Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

Президент куёвини танқид қилиш тақиқланди


Тимур Қулибоевни таҳқирлаганликда айбланаётган нашрлар орасида "Республика" газетаси ҳам бор.
Тимур Қулибоевни таҳқирлаганликда айбланаётган нашрлар орасида "Республика" газетаси ҳам бор.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев мамлакатдаги бир қанча оммавий ахборот воситалари устидан шикоят қилиб, Олмаота шаҳри Медеу туман судига даъво аризаси билан мурожаат қилгани ҳақидаги хабар 2 феврал куни маълум бўлди.

Маълум бўлишича, 1 феврал куни Медеу туман суди мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир қозоқ фуқаросига президент куёви Тимур Қулибоев шаънини таҳқирлайдиган маълумотни чоп этишни бутунлай маън этиб қўйган. Акс ҳолда, суд қарорига кўра, оммавий ахборот воситалари фаолиятига чек қўйилиб, унинг бор мол-мулки мусодара этилади.

- Биз бу ҳақда тушдан сўнг хабар топдик. Ўша пайтгача президент куёвининг бизга нисбатан даъво аризаси ҳақида ҳеч нарса эшитмагандик, дейди мухолифатдаги “Республика” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Оксана Макушина.

Эслатиб ўтсак, январ ойи охирида айни пайтда қочқинликда бўлган қозоғистонлик йирик корчалон Мухтор Аблязов президент Назарбоев куёви мамлакатдаги йирик нефт-газ конларини хитойлик сармоядорларга сотиб юборгани, бунинг учун хитойликлардан 166 миллион АҚШ доллари миқдорида пора ҳам олгани ҳақида билдирганди.

Мухтор Аблязов президент Назарбоевнинг куёви қозоқ халқи пулини ўғирлагани ҳақида Қозоғистон бош прокуратураси, давлат хавфсизлик қўмитаси ва молия полициясига маълум қилиб, уни жавобгарликка тортишни сўраган эди.

Шундан сўнг қозоғистонлик корчалон Хитой раҳбари Ху Цзинтаога хат йўллаб, Қозоғистон президенти куёвига пора берган хитойлик сармоядорларни ҳам жавобгарликка тортишни сўраган эди.

Қайд этиш жоизки, президент Назарбоев куёвининг пора олишда айбланаётгани ҳақидаги хабарни Озодлик радиосининг қозоқ хизмати ҳам ёйинлаганди. Ҳозирда аксар маҳаллий оммавий ахборот воситалари мазкур мавзуни айнан хориж радиоси тарқатган маълумотга таянган ҳолда ёритганларини билдириб келмоқдалар. Шунга қарамай, суд мухолифатдаги ва мустақил учта маҳаллий нашргагина президент Назарбоев куёвининг даъво аризасини юборгани маълум.

- Шахсан мен буни номақбул бўлган оммавий ахборот воситаларига нисбатан босим ўтказиш, дея баҳолайман, дейди “Взгляд” газетасининг бош муҳаррири Игор Винявский.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Қанат Саудабаев айни кунларда Вашингтонда ЕХҲТнинг америкалик вакиллари билан расмий музокаралар олиб бормоқда. Шу боис кузатувчилар қозоқ расмийлари президент куёви ҳақида танқидий мақола ёйинлаган хорижий оммавий ахборот воситасига, жумладан, Озодлик радиосига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилолмаслигини таъкидламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрияда қочқинликда бўлган қозоқ хавфсизлик хизмати собиқ раиси Алнур Мусаев оммавий ахборот воситаларида президент Нурсултон Назарбоевнинг куёвига қарши ёзилган материаллар президент топшириғи билан амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтганди.

- Қозоғистонда энг аввало президент Назарбоев ўз лавозимига бўлган муҳтамал даъвогарлардан қутулишга ҳаракат қилади. Ҳозир президент иккинчи куёви молиявий ва сиёсий жиҳатдан кучайиб бормоқда. Шу боис президент унга ўз жойини кўрсатиб қўймоқчи. Қозоғистонда президент топшириғисиз ҳеч бир иш амалга ошмайди, президент куёвига нисбатан ёғилаётган танқид ҳам президентнинг топшириғи асосида амалга оширилаяпти. Иккинчи куёв ҳам худди тўнғич куёв қилган хатоларни такрорлаяпти, деганди Қозоғистон махфий хизмати собиқ раҳбари.

Мавзуни ёритиш асносида Олмаота шаҳридаги Медеу туман суди ва Назарбоев куёви Тимур Қулибоев котибияти билан боғланишга қилган ҳаракатларимиз самара бермади.

Тимур Қулибоев Нурсултон Назарбоевнинг иккинчи қизи Динара Қулибоеванинг турмуш ўртоғи бўлиб, 2008 йили АҚШнинг “Форбс” журнали эр-хотин Қулибоев ларни дунёдаги миллиардерлар рўйхатига киритган.
XS
SM
MD
LG