Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:59

Эрон ўз уранини хорижга юборишга рози


Аҳмадийнажоднинг янги баëноти Теҳроннинг халқаро муроса томон ташлаган қадами¸ кузатувчилар бу борада эҳтиëткор муносабат билдирмоқдалар.
Аҳмадийнажоднинг янги баëноти Теҳроннинг халқаро муроса томон ташлаган қадами¸ кузатувчилар бу борада эҳтиëткор муносабат билдирмоқдалар.

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон кам тўйинтирилган уранини қайта ишлаш учун хорижга юборишга тайёр эканини маълум қилди. Бундай талаб БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги ва қудратли давлатлар томонидан қўйилаётган эди.

Эрон давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз давлати ҳеч қандай муаммосиз мамлакат тасарруфида бўлган кам тўйинтирилган уранни қайта ишлаш учун хорижга юборишга тайёр эканини эълон қилди.

- Биз бойитилган уранимизни хорижга ҳеч қандай муаммосиз жўната оламиз. Айрим Ғарб давлатлари асоссиз шовқин кўтарган эди. Бу борада бизда муаммо йўқ. Чунки биз ёнилғи алмашиш ҳақида келишув имзолашга тайёрмиз. Биз уларга 3¸5 фоиз бойитилган уран берамиз ва тўрт ёки беш ойдан кейин улар бизга 20 фоизгача бойитилган ёнилғи жўнатади, деди президент Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Шу пайтгача Эрон расмийлари, жумладан, президент Аҳмадийнажоднинг ўзи ҳам кам тўйинтирилган уранни бошқа давлатда қайта ёнилғига айлантиришга оид БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги ва қудратли олти давлат вакиллари томонидан ишлаб чиқилган таклифларни кескин танқид қилиб келаётган эдилар.

-Аҳмадийнажоднинг бугунги баёноти бу масалада Эрон позицияси ўзгараётганини акс эттиради, бироқ ядровий дастур масаласида кўп нарса ҳануз қоронғулигича қолмоқда, дейди Стокҳолм халқаро тинчлик институтининг ядровий қуролсизланиш масалалари бўйича эксперти Шаннон Киле.

- Шахсий фикримча, президент Аҳмадийнажод ҳақиқатдан ҳам ядровий ёнилғини айрибошлаш борасида қандайдир келишувга эришиш мақсадида. Ўйлашимча, 5+ 1 давлатлари билан келишувга эриша олмасликнинг асосий сабабларидан бири бу Аҳмадийнажоднинг Теҳрон раҳбарияти, ҳусусан, мамлакат парламентидаги консерваторлар билан муросага бора олмаслигидир. Фикримча, эндиликда президент Аҳмадийнажоднинг сўнгги баёноти мамлакат ичкарисида қўллов қозона оладими, мана бу масала савол бўлиб қолмоқда, деди, жумладан Шаннон Киле.

Атом энергияси халқаро агентлиги таклифига биноан Теҳрон ўзининг 70 фоиз кам тўйинтирилган уранини қайта ишлаш учун хорижга юбориши ва қайта ишланган уран кейинчалик Эронга қайтариб берилиши лозим.

Ушбу режадан асосий мақсад Эроннинг ўз ядровий қуроли ишлаб чиқариш имконидан маҳрум қилишдир. Расмий Теҳрон ўз дастури ёрдамида ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринмаётганини таъкидлаб келмоқда.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров расмий Москва Эрон ҳукумати қарорини олқишлашини маълум қилди.

Вашингтонда эса АҚШ расмийлари агар Эрон БМТ таклифларини қабул қилаётган бўлса, бу ҳақда Атом энергияси халқаро агентлигини огоҳлантириши лозим, дея таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG