Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:37

31. “Тўрт қадам қолади етишга сенга...”


Ўзини новвой деб таништирган Расул ғилай исмли Паландарадан келган йигит ҳам Чеҳрагулнинг ошиқлари сафидан ўрин олади.

У Интернет клубида “Paynet”га уяли телефони учун пул ҳайдаётган чоғда тасодифан Чеҳрагул билан танишиб қолади. Ҳадеганда Чеҳрагулнинг ҳисобига пул ўтавермагач, хуноби ошган “Paynet” кассири: “Кодингизни тўғри айтдингизми? Номер ҳақиқатдан ҳам “ZeroMax”дами? Номерингиз блокировка қилинган шекилли!” дейди. Чеҳрагул шошиб уяли телефони рақамини қайта айтади.

Шунда Расулхон қиз оғзидан “экки” сўзи “етти” шаклида эшитилганини пайқаб қолади. Қиз “экки” сўзини тил орқаси билан “эгги” деб қайта талаффуз қилади. Аслида, адабий тил қоидаси бўйича “икки” тарзида талаффуз этилиши лозим эди. Кассир лаҳжани пайқай олмай қолади.

-Биринчи, учинчи ва бешинчи рақамларни “2”га ўзгартиринг. Чамамда, сиз “7” деб эшитдингиз, шекилли, – деб луқма ташлайди орқада турган Расулхон.

Олдинги сафда ҳамон уяли телефонининг экранига тикилиб тугмачаларини асабий тарзда қайта-қайта босаётган Чеҳрагул ялт этиб орқасига ўгирилади ва йигит қиёфасидаги жиддиятни кўриб кулимсирайди:

-Уч жойда етти ёздингизми? – деб сўрайди кассирдан. – Тавба, ахир икки дедим-ку!

-Икки деганингиз йўқ, етти дедингиз! – деб кассир рақамларни бошқатдан теради. Пулни тузатилган рақамга ҳайдаб кўради.

Бирдан Чеҳрагулнинг юзлари ёришиб кетади.

-Ана, ўтди! – дейди. Телефонини сумкачасига солиб орқасига ўгирилиб сафдан чиқади ва: – Раҳмат, – деб миннатдорчилик билдириб, Расулхонга ним табассум ҳадя этиб Интернет клубини тарк этади.

-Ўзи туркманча гапириб одамнинг бошини қотиради, – деб ғудранади кассир.

Расул ғилай ўз рақамига пул ҳайдагандан сўнг негадир қизнинг рақамини телефон хотирасига ёзиб қўяди. Тун оқшом тандирхона бурчагига омонат қўйилган тапчанда чалқанча ётиб қизнинг номерини теради. У ёқдан “эшитаман” деган садо келган заҳоти тугмачани босиб телефонни ўчириб ёстиқ остига тиқади. Орадан бир соатми, бир умрми ўтгач яна таниш бўлиб қолган рақамни экранда пайдо қилиб тугмачани босади. “Эшитаман, гапиринг...”

Шу кеча Расулхон ширин тушлар кўриб ухлайди. Эрталаб майингина жилмайиб уйғонади. Бу пайтда тандирдан нон узилган, новвой пешанасини боғлаб олиб яна нон ёпаётган эди. Расулхон ёстиқ остидан сочиқни олиб елкасига ташлаб ташқарига чиқиб кетади. Ювиниб-тараниб, атир ҳидини буруқситиб, нон тўлдирилган саватни бошига қўйиб бозорга йўл олади. У таниш-билишларига “нонвойчилик қиляпман” деса ҳам, аслида, новвойнинг югурдакларидан биттаси эди, холос. Фарҳод бозоридаги “тўчка”да туриб нон сотадиган Алимқулга иссиқ нонларни пешма-пеш етказиб турарди. Ҳар куни уч қоп ун ёпилса, Расулхонга беш минг сўмдан ўн беш минг сўм улуш бериларди.

Навбатдаги кечада Расулхон таниш рақамни яна уч марта териб, уч марта уяли телефон телефонини ёстиқ остига яшириб қўяди.

Яна ширин тушлар кўриб ухлайди. Қизиқ ҳолат рўй беради: барвақт туриб ҳаммомга кириб чўмилиб чиқади.

Якшанба куни тандирдан узилган охирги нонларни ғизиллаб бозорга олиб кетаётса, не тонгки, рўпарасида Таниш-Нотаниш қиз пайдо бўлади. Бир вақтда бир-бирига нигоҳ ташлаб, турган жойларида таққа тўхтайдилар.

-Ҳорманг! – дейди биринчи бўлиб қиз.

Расулхон саватни бошидан тушириб қучоқлаб олади:

-Саломат бўлинг, – дейди. – Телефонингиз ишлаяптими? – Бу савол бехос оғзидан чиқиб кетади.

Қиз жилмайиб бош чайқайди, дарҳол сумкачасини кавлаб уяли телефонини чиқаради ва экранга тикилиб тугмачаларни босади.

Қўққис Расулхон шимининг тасмасига осиб қўйган сотка жиринглай бошлайди: ажаб ҳолат рўй беради, у саватни қучоқлаб турар, телефон эса тинимсиз жиринглар эди. Бирпасда терлаб кетади.

-Жавоб бермайсизми? – деб кулади қиз.

-Қўлим банд-ку.

-Ҳозир, – деб қиз тасмага илинган ғилофдан телефонни олиб Расулхоннинг қулоғига тутади.

-Лаббай, эшитаман.

-Кечирасиз, ким бўласиз? – деб сўрайди қиз тескари ўгирилиб.

-Новвойман, ўзингиз кимсиз?

-Шунақами?.. Чап кўзингизга нима қилган? Ишқилиб туғма ғилай эмасмисиз?

-Болалигимда бетон ариқда чўмилаётиб кўзимга шиша синиқлари кириб кетган.

-Бетон ариқда шиша синиқлари нима қилади? Сув тез оқмасмиди?

-Бетон ариқда ўликка ўхшаб оқиб кетаётиб бир қўлимга шишадаги газли сув ушлаб олган эдим. Уни ичиб ўртоқларимга мақтанардим, кутилмаганда шиша ариқ лабига уридию чил-чил синиб, битта синиғи қовоғимга санчилиб қолди.

-Вой, бечора-ей! Бўпти, қолган гапларни кечқурун гаплашамиз, – деб қиз телефонни ўчириб сумкачасига жойлаштиради. Сўнг Расулхоннинг телефонини ҳам ғилофига тиқади.

-Нон олмайсизми?

-Оламан, – дейди қиз. Тўртта нонни танлаб олади. Пулини Расулнинг чўнтагига тиқади. – Хўп, йўлдан қолманг, бозор охирлаб қолди.

-Узр, мен...

-Ҳечқиси йўқ, шунақаси ҳам бўлиб туради. Бўпти, қолган гапларни кечқурун гаплашамиз.

Ҳақиқатан ҳам, кечқурун Расулхон компаниядан уч доллар қарз бўлиб қолгунча мириқиб гаплашадилар. Суҳбат давомида Расулхон новвойга югурдак эканини тан олади.
XS
SM
MD
LG