Линклар

logo-print

Кучма: "Украина янги сиёсатчиларга муҳтож"


Леонид Кучма Украина президентлигига келиши мумкин икки номзод сиëсатига жиддий шубҳа билан қараëтганини айтади.

Леонид Кучма Украина президентлигига келиши мумкин икки номзод сиëсатига жиддий шубҳа билан қараëтганини айтади.

Украинадаги Зарғалдоқ инқилоб ортидан президентликни тарк этган Леонид Кучма орадан беш йил ўтиб, Озодлик мухбири билан бир вақтлар ўзи бошқарган давлатдаги бугунги сиёсий вазият ҳақида суҳбатлашди.

Украинада 7 феврал куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади ва унда мамлакат жорий Бош вазири Юлия Тимошенко ҳамда мухолифат етакчиси Виктор Януковичлар мамлакат етакчилиги учун сўнгги имкониятини синаб кўради.

Бундан беш йил муқаддам Зарғалдоқ инқилоб боис, президентлик лавозимини тарк этган Леонид Кучма фикрича, бу икки номзоддан қай бири президент бўлиб сайланганишидан қатъий назар¸ улардан бирортаси мамлакатдаги муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас.

- Гапнинг индаллоси шуки, Украина сиёсат майдонида янги шахсларга катта эҳтиёж бор. Яна кундек равшанки, сайлов натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, бу натижа мамлакатга сиёсий барқарорлик олиб кела олмайди ва мамлакатнинг бирор бир иқтисодий муаммосини ҳал қила олмайди, дейди Леонид Кучма Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Собиқ президент фикрича, 2004 йилги Зарғалдоқ инқилоби берган ваъдалар оғизда қолгани боис¸ инқилобни оммавий намойишлар билан қувватлаган Украина халқи сиëсатчиларга нисбатан ўз ишончини йўқотган.

Мамлакат раҳбарияти эса халқнинг уларга ишончсизлигидан қийналмоқда. Украина халқи инқилобда иттифоқчи бўлган, аммо ҳозирга келиб бир-бирига шавфқатсиз рақибга айланган Тимошенко ҳамда Юшченкодан жуда норози, деб ҳисоблайди собиқ президент Леонид Кучма.

-Украиналиклар аслида мамлакатдаги бугунги вазиятдан уялиши лозим. Зеро, бу давлатда ҳокимиятнинг бирор бир бутоғига — на президент, на парламент, на ҳукуматга ҳурмат бор, дейди Украина собиқ президенти.

Леонид Кучма Украинага 1994 йилдан 2005 йилга қадар президентлик қилган. У амалга оширган ислоҳотларнинг Украинани собиқ совет даври муаммоларидан барқарорликка олиб чиққани эътироф этилади.

Айни пайтда Кучма маъмурияти чуқур илдиз отган коррупция ҳамда эндигина ўсиб келаётган мустақил матбуот овозини бўғганликда айбланади.

Шунингдек, шахсан Леонид Кучманинг ўзи таниқли мухолифатчи журналист Георгий Гонгадзенинг ғойиб бўлиши ва ўлдирилишига бевосита алоқадорликда ҳам айбланган.

Кучма 2004 йилги Зарғалдоқ инқилоб чоғида, ўзи танлаган ворис Виктор Янукович сайлов натижаларини сохталаштирганликда айбланганидан сўнг обрўсизланиб, ўз лавозимини тарк этган эди.

Бироқ инқилобдан сўнг ҳокимиятга келган Виктор Юшченко маъмурияти ҳаракатлари билан бошланган янги — Украинани Европа иттифоқи ҳамда НАТО аъзолигига олиб борувчи ислоҳотлар даври билан мамлакатнинг украин тилида сўзлашувчи ғарбий ҳамда кўпроқ рус тилида сўзлашувчи шарқий қисми ўртасида бўлиниш юз берди.

Кучма ўз раҳбарлиги даврида бундай бўлинишнинг у қадар кескин бўлмаганини таъкидлайди.

- Мен Украинанинг ғарбий ва шарқий қисмга бўлинишини сезмаган эдим. Аксинча, биз бир-биримизни тушуна бошлаган эдик. Аммо 2004 йилги президентлик сайловлари мамлакатни икки қисмга бўлди ва ҳозирча бу бўлинишни тўхтатадиган бирор бир ҳаракатни кўраётганимиз йўқ. Очиқ кўриниб турганидек, Тимошенко кўпроқ ғарбий қисмда, Янукович эса мамлакатнинг шарқий қисмида қувватланади, дейди Украинанинг собиқ президенти Леонид Кучма.

Кучма ўз даврида кўп векторли сиёсатни тутган ва шундан келиб чиқиб ҳам Россия, ҳам Ғарб билан алоқаларни яхшилашга уринган эди.

У ўз ҳамкасби Юшченкони ана шу сиёсий йўналишни ўзгартирганлик ва “агар бизга Россия бўлмаса”, “Биз учун фақатгина Ғарб қолади” қабилида сиёсат юритгани учун танқид қилади.

Леонид Кучма фикрича, бундай сиëсат¸ ўз навбатида Москванинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Киев Москва билан қанчалик яқин алоқада бўлмасин, унга Россия авторитар сиёсий моделининг таъсир ўтказиш хавфи жуда оздир, деб ҳисоблайди собиқ президент.

- Мен мулақо аминманки, бундай хавотирларнинг замини жуда бўш. Бунга мутлақо аминман. Биринчидан, Украина Россия эмас, бизнинг зеҳниятимиз бошқача. Бизда доим ҳар иккита украинга учта раҳбар даъвогар бўлиб келган. Яъни, амал учун жамиятнинг ҳамма даражаларида ички кураш тинмайди. Шунинг учун бу борада бирор хавф бор, деб ўйламайман. Боз устига, биздаги парламент ва президентлик модели мамлакатни диктатурадан ҳимоя қила олади, дея таъкидлайди Украина собиқ президенти Леонид Кучма Озодлик мухбири билан эксклюзив суҳбат сўнггида.
XS
SM
MD
LG