Линклар

Хитой АҚШга янги огоҳлантирув йўллади


Хитой АҚШни президент Барак Обама ва Тибетнинг қувғиндаги руҳоний етакчиси Далай Лама ўртасида ўтадиган учрашув икки давлат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги хусусида огоҳлантирди.

Сешанба куни Оқ уй маъмурияти Пекин эътирозларига қарамай президент Барак Обама икки-уч ҳафта ичида Далай Лама билан учрашишини расман тасдиқлади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бугун эълон қилинган баёнотда президент Обама ва Далай Лама ўртасида ўтказиладиган ҳар қандай учрашувга мутлоқ қарши эканини билдирди.

Қувғиндаги Тибет ҳукумати матбуот вакили, ўз навбатида, Хитойнинг бу каби учрашувлар натижасидан қўрқаётганини айтади.

- Фикримча, бу каби баёнотлар Тибет муаммосининг халқаро майдонга чиқарилиши хусусида мавжуд Хитой ташвишларини намойиш қилмоқда. Боиси жаҳон Тибет муаммосини кенгроқ англай бошласа, Хитой ҳукумати бу масалада бирон бир чора кўриши лозим, дейди қувғиндаги Тибет ҳукумати матбуот вакили.

Хитойнинг Google қидирув тизими билан юзага чиққан тортишуви ҳамда АҚШнинг Тайванга қурол-аслаҳа сотиш режалари туфайли сўнгги пайтда Пекин ва Вашингтон муносабатлари бир оз таранглашди.
XS
SM
MD
LG