Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:27

Ҳомиладор аëлга энди ким иш беради?


Кузатувчиларга кўра¸ бундан сўнг туғиш ëшидаги ëш аëлларга Ўзбекистонда иш топиш янада оғирлашади.
Кузатувчиларга кўра¸ бундан сўнг туғиш ëшидаги ëш аëлларга Ўзбекистонда иш топиш янада оғирлашади.

Бу йилдан бошлаб фарзанд туғилгунча ва туғилганидан сўнг оналарга бериладиган нафақалар – туғруқ пулини тўлаш ишхоналар зиммасига юклатилибди, шу ростми? Мухлислардан бири йўллаган бу саволга топганимиз жавоб ўзбекистонлик бўлажак оналарнинг барига бирдек тааллуқлидир.

Ҳа, рост.

Чиндан ҳам 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб туғруққача ва туғруқдан кейинги нафақаларни тўлаш иш берувчилар зиммасига юклатилди.

Буни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигидан сўраб билдик.

- Мазкур маблағнинг тўланиши ҳозир ҳақиқатан ҳам иш берувчилар ҳисобига ўтказилган бўлиб¸ бу масала бўйича бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шуғулланади. 2010 йил 1 январдан бошлаб Меҳнат вазирлигидан бу нафақаларнинг молиялаштирилиши ва тўлаш тартиби назоратини Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси олди¸ деб, маълумот берди вазирликнинг ўзини таништиришни истамаган ходими.

Вазирлик вакилининг мана бу аниқламасини ҳам келтиришни жоиз билдик:

- До родовой¸ после родовойда ҳамма вақт ижтимоий таъминот бўлимидан пенсия жамғармаси маблағларига тўланарди. 2010 йил 1 январдан бошлаб иш берувчига ўтказилди¸ деди вазирлик вакили.

Гап туғруққача ва туғруқдан кейин тўланадиган пул ҳақида кетаяпти.

Янгиликдан жойлардаги иш берувчиларнинг ҳам хабари бор.

Наманганлик фермер Абдуваҳоб ака 1 январгача бўлган тартибни мана бундай тушунтирди.

- 1 январгача ишхоналар¸ ўрисчасига до родовой¸ после родовой дерди¸ бергандан кейин уни Ижтимоий таъминот компенсироват қилган¸ дейди Абдуваҳоб ака.

2010 йилнинг 1 январидан бошлаб эса, туғруқ пулини тўлаш “ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзига¸ фермер хўжаликларига келади. Шуларга ўтказилган”.

Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасидан маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Шунинг учун Меҳнат вазирлиги вакилидан олинган маълумотлардан келиб чиқадиган саволларимизни ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловга бердик.

Озодлик: Агар туғруққача¸ туғруқдан кейинги нафақаларни иш берувчининг зиммасига ўтказиб қўйган бўлса¸ яна нима учун бу жараëнни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси назорат қилиши керак?

Суҳроб Исмоилов: Бунинг сабаби иккита бўлиши мумкин. Давлат яширишга уринаëтган бўлса ҳам биринчи ва асосий сабаби шундан иборатки¸ давлат ўзини бозор иқтисодиëтига ўтдик деб эълон қилиш билан бирга ўзининг бошқарувчилик ëки назорат ролини сақлаб қолмоқчи. Шунинг учун бюджетдан ташқари жамғарма бўлса ҳам мана шу мажбурият энди давлатнинг бўйнида эмас иш берувчининг зиммасида бўлса ҳам корхона тарафидан ëки иш берувчи тарафидан ажратилган миқдор бюджетдан ташқари жамғарма тарафидан бўлиниши керак. Мана шуни давлатнинг ўзи назорат қилиб турмоқчи.

Озодлик: Шу ердаги механизмни мен тушунмаяпман. Ҳомиладор аëл туғруқ таътилига кетар экан у ишхонанинг кассасидан оладими ўша пулни ëки бюджетдан ташқари пенсия жамғармасидан оладими?

- Ишхонанинг жамғармасидан олади. Фақат бу ерда марказлаштирилган фондга ўхшаган жамғарма тузилиб¸ бюджетдан ташқари деб аталаяпти¸ ҳамма корхоналар ўзларининг балансларида бўлган туғруққа кетадиган ишчиларининг рўйхатини беради. Ўртада фақатгина қоғозбозлик¸ бюрократия кўпаяди холос. Яна ўша пул корхонанинг кассасига балансда турган ëки туғруққа кетиши кўзланган ишчига берилиши учун учун банкдан олинадиган пайтда қайтиб келади. Фақат корхонанинг ўзи тарафидан ажратилган пул шунча йўл босиб яна қайтиб келади. Ўртада қоғозбозлик¸ бюрократия кўпаяди¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Энди туғруқ пулини тўлаш янги тартибининг фойда-зарари масаласига тўхталайлик.

Наманганлик фермер Абдуваҳоб аканинг фикрича янги тартиб иш берувчи учун фақат зарардир.

- Бу нарса мен учун ниҳоятда зарба бўлади. Чунки зўрға амал-тақал қилиб солиқларни тўлаб келаяпмиз. Энди нима бўлиши мумкин? Назарий томондан оладиган бўлсак¸ иложи борича ҳар хил баҳоналар билан туғиш эҳтимоли бор аëлларни ишдан четлатишга ҳаракат бўлади. Янги олинадиган иш жойи бўшайдиган бўлса¸ келажакда туғиш эҳтимоли бор аëллар бўладиган бўлса¸ иложи борича уларни ишга олмасликка ҳаракат қилинади¸ дейди наманганлик фермер Абдуваҳоб ака.

Баъзи зиқна иш берувчилар туғруқ пулини тўлаш давлат зиммасида бўлган пайтларда ҳам туғиш эҳтимоли бор аёлларни ишга олмаслик учун минг бир хил баҳона топиб келганлигини ҳисобга олсак, 1 январдан кучга кирган тартиб ўзбекистонлик хотин-қизларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланиши йўлида ўтиб бўлмас тўсиққа айланишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси президентининг "Баркамол авлод йили" Давлат дастури тўғрисида"ги қароридан бир кўчирма келтирмоқчимиз.

Туғруқ пулини тўлаш иш берувчилар зиммасига юклатилишидан 4 кун аввал имзоланган мазкур ҳужжатда "Соғлом она – соғлом бола" дастурини изчил амалга ошириш асосида соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш..." "Баркамол авлод йили" Давлат дастурининг "асосий вазифа"ларидан бири қилиб белгилаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG