Линклар

Ҳумоюн – “ZeroMax” суперкомпанияси тизимига қарашли СуперХимчисткада иш бошқарувчи экан.

Остида “Ласетти”, адаси олиб берган. Адаси Девонда хизмат қилади; яқинда фалсафа фанлари доктори бўлади. Иккинчи стационар яқинида ҳовлиси бор. Уларнинг кўчасида асосан амалдорлар – янгибойлар истиқомат қилади.

- Қўл остимда қирқ битта одам ишлайди. Ярмидан кўпроғи қиз-жувонлар. Бевалари ҳам анчагина. Раҳбар ўз изнида бўлган хизматчилар билан дистанция сақлаши керак. Акс ҳолда, сирини бой бериб қўяди. Сирини бой бериб қўйган раҳбарнинг оддий ходимлардан фарқи қолмайди. Йўл ҳаракати чоғида дистанцияга амал қилинмаса, албатта бирорта кор-ҳол рўй беради. Бизнесда ҳам дистанция муҳим аҳамиятга эга... Тепамизда Опа турибди. Ҳеч ким мушугимизни “пишт!” демайди. “ZeroMax”га кўз олайтирадиган азамат ҳали дунёга келмаган. Шаҳар ҳожатхоналари ҳам суперкомпания доирасида фаолият кўрсатади...

- Биз асосан бойларга хизмат қиламиз. Маиший хизмат сифатини бойлар ушлаб туради. Ҳамма нарса капиталга боғлиқ. Тўғри, ҳамма нарсани капитал ҳал эта олмайди, баъзан ожизлик қилиб қолади. “Сизда куч-қудрат бўлса, бизда иймон-эътиқод бор”, деган гап бекорга айтилмаган. Масаланинг бу томони ҳам борлигини асло унутмаслик керак.

- Шўро даврида капиталга паст назар билан қараларди. Гўё юксак маънавиятли комил инсонлар жамиятнинг гуллари ҳисобланарди. Энди ижтимоий қатламлар ўзгарди: отда юрган одамлар эгардан тушди, маънан қашшоқ отбоқарлар отга миниб олди. Ижтимоий мезонларни ҳар доим отда юрган одамлар белгилаган. Қадрият қайси томонга эниб бораётганини, азизам, ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Баландпарвоз гапларни аллақачон йиғиштириш керак эди; ҳали ҳам кеч эмас, рози бўлсангиз, сизни СуперХимчистка қошидаги медпунктга аптекачи этиб ишга оламан. Ҳозир аптекачиларнинг пичоғи мой устида. Яхши яшашни истасангиз, ҳаёт билан ҳамқадам бўлинг, оқимга қарши сузаман деб овора бўлманг.

- Аслан, ғайратли йигитман. Участкамиз қурилишида жуда кўп мардикор ишлатдик. Дурадгор, ганчкор, кошинкор, пайвандчи, сувсоз, сувоқчи, бўёқчи, хуллас, жамики қурилиш мутахассислари қўлимиздан ўтди. Улар орасида прораб, муҳандис, ҳисобчи, бригадир бўлар экан. Кўчамиздан канализация ўтмаган. Учта мардикор уч кеча-кундузда 2х2 ҳажмли, чуқурлиги ўн уч метр бўлган ҳандақ қазиди. Ўн уч метрлик иморат, эҳтимол, одамга унчалик баланд кўринмас, аммо ўн уч метр чуқурлик киши кўзига жаҳаннамдек кўринар экан. Айниқса, кечаси қўлфонарни ёқиб тубига бўйласангиз, вай-вай, худди ютаман дерди. Четларига арматурадан карказ тўқиб, карказ тахта қолип-опаловка ичига олинди ва тепасидан машинада келтирилган бетон шариллатиб қуйиб юборилди. Беш куб-метр бетон кетди. Икки-уч “КамАЗ” тупроқ дарвозахонамизда тоғдай уюлиб қолди. Иккита мардикор келтириб хом ғишт қуйдирдим. Донасига ўн сўмдан ҳақ тўладим. Кунига 15 000 сўмлик иш бажаришди. Икки ҳафтадан сўнг ҳар куни уч мингтадан ғишт қуйилди. Хом ғиштга эллик сўмдан харидор чиқди; ҳаммасини кўтарасига бериб юбордим. Бир ярим миллион сўмлик ғишт сотдим. Қўлимни совуқ сувга урмасдан бир миллион сўм нақд фойда кўрдим. Мани тушунчам бўйича, ўзини ўтдан чўққа уриб юрадиган одам ғайратли эмас, у кўршапалакка ўхшайди. Ҳозирги замонда ғайратли одам тупроқдан пул ясаш йўлини билиши керак. Ғайрат билакда эмас, каллада бўлиши лозим. Куч ҳўкизда ҳам бор. Ақл-идрок эса ҳўкизда бўлмайди.

-Топармон одам билан тутармон одамнинг фарқи бўлади. Топармон одам кўп пул топиши мумкин, аммо топган пулини сақлаб қолишни билмайди: топганини пўқ-сийдик қилиб совуриб йўқотади. Тутармон одам кўп пул топмаслиги мумкин, аммо топганини маҳкам ушлаб қолади: жамғармасидан минг сўм сарфласа, ўрнини бир ярим минг қилиб тўлдириб қўяди. Топармон бўлгандан кўра, тутармон бўлган афзал.

- Мўйлов қўйган эркакни жиним суймайди. Авлодимизда ҳеч ким мўйлов қўймаган; марҳум бобом на мўйлов, на соқол қўйди. Иягидаги тўртта тукни доим устарада қиртишлаб юрарди. Авлодимиз бурундан барака топган. Шу боис баъзан бурун ҳажмини кичикроқ кўрсатиш учун ҳурпайтириб мўйлов қўйсаммикан деб ўйлаб қоламан. Нима қилсам экан? Сизга мўйловли йигитлар кўпроқ ёқадими ёки бемўйлов?..

Ҳумоюн монолог ўқишни яхши кўрадиган йигит экан. Унинг гапларига Чеҳрагул узуқ-юлуқ қилиб мужмал жавоб қайтарган, холос.
XS
SM
MD
LG