Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:07

Туркман президенти Парижда меҳмон


Европа иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик томон қўл чўзаëтган Бердимуҳамедов¸ кузатувчилар фикрича¸ инсон ҳуқуқлари борасидаги босимларга ëн беришга мажбур бўлади.
Европа иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик томон қўл чўзаëтган Бердимуҳамедов¸ кузатувчилар фикрича¸ инсон ҳуқуқлари борасидаги босимларга ëн беришга мажбур бўлади.

Душанба куни Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов Парижда Франция раҳбари Николя Саркози билан учрашади. Газга бой¸ аммо инсон ҳақларига ҳурмат ночор бўлган Туркманистон президентининг Елисей саройида қабул қилиниши ҳуқуқ ҳимоячилари танқидига учрамоқда.

Туркманистон президентининг Францияга расмий сафари ўз ҳамкасби Николя Саркози билан учрашувдан бошланади.

Мазкур учрашув арафасида Елисей саройи тарқатган қисқагина баëнотга кўра¸ сўзлашувлар чоғида икки давлат раҳбари¸ асосан¸ икки томонлама муносабатлар¸ Туркманистон ва Европа иттифоқи алоқалари истиқболи ҳамда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар.

Бердимуҳамедовнинг уч кунлик расмий ташрифига оид бор-йўқ маълумот¸ ҳозирча шу. Туркманистон президентининг Францияга қилаëтган илк ташрифи давомида¸ ўзаро бизнес алоқалари истиқболининг белгиловчи бўлиши тахмин этилаëтир.

Зотан¸ Хитой ва Россия баробарида Европа иттифоқи ҳам Туркманистоннинг улкан газ заҳираларига қизиқиш кўрсатиб келмоқда. Ўз мамлакатини хориж сармоядорлари учун очишга ваъда берган Бердимуҳамедов туркман газини Россияни четлаб ўтувчи қувурлар орқали Европага еткизишни кўзда тутувчи қувурлар лойиҳасига ҳам қизиқиш кўрсатгандек.

Айни пайтда¸ марҳум туркманбошидан фарқли Бердимуҳамедов¸ оғизда бўлса ҳам¸ мамлакатдаги инсон ҳақлари вазиятини ҳам яхшилаш ҳақида гапирган.

Аммо халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Бердимуҳамедовнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги баëнотларининг қуруқ сафсата эканини айтмоқдалар.

Бердимуҳамедовнинг Париж сафари арафасида қўшма баëнот тарқатган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация¸ Инсон ҳуқуқлари бўйича Франция лигаси¸ Ҳюман Райтс Уотч ва Чегара билмас мухбирлар ташкилотлари Туркманистонда сўз эркинлиги¸ фуқароларнинг йиғилиш¸ тинч намойишлар ўтказиш¸ ҳаракат ва эътиқод эркинлиги ниҳоятда чекланганидан бонг урди.

Мазкур баëнотни ҳозирлаган гуруҳлар Франция президентидан ўзаро учрашув давомида Туркманистондаги инсон ҳуқуқларининг қўрқинчли аҳволини тилга олиб¸ Бердимуҳамедовдан бу вазиятни яхшилаш борасида конкрет амалларга ўтишни сўраган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерациянинг Париждаги вакили Саша Коулаева Париж ҳукуматида Бердимуҳамедовга таъсир кўрсатиш имкони борлигига ишонади.

- Мен ҳозирги пайтда Франция ихтиëрида авваллари бўлмаган таъсир ричаглари борлигига ишонаман. Булардан бири¸ табиийки¸ Шерикчилик ва Ҳамкорлик Келишувидир. Яна бир таъсир усули Бердимуҳамедов сафари якунида имзоланиладиган ниҳоятда қимматбаҳо ва улкан лойиҳалар ва Ашхобод бу битимлар имзоланишидан манфаатдордир. Шу боис¸ айнан бугун Францияда Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига таъсир кўрсатиш имкони бор¸ дейди Саша Коулаева.

Кузатувчи тилга олган Шерикчилик ва Ҳамкорлик Келишуви Туркманистон ва Европа иттифоқи ўртасида имзоланган ҳужжат бўлиб¸ унга кўра Ашхобод билан алоқаларга махсус мақом берилган.

Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирлар сабаб музлатиб қўйилган бу келишув Бердимуҳамедовнинг Париж сафари билан айни кунларда Франция парламенти ихтиëрига ратификация қилиш мақсадида тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари¸ Европа иттифоқи¸ хусусан Париж ҳукуматидан ўзаро муносабатларнинг бундан кейинги ривожи учун мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашни шарт қилиб қўйишни сўрамоқда.

Европа иттифоқи ва Туркманистон ўртасидаги муносабатларни алоҳида мақомга чиқарувчи бу ҳужжатнинг кучга кириши учун у иттифоққа аъзо барча давлат парламенти томонидан ратификация қилиниши лозим. Ҳозирга қадар мазкур келишвни Франция ва Буюк Британия парламенти маъқулламаган.
XS
SM
MD
LG