Линклар

logo-print

Тожикистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи


Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг қайд этишича, Тожикистон Жаҳон савдо ташкилоти қўйган барча талабларни бажарган.

Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг қайд этишича, Тожикистон Жаҳон савдо ташкилоти қўйган барча талабларни бажарган.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи деярли ҳал бўлганлигини маълум қилди.

Тожикистон бош дипломатининг айтишича, бунинг учун мазкур ташкилот даъвати кутилмоқда.

- Жорий йилда Тожикистон Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига қабул қилиниши масаласи ҳал бўлишига умид боғламоқдамиз. Зеро, республика мазкур нуфузли Халқаро ташкилот қўйган барча талабларни бажарган. Назаримда, жорий йилдаёқ бу масала биз учун ижобий ҳал бўлади, деди Ҳамрохон Зарифий.

Вазирнинг сўзларига кўра, Тожикистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида ташкил этилган Божхона иттифоқига ҳам аъзо бўлиш ниятида. Бироқ бу йўналишда ҳали қатор муаммолар мавжуд.

- Чунки Божхона иттифоқи аъзоси бўлмиш Қозоғистонга чиқиш учун Тожикистон бир нечта чегарани босиб ўтиши керак. Ҳозирча эса Қирғизистон орқали Қозоғистон ва Россияга олиб борадиган йўл транспорт учун яроқсиз. Бу йўналишда темир йўл ҳам йўқ. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, Тожикистоннинг ҳозир Божхона иттифоқига аъзо бўлиши бирор бир самара бермайди, дейди ташқи ишлар вазири.

Бироқ, Ҳамрохон Зарифийнинг қайд этишича, бу Тожикистоннинг Божхона иттифоқига аъзо бўлмайди, деган маънони англатмайди. Чунки келгусида Қирғизистон билан боғловчи темир йўл қурилиши режалаштирилган, демак ҳамма ишлар олдинда. Яқинда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида бўладиган саммитда Тожикистон томони кузатувчи сифатида иштирок этади.

Мутахассислар фикрича, Тожикистон ҳар икки ташкилотга аъзо бўлган тақдирда ҳам жиддий муаммоларга дуч келади. 2007 йилнинг октябр ойида Душанбе шахрида бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида Божхона иттифоқи тузилган эди. Бироқ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари бу иттифоқ аъзолигига қабул қилинмади.

- Ўшанда Россия, Белоруссия ва Қозоғистон раҳбарлари иттифоқ ўзагини иқтисодиёти бақувват йирик давлатлар ташкил этиш керак, дейишган эди. Назаримда, бу билан давлатлар раҳбарлари катта хатога йўл қўйишди. Бугун Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий хамжамияти аъзолигидан чиқиш нияти ҳам шу билан боғлиқ, деб ҳисоблайман. Бу эса, ўз навбатида, Тожикистоннинг Божхона иттифоқига аъзо бўлиши йўлида муаммоларни пайдо қилди, дейди иқтисодчи Жаббор Каримов.

Мутахассиснинг фикрича, айни пайтда Тожикистон ҳар икки ташкилотга аъзо бўлишга ошиқмаганлиги маъқул. Чунки бу ташкилотларга аъзо бўлишдан олдин Тожикистоннинг ўзида қатор ислоҳотларни амалга ошириш керак. Шунингдек, Божхона иттифоқига аъзо бўлишдан олдин бож даромадлари давлатлар ўртасида қандай тақсимланишига жиддий эътибор бермоқ керак. Бугун республика солиқ даромадининг 46 фоизини айнан чегараларда тушаётган маблағ ташкил этаяпти. Агар Тожикистон Божхона иттифоқига аъзо бўлса, мана шу даромаддан маҳрум бўлиши аниқ.
XS
SM
MD
LG