилда 140 миллион доллар маблағ ажратиш ваъда қилинган.

Айни пайтда Афғонистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ўринбосари Фарид Ҳакамий Озод Афғонистон радиоси мухбири билан суҳбатда Кобул ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида маълум шартлар асосида тинчлик музокаралари ўтказилишини қўллаб-қувватлашини айтди.

- Аввало, тинчлик музокаралари фундаментал инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, матбуот эркинлигини таъминлаш ҳамда фуқаролик жамиятини бунёд этиш йўлидаги уринишларимизга таъсир қилмаслиги керак. Иккинчидан, ўзаро келишув инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ ва меъёрларни ҳурмат қилиши ва уларга риоя қилиши керак, деди афғонистонлик ҳуқуқ фаоли.

Ҳакимий тинчлик музокараларининг ҳар қандай дастури шаффоф тарзда ишлаб чиқилиши кераклигини, шунингдек, уруш жиноятчилари содир этган ва инсон ҳуқуқларини поймол қилган шахсларга дахлсизлик ваъда қилинмаслиги кераклигини айтди.

Лондонда ўтказилган халқаро анжумандан кейин илк бор сўзлаган президент Ҳамид Карзай тинчлик дастури Ал-Қойда аъзоларига тааллуқли эмаслигини айтди.

Карзай Афғонистон бўйича янги ишлаб чиқилган тинчлик дастурини амалга ошириш учун ҳукумат Тинчлик ва ярашиш олий кенгашини тузишини айтди. Афғонистон раҳбари мамлакатда тинчлик қарор ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилиш учун ҳукумат оқсоқоллар кенгаши, яъни Лоя Жирға йиғилишини ўтказишини айтди.

Айни пайтда Афғонистон президентининг шу ҳафта Саудия Арабистонига сафар қилиши ва расмийлар билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

- Биз толиблар билан музокара олиб боришда Саудия фақат воситачи ролини ўйнашни хоҳлаётганимиз йўқ. Биз Саудия кенгроқ рол ўйнашини, яъни Афғонистонда тинчлик қарор топишида, қўшнилар билан муносабатни яхшилашда ҳамда Афғонистонни қайта қуришда ёрдам беришини хоҳлаяпмиз, деди Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай.
XS
SM
MD
LG