Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:14

Қирғиз мухолифати намойишга тайёрланмоқда


Қирғиз мухолифатчилари ўтган ойда собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовни озод қилиш талаби билан бошланган очлик акция норозилик намойишларига айланиб кетиши мумкинлигини айтмоқдалар.
Қирғиз мухолифатчилари ўтган ойда собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовни озод қилиш талаби билан бошланган очлик акция норозилик намойишларига айланиб кетиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Қирғиз мухолифати 2010 йилда ҳам кўплаб норозилик намойишлари ўтказилиши мумкинлигини тахмин қилади. Бироқ расмийлар аҳоли бундан буён мухолифатчиларга эргашмаслигини таъкидламоқдалар.

Қирғизистонда собиқ мудофаа вазири, генерал Исмоил Исақовнинг 8 йилга озодликдан маҳрум этилиши қирғиз мухолифати матонатини оширгандай бўлди. Бишкек шаҳри ва Олой туманида сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан ўндан зиёд одам бошлаган очлик акцияси шу кунгача давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, 13 январдан бошланган ушбу очлик акциясида ҳаммаси бўлиб 57 одам иштирок этган. Уларнинг аксарияти соғлиги ёмонлашгани сабабли очликни тўхтатишга мажбур бўлди.

Мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати сиёсий кенгашининг аъзоси Тўпчубек Турғуналиевнинг маълум қилишича, бугунги кунда Қирғизистондагина эмас, чет давлатларда ҳам Қирғизистоннинг амалдаги президенти Қурмонбек Бакиев сиёсатига қарши бўлган маслакдошлар бирика бошлади.

- Фақатгина Қирғизистонда яшаётганлар эмас, чет давлатлардаги қирғизистонликлар ҳам ҳаракат қила бошлади. Бизга турли давлатлардан қўнғироқ қилишаяпти. Икки марта Вашингтондан телефон қилишди. У ердаги сиёсатчилар Равшан Жээнбеков ва Руслан Исақов АҚШда чет давлатлардаги мухолифат марказини тузиш ҳаракатида. Улар Бирлашган халқ ҳаракати билан маслаҳатлашган ҳолда иш олиб бораяптилар. Европанинг барча давлатларида қирғизлар бор. Швецияда Эдил Байсалов, Қубаничбек Қадировлар ҳаракат қилишаяпти. Россияда эса олойликларгина эмас, кўплаб бошқа қирғизистонликлар ҳам мухолифат руҳидаги ҳаракат тузиш бўйича фаолият олиб бораяптилар, деди Тўпчубек Турғуналиев Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига берган суҳбатида.

Тўпчубек Турғуналиевнинг фикрича, чет давлатларда юрган қирғизистонликларнинг бугунги тузумга қарши бирлашиши Қирғизистондаги мухолифат учун катта таянч вазифасини ўтайди.

Қирғиз мухолифати вакилларига кўра, амалдаги расмийлар юритаётган сиёсат айни пайтда Қирғизистонда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳам сабр косасини тўлдирган ва бу яқин кунларда мамлакатда кетма-кет намойишларни юзага келтириши мумкин. Мухолифат вакиллари 2010 йил ҳам турли норозилик намойишларига бой бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Бироқ қирғиз расмийлари мухолифатнинг бу иддаоларини рад этиб келаяпти. Уларга кўра, сўнгги пайтларда Қирғизистон иқтисодида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар ортидан халқнинг турмуш даражаси кундан-кунга яхшиланаяпти, шу важдан халқ мухолифатни қўлламайди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев бошчилигидаги “Ақ жўл” партияси аъзолари фикрича, президентнинг сўнгги ислоҳотлари ва Максим Бакиев бошчилигидаги ёшларнинг ҳокимиятга келиши кўпчилик фуқароларда умид уйғотмоқда.

- Бизда олға силжиш бор. Қамбаротада ГЭС қурилаяпти. “Қумтор” олтин кони аввал ўн беш йилда берилган пулни ўн баробар кўпайтириб тўлай бошлади. АҚШ базаси олдин 17 миллион тўлаб келган бўлса, ҳозир 60 миллион доллар тўлаяпти. Буларнинг барчаси иқтисодиётимиз ўсаётганидан нишона. Энди норозиликларга келсак, бу бир кишининг қамалишига сиёсатчиларнинг сиёсий тус бериши ҳосиласидир. Бироқ халқ бугунги кунда тушуниб қолди. Халқ аввалгидай кўтарилиб чиқмайди, дейди “Оқ йўл” фракцияси аъзоси Бейшенбек Абдрасақов.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев бугунги кунда мамлакатда қимматчилик авж олаётгани одамлар орасида норозилик кайфиятини пайдо қилаётганини айтади. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, бу одамлар норозилик намойишларига чиқишга тайёр дегани эмас:

- Электр энергияси қимматлади, бу кам таъминланган оилалар бюджетига катта зиён келтирди. Бундан ташқари, йўлкиралар ошаяпти, ёқилғи қиммат, бензин билан солярка нархи кўтарилган. Бу албатта озиқ-овқат нархига ҳам таъсирини кўрсатади. Умуман, қимматчилик кундан-кунга авж олиб, аҳоли орасида норозилик кучайиб бормоқда. 2005-2006-2007-йилларда кўча демократияси жуда ривожланган пайт бўлган. Очиғини айтсак, ҳозирга келиб одамлар митинг-пикетлардан бирор-бир наф чиқишига ишонмай, биров кўчаларни эгаллаб, пикет ва митинг қилмай қўйди. Ҳамма бугунги дастурхонини ўйлаган, пикет-митинг бировнинг кўнглига сиғмайди, дейди Иззатилло Раҳматулаев.

Айрим мустақил кузатувчилар бундан уч йил аввал Бишкекнинг марказий майдонига ўнг минглаган тарафдорларини йиғиб, ҳукуматни ўз талабларини бажартириш салоҳиятига эга бўлган қирғиз мухолифати кейинчалик анча ҳолдан тойганлигини қайд этадилар. Бунга бир қанча сабаблар бор. Масалан, сўнгги пайтларда бутун мухолифатни бирлаштирувчи кучли етакчилар чиқмаяпти. Бу орада мухолифат етакчилари ўзаро келишолмаганидан ҳукумат устамонлик билан фойдаланди.

Бундан ташқари, мухолифатнинг кўзга кўринган бир неча етакчисига ҳукумат томонидан юқори лавозимлар таклиф қилинди ва етакчи мухолифатчилар ҳукумат одамига айланди. Кейинчалик улар мухолифат сафига қайтган бўлса-да, айрим мустақил кузатувчилар бугунги кунда халқнинг уларга бўлган ишончи йўқолганини ва уларнинг тарафдорлари озайганини айтмоқдалар.

Шу боис, кузатувчиларга кўра, кунлар исигач, мухолифат етакчилари кўп минг кишилик норозилик намойишларини ўтказишини эълон қилган тақдирда ҳам, бу акция амалга ошмаслиги мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун ҳукумат синовдан ўтган технологиясини қўллаб, яна мухолифат етакчиларини ўз тарафига оғдиришга, мухолифатни заифлантиришга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG