Линклар

logo-print

Давлат телеканали Умида Аҳмедовага қарши чиқди

  • Абдулла Искандар

Умида Аҳмдовани жиноятчига чиқаришга уринаëтганлар жамоатчилик онгини ҳам ўзлари томон оғдиришга уринмоқда.

Умида Аҳмдовани жиноятчига чиқаришга уринаëтганлар жамоатчилик онгини ҳам ўзлари томон оғдиришга уринмоқда.

Ўзбекистонда кимгадир уюштирилган жиноят учун суд ҳукм чиқариши арафасида ўша шахс ëки шахсларга қарши давлат телевидениеси тимсолидаги пропаганда машинаси ишга туширилади. Ҳали суд бир қарор бермаган¸ айбсизлик презумпцияси ҳимоясида бўлган шахс¸ жамоатчилик кўз олдида жиноятчига чиқарилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 1- каналининг “Долзарб мавзу” рукнида кинотасвирчи Умида Аҳмедова қораланди.

Дастур Умида Аҳмедовага ва хусусан, унинг Швейцария элчихонасининг молиявий кўмагида суратга олинган “Бокиралик юки” ҳужжатли фильмига бағишланди.

Тошкентдаги манбаимизга кўра¸ ТВ Аҳмедованинг фильмини тўлиқ кўрсатмаган. Томошабинларга унинг баъзи саҳналари тақдим этилган, холос.

Телекўрсатув иштирокчилари –этнограф аёл, адабиётшунос, Ўзбекистонда таниқли сексопатолог врач, “Оила” марказининг вакиласи, маърифат ва маънавият марказининг вакили, пойтахт жамоатчилиги вакиллари сифатида бир гуруҳ аёллар, “Бокиралик юки” фильми муаллифи шаънига маломат юклашган.

ТВ Кўрсатувни томоша қилган жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиëр Ҳамроевга кўра¸ теледастур иштирокчилари бир овоздан Умида Аҳмедовани қоралашган.

- Бу эшиттиришни Ўзбекистон телевидениесида кундуз куни кўрсатишди. Бошида Умида Аҳмедованинг ибо фильмидан бир парча кўрсатди. Жуда қисқагина парча кўрсатди¸ холос. Маҳалла қўмиталарининг раислари¸ қандайдир киноуюшманинг раиси¸ жуда кўплаб олимлар¸ тадбиркорлар ва кўплаб экспертлар ўзларининг хулосаларини айтдилар. Ўша эшиттиришда бир қизиқ ҳолат борки¸ телевидениега таклиф қилинганларга олдин бу ҳужжатли фильмни кўрсатишган ва ундан кейин улар фикрларини билдиришган. Битта нарса шу ерда аëнки¸ бу ерда ҳаммаси бир овоздан кинодаги бу воқеликни қораладилар¸ холос¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Ҳамроевга кўра¸ инсон ҳуқуқ фаоллари ва сиëсий маҳбусларни қоралаб кўрсатиш жанри телевидениеда аллақачон ривож топган.

- Мана яқинда Юсуф Жума ҳақида¸ қамалиб чиққан Оязимхон Хидирова ҳақида¸ қамоқда қолаëтган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳақида эшиттириш берди. Бу буюртма шаклда тайëрланган эшиттиришлар. Ўша эшиттиришларни халқнинг онгига сингдирмоқчи. Ҳуқуқ ҳимоячиларини телевидение орқали “Ватан хоинлари¸ҳозирги жамиятни кўра олмайдиган одамлар” сифатида халқнинг онгида гавдалантирмоқчи¸ дейди Бахтиëр Ҳамроев.

Бахтиëр Ҳамроев айтган фильмлар аввалига МХХ да тайëрланиб кейин эфирга узатилади¸ дейди ўз исми айтилишини истамаган ЎЗ ТВ ходими.

Ўзига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат) ва 140 (Ҳақорат)- моддалари бўйича жиноий иш очилган Умида Аҳмедова бу телекўрсатувни кўрмагани ва бусиз ҳам жамоатчилик босимларидан дили хира эканлигини айтади.

- Тўғрисини айтсам¸ ҳозир шундай ҳаяжондаманки¸ бирор нарса дейишим қийин. Ўзимиздаги ситуацияни тушуниб¸ қўллаб-қувватлаëтган одамларга раҳмат. Майли бу ҳам бир Оллоҳнинг синови. Энди Оллоҳнинг ўзи мадад берсин. Мен ҳеч қачон ўзимнинг юртимга¸ ўзимнинг ўзбек халқимга мана шу расмларим туҳмат деб қабул қилинади деб ўйламаган эдим. Етти ухлаб тушимга кирмаган бу. Менга ҳар томонлама қийин ҳозир¸ дейди Умида Аҳмедова.

Айни пайтда Умида Аҳмедовани қўллаб-қувватловчи кўмак гуруҳ ташкил қилинганини айтиш лозим.

Бу кўмак гуруҳи ташкиллаштирган Ўзбекистон ҳукуматига очиқ хат остига 1500 дан зиёд одамлар имзо чекди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG