Линклар

Жорий йилнинг 1 февралидан Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан ўтадиган Андижон-Бухоро йўловчи поезди қатнови тўхтатилди. Расмий Тошкент буни йўловчилар сонининг қисқаргани ва Ўзбекистон вагонлари талон-торож этилиши билан изоҳламоқда.

Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси Сўғд вилоят бошқармаси раҳбарларининг айтишларича, Андижон-Бухоро поезди қатнови тўхтаганига бир ҳафта бўлган.

- Биз эса бу ҳақда кеча хабар топдик. Янги йилдан Ўзбекистон Тожикистон темир йўллари орқали тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишни деярли таъқиқлаб қўйганидан хабаримиз бор. Қўшниларнинг йўловчилар сони кескин қисқаргани тўғрисидаги иддаолари ҳақиқатдан йироқ. Чунки Андижон-Бухоро поезди доим йўловчилар билан лиқ тўла бўларди, дейди Сўғд вилоят темир йўллари бошқармаси вакили Саиджон Ғафуров.

Темир йўл вакилининг сўзларига кўра, транзит транспортларнинг Тожикистон ҳудудидан ўтгани яхши. Зеро, бу давлат хазинасига пул олиб келади. Боз устига, тожикистонликлар ҳам Ўзбекистон поездидан фойдаланишарди.

Ўзбекистон томони Андижон-Бухоро поезди қатнови тўхтатилганини ўзбекистонлик йўловчилардан сўнгги йилларда тушган шикоятлар миқдори ошгани, Тожикистонда вагонларнинг талон-торож қилиш ҳоллари кўпайгани билан изоҳламоқда.

Конибодомлик суҳбатдошларимиздан бири Ўзбекистон томони иддаоларида асос борлигини айтади.

- Конибодомнинг Қарачқум станциясида содир бўлаётган ҳодиса биринчиси эмас. Жумладан, бир неча йил олдин Конибодом станциясида турган Ўзбекистон цистерналаридан бензин олишаётганида, ёнғин чиқиб, цистерна портлаган ва одам ўлганди. Бугунги Қарачқум номи аслида Қароқчиқум бўлган, чунки у ерда қароқчилар тўдаси изғиб юрарди. Шу боис бу манзилда шундай талон-торож бўлиб турганига ажабланмаса ҳам бўлади, дейди конибодомлик суҳбатдошимиз.

Бироқ Тожикистон расмийлари Ўзбекистон томонининг вагонлар таланаётгани ҳақидаги иддаолари ўринсизлигини таъкидламоқдалар.

- 2009 йилда Ўзбекистон томони мазкур масала юзасидан бизга бирорта ҳам мактуб йўлламаган, шикоят қилмаган. Аксинча, вилоятдаги қўшма корхоналар раҳбарлари ўзларига мўлжалланган юклар қўшни республикада ушлаб қолинаётганлиги ҳақида ўнлаб аризалар ёзишган эди, дейди Сўғд вилоят транспорт, алоқа ва йўл хўжалиги бошқармаси мулозими Қобил Усмонов.

Айни пайтда Андижон-Бухоро поезди қатнови тўхтатилганлиги яна оддий фуқароларга муаммо туғдирди. Юзлаб тожикистонликлар мазкур поезд хизматидан фойдаланишдан маҳрум бўлди.

- Мен бир неча йилдан буён Андижон-Бухоро поездида Ўзбекистонга ўз юмушларим билан бориб келардим. Бу жуда қулай ва арзон транспорт эди. Чунки қўшни республикага бориш учун бир нечта чегарадан яёв ўтиш, юкларни олиб келиш қийин. Поездда эса, айтайлик, Самарқанддан ёки Қаршидан юк олиб келмоқчи бўлсам, юкларни багажга топшириб, Хўжандгача бемалол дам олиб келардим. Шу йиллар давомида Ўзбекистонда бирор-бир муаммо юзага келмаган эди. Поезднинг тўхтаб қолганлиги менга ўхшаган тижоратчиларга ҳам, оддий йўловчиларга ҳам кўп қийинчиликлар туғдирди, дейди хўжандлик тижоратчи Абдумалик Каримов.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, вагонларни талон-торож қилиш, йўловчилардан ноқонуний “ўлпон” ундириш ҳоллари биргина Тожикистонда эмас, балки Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида мавжуд. Чунки давлатлар ўртасида транзит вагонлар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга оид шартнома имзоланган бўлса-да, бу ҳужжатлар ишламайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG