Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:11

Умида Аҳмедова адвокатининг сўрови рад қилинди


Ўзбекистонлик "экспертлар" фикрича¸ Умида Аҳмедованинг бу каби суратлари ўзбеклар ҳаëтига туҳмат¸ яъни бундай манзара¸ "экспертлар" фикрича¸ Ўзбекистон воқелигида йўқ.
Ўзбекистонлик "экспертлар" фикрича¸ Умида Аҳмедованинг бу каби суратлари ўзбеклар ҳаëтига туҳмат¸ яъни бундай манзара¸ "экспертлар" фикрича¸ Ўзбекистон воқелигида йўқ.

Суратлари ва ҳужжатли филми орқали “ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик”да айбланаëтган ўзбекистонлик фотограф ва видеотасвирчи Умида Аҳмедовани ҳимоя қилаëтган адвокатнинг унга қўйилаëтган айблар асоссизлиги боис¸ уларни олиб ташлаш сўрови расман рад қилинди.

Тасвирчи Умида Аҳмедовага қарши қаратилган 2841 рақамли жиноят ишини тергов қилаëтган капитан Нодир Аҳмаджонов ўз айбномасида тасвирчини ижтимоий фойдали иш билан машғул бўлмаган бекорчи деб топган.


"Умида Аҳмедованинг Халқаро киночилар конфедерацияси ва Ўзбекистон Бадиий академиясига аъзолиги унга эркин ижод қилиш ҳуқуқини беради. Шу боис бекорчи такасалтанг деган ибора айбномадан олиб ташланишиши лозим" деб талаб қилди адвокат.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларида халқ субъект бўла олмаслиги назарда тутилган. Яъни 26 миллион халқ бирданига ҳақорат қилиниши мумкин эмас. Бинобарин¸ дейилади адвокат сўровида¸ "Умида Аҳмедова 26 миллион халқни ҳақорат қилиши воқеликдан узоқ ва адлия тизимида бундай ҳолатга жазо кўзда тутилмаган".



Умида Аҳмедованинг ҳимоячиси (исми номаълум қолишни истаган) Озодлик билан суҳбатда ўз сўровига капитан Аҳмаджоновдан рад жавоби олинганини билдирди.

Айни пайтда халқаро ЮНЕСКО ташкилоти санъатшунослари Умида Аҳмедова суратга олган филм ва фототасвирларни таҳлил қилиб ўзбек мулозимларининг айблов иддаолари асоссиз эканлигини айтишди.

Озодлик мухбири билан биринчи феврал куни суҳбатлашган Умида Аҳмедова шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйганидан бери ўзини маҳбусдай ҳис қилаëтганини айтади.

Умида Аҳмедова: Албатта¸ қаëққа чиқиб кета оламан. Қаëққа ҳам бора олардим. Ўзи магазинга зўрға чиқиб келаяпман кайфиятим бўлмай.

Озодлик: Швейцария элчихонаси сиз билан охирги марта қачон боғланди?

- Швейцария элчихонаси специально менга телефон қилгани йўқ. Энди кузатаяпмиз¸ деган хабарлар келди. Мен уларга даъво қилганим йўқ¸ улар менга. “Биз кузатаяпмиз” деган гап бор. Швейцария мамлакатининг ҳам бизлар билан ўз манфаати бор. Улар манфаатининг олдида мен кимман¸ дейди Умида Аҳмедова.

Эслатиб ўтамиз¸ Умида Аҳмедова суратга олган “Бокиралик юки” филми ва “Аëл ва эркак: Tонгдан шомгача” деб номланган фотоалбоми ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат деб малакаланди¸ ҳамда кинотасвирчи устидан жиноят иши очилди.

Ўзбек расмийлари тарафидан жиноят деб талқин қилинган китоб ва тасвирлар Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида нашр қилинган.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Швейцария элчихонаси бу воқеани кузатаëтганини билдирган бўлса ҳам¸ бу ташкилотнинг кинотасвирчи ҳимоясига қўшилмагани Қатардаги Ал-Жазира телеканали Умида Аҳмедова ҳақида ҳозирлаган дастурда танқид қилинди.

Бу танқидга жавобан Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг Тошкентдаги элчихонаси фотограф ва кинотасвирчидан узоқлашмаганлигини маълум қилди.

Бундан олдин халқаро Ҳюман Ройтс Уотч ташкилоти ҳам Умида Аҳмедова ҳимоясига баëнот тарқатган эди.

Ўзбекистонлик таниқли фототасвирчи ва кинооператор Умида Аҳмедова ўзбек халқига нисбатан туҳмат ва ҳақоратда айбланмоқда.

Бундай айбловга Аҳмедованинг мамлакат чекка қишлоқларида яшовчи оддий ўзбеклар турмуши акс этган сурат ва филмлари асос қилиб олинмоқда.
XS
SM
MD
LG