Линклар

Тошкент Душанбени халқаро экспертиза ўтказишга чақирди


Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонда Роғун ГЭСини барпо қилиш масаласида халқаро экспертиза ўтказилиши лозимлигини таъкидламоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг тожикистонлик ҳамкасбига йўллаган мактубида яна бир бор таъкидланган.

-Тожикистон томони расмий Тошкентнинг ушбу масалага бўлган ёндашувини инкор қилишда давом этаверса, ГЭС қурилиши оқибатида рўй бериши мумкин бўлган офатлар олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мазкур масалада халқаро ҳамжамият ва экология соҳасидаги жаҳон ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин, дейилади Мирзиёевнинг “Правда Востока” нашрида чоп қилинган мактубида.

Шавкат Мирзиёев расмий Тошкентнинг Роғун ГЭСини қурилишига бўлган принципиал ёндашувларидан бири мустақил халқаро экспертиза ўтказилиши бўлиб қолаётгани, зотан мазкур лойиҳа бундан 40 йил аввал эски технологиялар асосида ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Бош вазири ўз мактубида Роғун ГЭСининг минтақа экологияси ҳамда хавфсизлигига келтириши мумкин бўлган тахдид ва зарарларига ҳам тўхталиб ўтди.

Мирзиёев фикрича, қурилажак Роғун ГЭСи Амударё сувининг ҳажми ва оқиш режимига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда янги ГЭСнинг сейсмик ҳудудда барпо қилинаётгани техноген аварияларга олиб келиши мумкин.

Тожикистон ҳукумати собиқ СССР даврида барпо қилина бошлаган Роғун ГЭСи қурилишини бундан икки йил аввал қайта бошлади. Расмий Душанбе мазкур лойиҳа учун қарийиб 150 миллион доллар сармоя киритмоқда.
XS
SM
MD
LG