Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Хайрулла Ҳамидовнинг тақдири судга қолди


Хайрулланинг яқинлари¸ президент марҳаматига кўз тикмоқдалар.
Хайрулланинг яқинлари¸ президент марҳаматига кўз тикмоқдалар.

Хайрулла Ҳамидовнинг тез орада озодликка чиқарилиши борасидаги умидлар чўғи кун сайин сўниб бормоқда. Хайруллани бирров кўришга муваффақ бўлган яқинлари кечагина мухлисман деб юрганлардан ҳафласали пир бўлгани¸ бутун умид суд¸ аниқроғи президент Каримовга қолганини айтмоқда.

Таниқли футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулла Ҳамидов ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтиб яқинлари билан учрашди.

Ҳамидовни ҳибсхонага бориб кўрган оила аъзоларининг Озодлик мухбирига билдиришича¸ ҳозирда унинг аҳволи яхши ва Хайрулла “ҳаммаси суд мажлисида яхшилик билан тугашига” умид қилмоқда.

Биз бу учрашув борасида Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас ая билан суҳбатлашдик.

Муқаддас ая: Ало.

Озодлик: Муқаддас опа¸ ассалому алайкум.

Муқаддас ая: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Яхшимисиз опажон. Соғликларингиз яхшими?

Муқаддас ая: Раҳмат¸ Худога шукур.

Озодлик: Учрашиб келибсизлар. Оила аъзоларига учрашишга изн берилибди. Шунга ҳол-аҳвол сўрамоқчи эдим.

Муқаддас ая: Ҳеч қанақа учрашув бўлгани йўқ. Терговда кўришдик. Ëниб ўтирган пайтимиз ҳозир ўғлим. Хафа бўлманг.

Озодлик: Муқаддас опа¸ ўғлингизнинг жуда кўп мухлислари борда.

Муқаддас ая: Мухлислар бўлгани билан қани менга мухлислардан битта фойдаси йўқ. Олиб чиқиб бераяптими? Бирортасидан дарак йўқ. Ўргилдим бунақа мухлислардан. Зато анави ëқда болам ëтибди. Энди Худо бир анақа қилиб қолар¸ ҳукуматимиз қараб турмас. Ҳаммага керак бола эдию. Пойлаб ўтирибман. Президентимиз Худо хоҳласа оқлаб юборар. Қанча одамларни оқлаб юборган. Нима иш қилибдики оқламайди? Тўғрими?

Озодлик: BBC Хайрулланинг турмуш ўртоғига кўришишга рухсат берилди¸ деб ëзаяпти.

Муқаддас ая: Рафиқаси тергов бўлганда кўрди. Уч кун олдин бир нима бўлган эди. Ўшанда кўрди. Бўлди. Ҳеч қанақа гаплашгани ҳам йўқ¸ бошқа ҳам қилгани йўқ. Майли энди мана тўғрисини айтдикку. Бизлар ортиқча гапираëтганимиз йўқ. Ҳали ҳеч нарсадан дарак йўқ. Ўша болалар “Суд бўлганда судда чиқилади” дейилди. Шуни пойлаб ўтирибмиз. Ҳозирча янгилик шу. Худо хоҳласа яхшилик бўлиб қолар.

Озодлик: Чиноздан чақув ëзиб берган болалар маълум бўлмадими?

Муқаддас ая: Ҳали суд бўлгани йўқ. Ўша бўлганда чиқиб кетади¸ деди. Ҳали гумонда турибди. Ҳеч қанақа статя йўқ. Худо хоҳласа 216-да турибди. Бизлар ҳам тиқ этса пойлаб¸ яхшилик бўлармикан деб ўтирибмиз.

Озодлик: Бизлар ўтган ҳафта Тошкент вилоят Ички ишлар бўлими вакили билан гаплашган эдик.

Муқаддас ая: Нима деди?

Озодлик: У яна битта статя айтаяпти. 216-нинг ëнида яна биттаси бўлиши мумкин деяпти.

- Бизларга битта 216 деди. Гумон деди. Бошқа статя йўқ. Суд бўлганда ўшанда қолинди деди. Биз фақат шуни билдик болам¸ дейди ҳибсда қолаëтган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас ая.

Хайрулла Ҳамидов қамоқда сақланаëтган Тошкент вилояти ИИБ вакилига қўнғироқ қилганимизда¸ улар Ҳамидов билан боғлиқ вазият тергов сири эканлигини айтишди.

Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасининг исми очиқланмаган ходими ўтган жума куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Хайрулла Ҳамидовга 159-модда ҳам қўйилиши мумкинлигига ишорат қилган эди.

Айни пайтда халқаро жамоатчилик Хайрулла Ҳамидов тақдиридан хавотир олмоқда. Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи халқаро Форум 18 ташкилоти диний ваъзлари билан шуҳрат топган Хайрулла Ҳамидов қамоққа олиниши юзасидан ўз хавотирини билдирди.
Ташкилот вакили Феликс Корлига кўра¸ Ўзбекистон расмийларининг Ҳамидовни қамоққа олишга ҳеч бир асоси бўлмаган.

- Бизга маълум бўлишича¸ Ҳамидов бир зиëфатда диний маъруза қилгани учун Ўзбекистонда ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланмоқда. Ўз диний эътиқодини тарғиб қилгани учун Ўзбекистон ҳукумати ҳеч бир диндорни¸ хусусан Ҳамидовни қамоқққа олишга ҳеч бир асоси йўқ. Биз Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилиб Ҳамидовни нима асосда қамаганларини тушунтириб беришларини сўраймиз¸ дейди Феликс Корли.

Феликс Корлига кўра¸ диний эркинликларни ҳимоя қилувчи Форум 18 ташкилоти яқинда Ҳамидов юзасидан баëнот чиқаради.

Айни пайтда Берлиндаги Ўзбек-Германия форуми Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган журналистлар хусусан Хайрулла Ҳамидов тақдири юзасидан мурожаат эълон қилди.

Европа иттифоқи ва АҚШнинг Марказий Осиë билан ишлайдиган юқори лавозимдаги мулозимларига қаратилган бу мактуб остига Ўзбекистон ташқарисида фаолият олиб бораëтган журналистлар имзо чекишди.

Айни пайтда Хайрулла Ҳамидов 21 январ куни қўлга олинганидан бери Тошкент вилоят Ички Ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда.

У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 216-моддаси¸ яъни, яъни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундашда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG