Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Латвия "Гуантанамо ўзбеги"га бошпана берди


АҚШ ҳукумати илтимосига биноан Латвия расмийлари Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасининг марказий осиёлик бир маҳбусини қабул қилишга рози бўлдилар.

Хавфсизлик органларидаги манбадан олинган маълумотга асосланиб LETA ахборот агентлигининг хабар қилишича, Гуантанамо маҳбуси Ўзбекистон фуқароси бўлиб, у Покистон чегарасида қўлга олинган.

Латвия ташқи ишлар вазири Марис Риекстиниш айтганига асосланиб Регнум ахборот агентлигининг маълум қилишича, 2 феврал куни ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида маҳбусни қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Вазирга кўра, ўзбек маҳбуси Гуантанамо қамоғида беш йил сақланган. Унинг террорчиликка алоқадор эканини исботловчи далиллар топилмаган ва унга нисбатан террорчилик фаолияти билан боғлиқ ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган.

АҚШ ва Латвиянинг хавфсизлик ходимлари унинг ишини пухта ўрганиб чиққан ва у кенг жамоатчиликка таҳдид солмайди, деган хулосага келган.

Латвия Гуантанамо маҳбусидан мамлакатга келиб яшаш, жамиятга интеграциялашув, давлат тилини ўрганиш ва Латвия қонунларига риоя қилиш истаги билдирилган ёзма аризани олган.

Ахборот агентлиги маълумотида “Гуантанамо ўзбеги”ни Латвия қабул қилиши мамлакат қонунлари ва халқаро нормалар доирасида амалга оширилиши, унинг сарф-харажатларини АҚШ қоплаши билдирилган.

Исми ошкор қилинмаган Гуантанамонинг собиқ ўзбек маҳбусига Латвияда “фуқаролиги бўлмаган шахс” мақоми берилади ва у ижарага олинган уйда эркин яшайди. Аммо у хавфсизлик органларининг доимий назоратида бўлади.

Жорий йил бошида АҚШ президенти Барак Обама террорчиликка алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахслар сақланаётган Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ҳақидаги фармонга имзо чекканди.

Гуантанамо қамоқхонасида инсон ҳуқуқлари бузилаётганини танқид қилиб келган аксар Европа давлатлари Обаманинг бу режаси амалга ошишида ёрдам бериш учун собиқ маҳбусларга бошпана бермоқда. Европа давлатлари ичида биринчи бўлиб Португалия Гуантанамо маҳбусига бошпана бериш истагини билдирган. Кейин Венгрия, Словакия, Франция, Британия, Ирландия ва Швейцария собиқ маҳбусларга бошпана берди.

Хусусан, Латвиядан олдин Ирландия ҳукумати Гуантанамо қамоғида сақланган икки нафар ўзбек маҳбусига, Швейцария эса бир нафар ўзбек маҳбусига бошпана берди.

Америкалик адвокат Майкл Монга кўра, Гуантанамода ҳаммаси бўлиб тўрт нафар ўзбекистонлик маҳбус сақланган. Улар Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардир. Америкалик адвокатнинг қайд этишича, улардан терроризм билан боғлиқ барча айбловлар олиб ташланган.
XS
SM
MD
LG