Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:06

Тожикистонда биометрик паспорт берилмоқда


Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари биометрик паспорт олиш фуқаролар учун мажбурий эмаслигини айтмоқдалар.
Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари биометрик паспорт олиш фуқаролар учун мажбурий эмаслигини айтмоқдалар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирча фуқаролар учун 100 минг дона биометрик паспорт тайёрланган бўлиб, бунга давлат бюджетидан 6 миллион АҚШ доллари ажратилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийларининг маълум қилишича, жорий йилнинг 1 февралида берила бошлаган биометрик паспортлар Фуқаролик Авиацияси халқаро ташкилоти низоми талаблари асосида жорий қилинган.

Вазирлик расмийларининг билдиришича, 2002 йилда Янги Орлеан шаҳрида имзоланган келишувга мувофиқ, Фуқаролик Авиацияси халқаро ташкилоти аъзо мамлакатлар 2010 йил апрелигача ўз мамлакатларида биометрик паспорт жорий этиш мажбуриятини олганлар.

Аммо, Ташқи ишлар вазирлиги расмийларига кўра, мамлакатдаги иқтисодий вазиятни назарга олган ҳолда, биометрик паспорт олиш тожикистонликлар учун мажбурий этиб қўйилмайди - уни истаган ва имконияти бор киши олиши мумкин.

- Биометрик паспортларда электрон маълумотлар бўлиб, унинг ичига микрочип жойлаштирилган. Микрочип ичига эса фуқаронинг бармоқ излари, кўз тўр пардаси тасвири киритилган. Шунингдек, паспортда фуқаронинг икки ўлчамли фотосурати, исми-шарифи, фуқаролиги, туғилган йили киритилган. Паспорт 48 саҳифадан иборат бўлиб, махсус программадан иборат иккита калитга эга. Фуқаролик паспортларининг муҳлати 10 йил, хизматчилар учун эса 5 йил, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Озода Раҳмонова.

Вазир ўринбосарига кўра, биометрик паспортларнинг ўзига хослиги ҳар бир паспорт алоҳида калитга эга эканидадир.

- Хорижий мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фақат биринчи калитга эга бўлишлари мумкин. Аммо иккинчи калитни ишга солиш учун эса давлатлар ўртасида халқаро келишув бўлиши лозим, деди Озода Раҳмонова.

Расмийнинг билдиришича, вазирлик биометрик паспортларнинг биринчи туркумини чоп этиш учун давлат бюджетидан 6 миллион доллар миқдорида қарз олган.

- Вазирлик олган қарзини давлатга қайтарганидан сўнг иккинчи туркум учун буюртма беришни кўзда тутган, дея маълум қилганди ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий январ ўрталарида журналистлар учун берган матбуот анжуманида.

Ўша тадбирда Ҳамрохон Зарифий умумфуқаровий паспорт 75 АҚШ долларга расмийлаштирилишини билдирган эди.

Аснода мустақил таҳлилчилар ўртача иш ҳаққи 60 доллардан камроқ бўлган Тожикистонда янги паспорт тизимига ўтиш оддийларга қийинчилик туғдириши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Бугун тожикистонликлар учун биометрик паспортларни жорий қилиш асосан кам таъминланган оилалар учун анча оғирлик қилади. Бир паспорт 330 сомоний (тақрибан 75 АҚШ доллари - таҳр.). Аҳолининг аксарият қисми ҳеч қаерда ишламайди. Кўпчилик оилалар бозордан топгани эвазига оиласини боқади. Айрим оила болалари эса тўйиб овқат емайди. Шунча қиммат нархда янги паспорт олиш улар турмушини янада қийинлаштириши турган гап, дейди мустақил таҳлилчи Сафари Абдуназар.

Аснода Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги масъуллари биометрик паспортлар қаторида эски нусхадаги фуқаролик паспортлари ҳам амалда қолиши айтмоқдалар. Уларга кўра, аҳолининг оддий паспортларини биометрик паспортга алмаштириши босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG