Линклар

logo-print

Paynet сирлари

  • Фаррух Юсуфий

www.paynet.uz сайтида тармоқ кўрсатадиган хизматлар рўйхати келтирилган.

www.paynet.uz сайтида тармоқ кўрсатадиган хизматлар рўйхати келтирилган.

Ўзбекистонда давлат ва жамоатчилик секторида ишловчилар маоши¸ нафақа ва пенсиялар қарийб тўлиғича пластик карточкага ўтказилган¸ аҳоли нақд пул учун сарсон бўлаëтган бир пайтда¸ мамлакат бўйлаб тарқаб бораëтган Paynet тизими нақд пул хазинасига айланган. Бу икки жараëн ўртасидаги алоқадорликни кўрмаëтган бўлсангиз¸ уларга сал синчковроқ назар ташлашга тўғри келади.

- Paynet ва шунга ўхшаган электрон пул ўтказиш тизимлари Ўзбекистонда асосан тўловларни қабул қилиш пункти ҳисобланади. Аҳоли олдин тўловларни банк кассалари ва почталарга тўлаган бўлса¸ ҳозир шу тўловларни Paynet орқали¸ электрон тизим орқали тўлашга ўтган. Paynetнинг оммалашгани ҳозирги кунда халққа ҳам қулай - навбатда туриш¸ кассани қидириш¸ унинг очилишини кутиб туриш каби нарсалар ҳозир йўқ. Бирдан бориб керакли тўловни тўлаб¸ ўша тўлов дарҳол ўз вақтида жойига етиб бораяпти.

Бу мулоҳазаларни билдирган Умиджон Ўзбекистон банкларидан бирининг собиқ ходими, ҳозирда тадбиркор.

"Танганинг орқаси" эшиттиришининг бугунги сонида Умиджон таърифлаётган ва Ўзбекистонда кундан-кунга ривожланаётган Paynet тўлов тизим ҳақида гаплашамиз.

Paynet тизими халқ учун қулайлик туғдираётган бўлса-да, дейди Умиджон¸ бу тизимининг танга каби орқаси ҳам бор.

Paynet тизими кўпчилик учун қулайлик яратаётгани ҳақиқат эканини биз билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар тасдиқлашди.

Масалан, тошкентлик хусусий тадбиркор Шавкат ака Paynet тўлов тизимидан жуда мамнун.

Шавкат ака: Paynet кўп жойда пайдо бўлди ва менинг билишимга қараганда жуда фойдали булар. Халқ учун яхши хизмат қилаяпти.

Озодлик: Қанақа хизматларни кўрсатади улар?

Шавкат ака: Мана масалан ксерокопияси бор¸ телефон тўлови бор¸ мобил телефонларнинг пулини қабул қилиб олади. Айрим шаҳобчаларда¸ даже коммунал тўловларни қабул қилади. Булар жуда яхши¸ жуда қулай.

Озодлик: Қанча хизмат ҳақи олишади?

- Масалан мен телефонга 5000 сўм тўлайдиган бўлсам¸ 4800 сўмни менинг телефонимга ўтказиб қўйишади. 200 сўм олиб қолишади¸ дейди Шавкат ака.

Фарғоналик яна бир суҳбатдошимиз ҳам Paynet тизими одамларнинг узоғини яқин қилмоқда, деган фикрда.

- Ҳозир одамлар МТС¸ Билайн¸ Perfectum, U-Cell, Uzmobile га Paynet орқали пул ташлашади. У қулай. Paynet кўчаларда кўп. Тошкентда кўпроқ ривожланган. Коммунал тўловларни тўласа ҳам бўлади, дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Демак, Paynet тизими қулайликлар яратмоқда ва ўзбекистонликлар орасида кундан-кунга оммалашиб бормоқда.

Paynet тизимининг Умиджон айтган танганики каби “орқаси” ҳам унинг оммалашиб бораётгани ва бу тизимда жуда катта маблағ, асосан оддий ўзбекистонликларнинг қўлидан қочаётган нақд пулнинг айланаётгани билан боғлиқдир.

- Paynetнинг ривожланган томони шундаки¸ айни пайтда Ўзбекистон банклари нақдсиз пулни нақд қилиб бериш имконига эга эмас. Яъни Ўзбекистон банкларида Ўзбекистон валютаси жуда ҳам кам. У ерда ўзларининг мижозларига пул топиб бера олишмаяпти. Айни шу шароитда Paynetнинг ривожланиши табиий ҳол. Нимагаки¸ банклар доимий пул тушумига эга бўлган шаҳобчага унинг бир бўлимини очишни таклиф қилишади. Paynetнинг агентлигини очишни маслаҳат беради. Paynet шаҳобчалари билан банклар ўртасида кўпинча келишув бор. Кўпгина банклар Paynet билан шуғулланадиган мижозларига пластик карточкаларни етказиб беради. Эвазига улардан нақд пул олади. Лекин ўртада нақд пул қилиб берганининг эвазига 10 фоиздан 20 фоизгача қўшимча даромад қилади¸ дейди Умиджон.

Тизимда тўпланадиган катта миқдордаги нақд пул эса, деб давом этади собиқ банк ходими, ҳеч қаерда қайдга олинмайдиган катта даромад учун кенг имкониятларни яратади.

Умиджон: Paynet пунктларида кўпинча терминал - пластик карточкадан пул қабул қилиб олиш имконияти деган нарса бор. Ҳозир одамлар ҳам терминалга ўрганиб қолган. Ойлигини пластик карточкага берганда пластик карточкаси билан Paynetга боради. 100 минг ойлик олган бўлса¸ шуни Paynetнинг терминалида қолдиради ва 80 минг нақд пул олиб кетади. 1 миллион пул йиғилган бўлса¸ Paynet пунктлари банкдаги пул бўлими болаларига телефон қилади ва ўзида қанча пул йиғилганини айтади. Кейин банкдаги одамлар ўзининг мижозларига пул топиб бериш учун пластик карточкаларни йиғиб уларга олиб бориб беради. Шунақа қилиб улар пластик карточкадан пулни ечиб олиб¸ ҳалиги пулни банкка бераверади. 1 миллионни тўғридан тўғри нақд пул қилиб банкка олиб бориб топширмайдида терминал орқали ўзининг ҳисобига қўяди.

Озодлик: Демак¸ ўртадаги 20 фоиз қайд қилинмаган соф фойдага айланди-а?

- Албатта. Бу фойда Paynetнинг ҳисобига бўлади, дейди собиқ банк ходими, ҳозирда тадбиркорлик қилаётган Умиджон.

Шу ерда, ўқувчимизга тушунарлироқ бўлиши учун, Paynet тизимидаги “пулни пулга уриштириб кўпайтириш” усулига оддий мисол келтирамиз.

Айтайлик, Paynet хизматларини кўрсатадиган бир шаҳобчага бир кунда бир миллион сўм нақд пул тушди. Кўрсатилган хизмат ҳақи 4 фоиз эканини инобатга олсак, бир миллиондан 40 минг сўмини олиб ташлаймиз. Қолган 960 минг сўмдан 300 минг сўми, мисолимиздаги Paynet шаҳобчасининг фаолияти шубҳа туғдирмасин учун, унинг банкдаги ҳисоб рақамига инкассатор орқали бериб юборилади. Шаҳобчанинг ўзида 660 минг сўм нақд пул қолади. 660 минг сўм эса Ўзбекистонда сони кундан-кунга кўпайиб бораётган пластик карточка соҳибларининг ҳожатини чиқаргани сарфланади. Яъни нақдсиз пул хизмати кўрсатилди, деб пластик карточка эгасига 4 фоиз эмас, 15-20 фоизлик хизмат ҳақи эвазига нақд пул қайтиб берилади. Бу эса қўшимча 100-130 минг сўм, деганидир. Яъни бир миллион сўмдан, хизмат ҳақи учун 40 минг сўм эмас, 140-170 минг сўм фойда кўрилади. Агар битта шаҳобча кунига 10 миллион сўм пул туширса, бу фойда ҳам 10 баробар кўпаяди.

Умиджоннинг айтишича, Paynet тизими ичидаги ноқонуний пул операциялари ўтган йилнинг ёз ойларида Миллий хавфсизлик хизматида ҳам қизиқиш уйғотган. МХХнинг раиси Рустам Иноятов шахсан бу ҳақда бош вазир Шавкат Мирзиёевга билдиришнома юборганини биламан, дейди собиқ банк ходими.

Умиджон:
Мен ўзим банкда ўтирганимда¸ шунга гувоҳ бўлгандимки¸ пул муомаласи бўлимида ишлайдиган ходимлар ўзларининг Paynet билан шуғулланадиган мижозларига Иноятов Бош вазирга информация берганлиги ҳақида айтишган. Бир кунда ҳаттоки 12 миллионга яқин пулни легаллаштириш ишларини қилишган.

Озодлик: 12 миллион сўм бу битта пунктдами?

