Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:21

Гуантанамода ўзбек қолмади


Йиллар давомида Гуантанамода сақланган беайб ўзбекистонлик тутқунлар учун асирлик ҳаëти ортда қолиб¸ янги синовлар даври бошланди.
Йиллар давомида Гуантанамода сақланган беайб ўзбекистонлик тутқунлар учун асирлик ҳаëти ортда қолиб¸ янги синовлар даври бошланди.

Президент Обама ëпишга қарор қилган Гуантанамо ҳарбий қамоқхонасидаги ўзбекистонлик тутқунлар "бозори чаққон"¸ дейиш мумкин. Террорчиликка мутлақ алоқаси йўқ деб топилган тўрт тутқуннинг бари биринчилардан бўлиб демократик Европа ҳукуматлари томонидан бошпана беришга лойиқ деб топилди.

Латвия ҳукумати Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасининг марказий осиёлик бир маҳбусини қабул қилишга рози бўлди.

Латвиядаги ЛЕТА ахборот агентлиги мамлакат хавфсизлик идораларига асосланиб Гуантанамо маҳбусининг Ўзбекистон фуқароси экани ва бу шахснинг Афғонистон- Покистон чегарасида қўлга олинганини хабар қилди.

Бу хабар ортидан Озодлик Латвия Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Озодлик билан суҳбат аввалида вазирлик матбуот котиби Ретс Плесамс (Rets Plesums) Латвия қабул қилиб оладиган тутқуннинг Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлади.

"Сизнинг бу саволингизга¸ норасмий бир тарзда¸ ҳа дейишим мумкин"¸ дея гап бошлади кулгу аралаш Латвия расмийси.

- Кеча¸ 2 феврал куни Латвия Вазирлар кабинети Гуантанамо қамоқхонасидан бир маҳбусни мамлакатга олиб келиш ҳақида қарор қабул қилди. Европа иттифоқи аъзоси сифатида Латвия президент Обаманинг Гуантанамо лагерини ëпиш қарорини олқишлади ва уни сиëсий жиҳатдан қўллаб қувватлади. Хабарингиз бор¸ кўпгина Европа иттифоқи давлатлари Гуантанамо тутқунларига ўз ҳудудидан жой беришга қарор қилди ва Латвия шулар жумласидандир.

Озодлик: Латвия Гуантанамо қамоғидаги тутқунлардан фақат биттасини қабул қиладими?

Ретс Плесамс: Ҳа¸ Латвия хавфсизлик хизмати мутахассислари бевосита Гуантанамо лагерига бориб¸ тутқунлардан бир нечтасининг иши билан яқиндан танишиб чиқдилар. Улар хулосаси асосида Вазирлар кабинети фақат битта тутқунга жой беришга қарор қилди.

Озодлик: Латвия ҳукумати нега айнан Ўзбекистон фуқаросини қабул қилишга қарор берди? Бу тутқун ҳақида нималарни айта оласиз? Бу одамнинг исми-шарифи¸ Ўзбекистоннинг айнан қайси вилоятиданлиги¸ ëхуд ëши ҳақида бирор маълумот бера оласизми?

Ретс Плесамс: Очиғини айтсам¸ бу жараëнга оид ахборот жамоатчилик учун мўлжалланмаган¸ анчагина махфийдир. Сизга айтишим мумкин гап¸ бу одамнинг Латвияда ўринлашишга мойиллик кўрсатгани ва Латвия жамиятига интеграциялашиш учун ҳаракат қилишга оид ҳужжатга қўл қўйгани ва унинг рус тилини билишидир. Охирги жиҳат¸ унинг Латвияда қўним топишида анчагина муҳим рол ўйнайди.

У шунингдек латиш тилини ўрганииш ва Латвия қонунларига риоя қилишга оид ҳужжатга ҳам қўл қўйди. Бу одамнинг исми-шарифини сизга ошкор қила олмайман. У ҳали мамлакатимизга келганича йўқ ва Латвияга йилнинг биринчи ярмида келса керак. Ëш масаласида фақат бир гапни – унинг 30-40 ëш орасида эканини айта оламан¸ холос. Бу шахс¸ террорчилик билан боғлиқ барча айбловлардан озод ва у Гуантанамодаги тутқунларнинг жамият учун хатар солмайдиган деб топилган 3-тоифасига мансубдир.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукуматининг бу шахс¸ хусусан унинг Латвиядан қўним топиши масаласига муносабати қандай? Расмий Тошкент бу одамга бирор айблов қўйганми¸ уни мамлакатга қайтаришга уринганми ëхуд Латвия Ўзбекистон фуқаросига бошпана бериш олдидан Тошкент билан консултация ўтказдими?

Ретс Плесамс: Бундай жараëнлар бўлганидан хабарим йўқ. Агар Латвия Ички ишлар вазирлиги Тошкентдаги ҳамкасблари билан бу масалада боғланмаган бўлса¸ Ташқи ишлар вазирлиги бундай ишни қилгани йўқ.

Озодлик: Гуантанамода айбсиз равишда беш йил тутқунликда сақланган Ўзбекистон фуқароси Латвияга келар экан¸ уни бу ерда нималар кутмоқда? Бу шахснинг Латвия ҳаëтига мослашишини осонлаштирувчи мусулмон жамоалари борми? Ва ниҳоят¸ бу шахснинг жорий ва келажак мақоми қандай бўлади?

Ретс Плесамс: Бу жараëннинг қандай кечиши¸ кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқ бўлади. Ҳеч ким ундан ўз диний эътиқодини ўзгартиришни сўрамайди ва ишончим комилки¸ очиқ ва демократик давлатда у ўз диний эътиқодига эркин амал қила олади. Латвияда оз сонли бўлса-да мусулмон жамоаси бор ва уларнинг амалда фаолият юрғизаëтган масжидлари ҳам бор. Умид қиламизки¸ бу жиҳатлар собиқ Гуантанамо тутқунининг Латвиядаги янги ҳаëтини енгиллатишга ëрдам беради.

Унинг мақомига келсак¸ собиқ тутқун мамлакатга фуқаролиги йўқ шахс сифатида келади ва агар у Латвия қонунларига риоя қилиб¸ латиш тилини ўрганиб¸ Латвия жамиятига интеграциялашувга ҳаракат қилса¸ келажакда у мамлакатимизнинг тўлақонли фуқаросига айланиши мумкин. Бу одам олдида Латвияда янги ва кенг имконлар очилади ва бу имкондан қандай фойдаланиш¸ энди кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқ¸ дейди Латвия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ретс Плесамс Озодлик билан суҳбат якунида.

Гуантанамо тутқунларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган америкалик адвокат Майкл Монга кўра, Гуантанамода жами тўрт нафар ўзбекистонлик маҳбус сақланган. Улар Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардир. Терроризм билан боғлиқ барча айбловлар олиб ташланган бу тўрт маҳбусдан иккитасига Ирландия¸ биттасига Швейцария ва яна сўнггисига¸ Латвия ҳукумати бошпана берди.
XS
SM
MD
LG