Линклар

Эрон Ҳумайний қайтганининг 31 йиллигини нишонламоқда


Эрон Ислом республикаси асосчиси Руҳуллоҳ Ҳумайний 14 йиллик муҳожиратдан сўнг 1979 йилнинг 1 февралида тантанали равишда Париждан Теҳронга қайтган ва уни миллионлаб эронлик қарши олган эди.

Унинг юртга қайтиши ортидан исломий инқилоб уйғонган ва АҚШ ҳимояси остидаги шоҳлик режими қулаган эди. Кейинчалик Ҳумайний Эрон олий раҳнамоси сифатида то вафоти — 1989 йилга қадар давлат етакчиси бўлиб қолди.

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва ҳукуматнинг бошқа нуфузли расмийлари 1 феврал куни раҳнамонинг Теҳрондаги мақбарасига бориб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.Бу маросим 1979 йилги инқилоб хотирасига бағишланган 10 кунлик хотира тадбирининг аввалидир.

Ана шу маросимдан сўнг сўзлаган президент, жумладан:

“Ишончим комилки, буюк Эрон халқи инқилобнинг 31 йиллигига бағишланган 11 феврал тадбирларида инсоният душманлари ҳамда тиранлар лагеридагиларни хавфсаласини пир қилиб, таассуфга соладиган иш қилади. Халқ яна бир бор инсоният кўз ўнгида эртанги ёрқин келажак уфқларини чизади”, деди.

Бу йилги маросим кескин сиёсий зиддиятлар даврига тўғри келмоқда.

Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг 12 июн кунги сайловда қайта президентликка сайлангани мамлакат мухолифатининг кескин норозилигига сабаб бўлди ва бу норозилик ислом инқилобидан кейин юз берган энг йирик сиёсий бўҳронга олиб келди.
XS
SM
MD
LG