- Ҳа. Бош вазирга “Бу ëқда ноқонуний катта пул айланмаси бюджетга келаяпти. Шуни назорат қилишимиз керак” деган маънода хат юборган. Бунга жавобан Бош вазир Марказий банкка буни назорат қилиш¸ мониторингга олишни буюрган. Худди шунинг нусхасини муаммо туғилмаслиги учун Paynet мижозларига “Эҳтиëт бўлинглар. Бирданига катта суммаларни урманглар. Озгина-озгинадан уринглар” деган маслаҳатларни банкларнинг ўзи беришган. Лекин менинг ўзимнинг фикрим шундаки¸ улар ҳар қанақа вазиятда ҳам¸ буни мониторингга олган тақдирда ҳам бу ишни тўхтата олмайди. Чунки Ўзбекистон банкларида пул йўқ. Одамлар мажбурликдан бу ишни давом эттираверади. Халқда бу нарсага талаб бор. Ойлиги пластик карточкага берилгандан кейин уни нима қилишни билмаган одамлар мажбур бўлади¸ дейди Умиджон.

Сирдарёлик ўқитувчи ва ўзбекистонлик миллионлаб пластик карточка соҳибларидан бири Гулбаҳор опа билан суҳбатимиз Умиджоннинг гаплари ҳақиқатга яқин эканини тасдиқлайди.

Гулбаҳор опа: Банкка борсак¸ бизга нақд пулга алмаштириб бермайди. Банкда пул йўқ экан. Биз нима қилаяпмиз? Масалан¸ менинг пластик карточкамга 250 минг пул ўтди. Кейин мен валюта алмаштирадиганларга бориб 20 фоизга алмаштирдим. 250 минг пулимнинг 50 мингини олиб қолишиб¸ менга 200 минг пул беришди. Ноиложликдан 20 фоизга алмаштиришга мажбур бўлдик.

Озодлик: Қанақа қилиб алмаштириб беради: Мана карточкангизни олди. Кейин нима қилади?

Гулбаҳор опа: Карточкамни олиб терминалга солади ва пулни ечиб олади. Менга 200 минг бериб¸ 250 мингни ечиб олишади.

Озодлик: Қанақа терминал у? Сиз ўзингиз у терминалга солиб олсангиз бўлмайдими?

Гулбаҳор опа: Бизнинг олдимизда терминалга солиб қанча пул эканлигини кўришади. Бошқа жойга олиб бориб ечиб олишади.

Озодлик: Терминалга солиб пластик карточкада қанча пул борлигини кўришадида-а?

- Ҳа¸ олдин кўришади. Кейин 20 фоизини олиб қолишади, дейди Гулбаҳор опа.

Аслида, Paynet тизими ва у билан боғлиқ “сув ости тошлари” ҳақида бундан бир неча ой аввал тошкентлик бир молиячи мутахассис Озодлик мухбирига ишорат қилган эди. Лекин Paynet ортида ҳокимиятнинг юқори доираларига яқин кишилар тургани ва бу масаланинг жуда “нозик” эканини айтиб, бу ҳақда билағон молиячи ҳатто микрофонсиз суҳбатга ҳам рози бўлмаган эди.

Мавзу хусусида биз билан суҳбатлашишга рози бўлган собиқ банк ходими тизим ортида ким турганини билмаслигини айтади.

- Бундан менинг хабарим йўқ. Мантиқан катта пул айланадиган жойни кимдир назорат қилади¸ лекин кимлигини билмайман¸ дейди Умиджон.

Лекин, Paynet тизимининг кундан-кунга оммалашиб бораётгани ва пластик карточкларнинг аҳолига мажбурлаб ўтказилиши ўртасида боғлиқлик бор, деб тахмин қилади Умиджон. Бу боғлиқликни танганинг орқасига қарасангиз кўриб оласиз.

Умиджон: Мен¸ албатта¸ боғлиқлик бор деб ўйлайман. Иноятов Бош вазирга хат ëзган кунидан эътиборан ойликларни пластик карточкага бериш жуда жадаллашди. Мен шу нарсани эътиборга олдим. Олдин мажбурий эмас эди. Ойлигининг 30-20-10 фоизини берарди. Худди шу масала кўтарилгандан кейин ойликнинг 60-70 фоизини пластик карточкага ўтказиш бошланди.

Озодлик: Ҳозир 100 фоизга ҳам етган¸ дейишаяпти.

- Ҳа¸ шундай. Давлатда ишлайдиган кўпчилик одамлар ойлигини нақд пулга ололмагандан кейин “майли¸ пластик карточкага берсанг ҳам розиман” деган шароитлар келиб чиқаяпти. Бошида одамлар ўзининг ойлигидан 15-20 фоиз ушланиб қолишига норози эди. Нақд пул қили беринг деб келса¸ “15 фоиз бўлади” десангиз¸ норози бўларди. Ҳозир одамлар шунга ҳам рози бўлаяпти. Бунақа вазиятни ҳукуматнинг ўзи келтириб чиқарган. Бундан фойдаланаëтган ҳам ҳукумат. Икки томондан ҳам ҳукуматга фойда, дейди собиқ банк ходими Умиджон.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG