Линклар

Остонага Европа қадриятлари эслатилди


2010 йил давомида ЕХҲТ нинг амалдаги раиси вазифасини Қозоғистон Ташқи ишлар вазири бажаради.

2010 йил давомида ЕХҲТ нинг амалдаги раиси вазифасини Қозоғистон Ташқи ишлар вазири бажаради.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг АҚШдаги қаноти – Америка Ҳельсинки комиссияси Қозоғистонни тилга олинган ташкилотнинг янги раислигига тайинлангани билан табриклади ва Остонани мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга чақирди.

2 феврал куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг АҚШдаги қаноти – Америка Ҳельсинки комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Комиссия ҳамраиси Alcee Hastings ЕХҲТга аъзо давлатларнинг вазирлар даражасидаги 2007 йилги учрашувида Қозоғистоннинг раисликка номзодини қўллаб-қувватлаганини эслаб ўтди.

Hastings, шунингдек, ўшанда Қозоғистон вакилига Остона раисликка даъво қилиш учун муайян ислоҳотларни амалга оширажагига кафолат бериши кераклигини уқтирганини эслади.

- Берилган ваъдаларнинг устидан чиқишади, деган умиддаман. Ҳар ҳолда шундай бўлишини кутаяпман. Вазир жаноблари, ҳукуматингиз ЕХҲТ олдидаги мажбуриятларга мос келувчи Мажридда берган ваъдаларингизни амалга ошириш устида иш юритади, деган умиддаман, деди Alcee Hastings

ЕХҲТ сафларига 56 давлатни бирлаштирган минтақавий ташкилот бўлиб, у ўз олдига жамиятни демократиялаштириш, матбуотни эркинлаштириш, сайловларни адолатли ўтказишни ҳамда миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш каби мақсадларни қўйган.

Демократик ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилган Қозоғистон ЕХҲТнинг навбатдаги, 2010 йилги раислигини бажаришга киришди.

2001 йилдан буён АҚШ Қозоғистон билан хавфсизлик масалаларида яқин ҳамкорлик қилиб келади.

Бироқ Қозоғистонда ўтказилган сайловларни Ғарб кузатувчилари ҳеч қачон эркин ва адолатли¸ деб баҳолаган эмас.

20 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган президент Нурсултан Назарбоев мухолифатга деярли тоқатсиз.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, нуфузли халқаро ташкилотга раислик қилишга Қозоғистон номуносиб, деган фикрда.

Ўтган йили мухолифатчи "Республика" газетаси туҳматчиликда айбланиб, бир неча сонининг тиражи мусодара қилинди.

Бошқа бир мухолифатчи газета – "Тошжарған"ни эса, суд туҳматчи, деб айблади ва у ёпиб қўйилди.

Америка Ҳельсинки комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтаётган бир пайтда Озодлик радиоси қозоқ хизмати Қозоғистонда яна бешта газетанинг тиражлари суд ҳукми билан мусодара қилингани тўғрисида хабар қилди.

Маълум бўлишича, "Республика", "Голос Республики", "Взгляд", "Курсив", "Курсив - новости" газеталари юқори лавозимли давлат амалдорининг коррупционерлиги тўғрисида мақола ёритган.

Маълум бўлишича, ўша юқори лавозимли давлат амалдори президент Назарбоевнинг куёви Темур Қулибоевдир.
XS
SM
MD
LG