Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:47

Инқироз глобал ҳарбий харажатларга таъсир этмади


Қароргоҳи Лондонда жойлашган Стратегик тадқиқотлар халқаро институти дунё давлатлари 2008 йилда мудофаа учун сарфлаган маблағ 1,55 триллион АҚШ долларини ташкил этгани, 2009 йилда бу кўрсаткич кўпайган бўлиши мумкинлигини башорат қилди.

170 та давлатининг мудофаа харажатлари ва иқтисодий аҳволи ҳақида маълумотлар тўпланган халқаро институтнинг 490 бетлик ҳисоботида дунё бўйича ҳарбий харажатларнинг асосий қисми Хитой, АҚШ, Франция ва Япония каби йирик давлатлар ҳиссасига тўғри келиши ва охирги 18 ой ичида бу давлатларда ҳарбий харажатлар кўпайгани ёки ўзгаришсиз қолгани билдирилган.

Стратегик тадқиқотлар халқаро институти мутахассиси Марк Стоукер шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодий бўҳрон глобал ҳарбий харажатларга таъсир этмаганини айтди.

- Албатта, биз аксар давлатларда ҳарбий харажатлар ўзгармаганини, баъзи давлатларда қисқарганини кўрдик. Мудофаа учун катта пул сарфлайдиган АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия каби йирик давлатларда ҳарбий харажатлар йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ҳисобига глобал миқёсда умумий кўрсаткич юқори бўлиб қолмоқда, дейди ғарблик мутахассис.

Стоукерга кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан ҳисобланса, сўнгги йилларда дунё бўйича ҳарбий харажатлар кескин ошмаган. Масалан, 2004 йилда дунё бўйича мудофаа харажатлари ялпи маҳсулот ҳажмига нисбатан 2,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2008 йилда 2,56 фоизга тўғри келган.

Халқаро институт ҳисоботига мувофиқ, иқтисодий бўҳрон турли давлатларнинг ҳарбий харажатига ҳар хил таъсир этган. Етакчи давлатлар орасида фақат Россия ҳарбий соҳа учун камроқ маблағ ажратган. Хусусан, 2009 йилда Россияда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоизга камайгани боис Москва армияни янги қурол-аслаҳа билан таъминлаш режасини тўхтатган.

Айни пайтда Россияда чиқадиган “Военно-промышленный курьер” нашрининг 3 феврал кунги 4-сонида ҳам собиқ Иттифоқи давлатларидаги ҳарбий харажатлар ҳақида мақола эълон қилинди. Мазкур мақолада 2010 йилда МДҲ давлатларида ҳарбий ҳаражатлар 2009 йилга нисбатан 5 фоизга, 2008 йилга нисбатан 15 фоизга кўпайиши маълум қилинган.

Постсовет ҳудудидаги қуролланиш пойгасида Грузия, Озарбайжон ва Арманистон пешқадамлик қилмоқда. Жорий йилда Грузияда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 4,5 фоизи (11,3 миллиард АҚШ доллари), Озарбайжонда эса ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи (1,5 миллиард доллар) миқдорида ҳарбий харажат бўлиши кутилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2009 йилда Арманистон иқтисодиётида ортга кетиш 15,6 фоизни ташкил этган. Шунга қарамай, Арманистон раҳбарлари жорий йилда ҳарбий харажатлар учун ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 4 фоизидан кам маблағ сарфлаш ниятида эмас.

Мазкур мақолада Марказий Осиёда Ўзбекистон ўз ҳарбий қудратини фаол ошириб бораётганини билдирилган. Бу жаҳон иқтисодий бўҳрони Ўзбекистонни четлаб ўтгани ва 2009 йилда мамлакат иқтисодиётида ўсиш кузатилгани билан изоҳланган.

Мақолада Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2010 йилда мудофаа соҳасига 1 миллиард 420 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашни режалагани билдирилган.

Қўшни Қозоғистон эса жорий йилда ҳарбий харажатлар учун ялпи ички маҳсулт ҳажмининг 1 фоизидан кам қисмини сарфлашни мўлжаллаган. Айни пайтда Ўзбекистоннинг бу йилги ҳарбий ҳаражатлари ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 3,5 фоизига тўғри келади.

Алексей Максимов Ўзбекистонда ҳарбий ҳаражатлар ошишини аввало этник, демографик ва ижтимоий соҳадаги мураккаб вазият сабабли мамлакатда норозилик кучаяётгани, иккинчидан, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатлар ёмон экани, учинчидан, Афғонистондаги НАТО кучларига ёрдам бераётган Ислом Каримов Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшайдиган шимолий минтақаларини ўзига бўйсундиришни яширинча мақсад қилгани билан изоҳлаган.

“Военно-промышленный курьер” нашрида Тожикистон ва Қирғизистоннинг ҳарбий харажатлари минтақада фаолият юритаётган Россия, Хитой ва НАТОга аъзо бўлган айрим давлатлар кўрсатаётган ёрдам ҳисобига тўлдирилаётгани билдирилган.

2010 йилда Туркманистон ва Молдовада мудофаа учун сарф-ҳаражатлар миқдори ўзгармаган.
XS
SM
MD
LG