Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:18

Душанбе RSFга жавоб қайтарди


“Озодагон”, ”Фараж” ва “Азия плюс” мустақил газеталари бўйича маҳкама Душанбе шаҳрининг Сино туман судида давом этмоқда.
“Озодагон”, ”Фараж” ва “Азия плюс” мустақил газеталари бўйича маҳкама Душанбе шаҳрининг Сино туман судида давом этмоқда.

Тожик расмийлари “Озодагон”, ”Фараж” ва “Азия плюс” мустақил газеталарининг маҳкамага тортилишида ҳеч қандай сиёсий мотив йўқлигини ва бу иш Чегара билмас мухбирлар ташкилоти иддао қилгани каби олдинда турган парламент сайловларига ҳам дахлсизлигини таъкидламоқдалар.

Тожикистон президенти матбуот хизмати масъули Маҳмудхон Сараев судялар ва мустақил газеталар ўртасидаги баҳсга сиёсий тус бериб, уни парламент сайловлари билан боғлаш ва бу ишда ҳукуматнинг қўли бор деб билиш воқеликдан узоқлигини таъкидлади.

- Бу ишда сиёсий мотив борлигини иддао қилиш мутлақо нотўғри. Бу энг аввало биз тезроқ ривожланишини истаётган воқеий демократик жараённинг амалдаги натижасидир. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Чегара билмас халқаро ташкилотининг бу борада ҳукумат судларга топшириқ берганига оид иддаоси мутлақо асоссиз деб биламиз, дер экан Маҳмудхон Сараев Тожикистон демократик давлат экани ва ҳуқуқлари поймол қилинган ҳар бир фуқаро судга мурожаат қилишга ҳақлилигини қистириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 28 январида тожикистонлик уч судя юқорида номи зикр этилган уччала мустақил газета ва бир адвокатни ўзларига туҳмат қилганлиги даъвоси билан Душанбе шаҳрининг Сино туман судига даъво аризаси билан мурожаат қилганди.

Ҳакамлар ўзларига етказилган маънавий зарар учун бу газеталар ҳамда адвокатдан тахминан 1 миллион 420 минг АҚШ доллари ундирилишини талаб қилганди.

Судяларнинг бу даъвоси Тожикистондаги қатор оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда халқаро ташкилотларни ҳам бефарқ қолдирмади.

1 феврал куни Чегара билмас мухбирлар (Reporters Sans Frontieres) халқаро ташкилоти Тожикистон ҳукуматига баёнот билан чиқиб, мамлакатдаги “Озодагон”, “Фараж” ва “Азия плюс” каби мустақил газеталарга суд орқали босим ўтказишни тўхтатишни сўради.

Шунга қарамай, 2 феврал куни Душанбе шаҳар Сино туман судида бу уччала мустақил газеталар устидан ёпиқ эшиклар ортида суд жараёни бошланди.

Маҳкамага раис этиб тайинланган Сино туман судяси Амриддин Сафоев даъвогарлар ва айбланувчиларга суд жараёни учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғишни маслаҳат бериб, 23 февралгача танаффус эълон қилди.

“Медиа-алянс” ташкилот раиси ва “Факти и комментарии” бош муҳаррири Зафар Абдуллоев судлар билан мустақил газеталар ўртасидаги маҳкама жараёни айни парламентга сайловлар арафасида бошлангани учун ҳам ҳукумат истаса-истамаса - мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам - бу ишга сиёсий тус берилиши табиийлигини айтади.

“Медиа-алянс” ташкилот раиси фикрича, “исфараликлар иши” бўйича судялар ва мустақил газеталар ўртасида бошланган “уруш”да давлат мулозимларининг бевосита қўли бор.

- Тожикистон судлари мустақиллиги таъкидланса-да, кўп ҳолларда уларнинг адолатсизлигига гувоҳ бўламиз. Кўпинча давлат мулозимлари билан бўлган судларда оммавий ахборот воситалари ютқазаётгани фикримиз далилидир, дейди Зафар Абдуллоев.

Зафар, гарчи бу баҳсга аралашиш Тожикистон президенти салоҳиятига кирмаса ҳам, шарқона анъаналардан келиб чиққан ҳолда бу “уруш” давлат раҳбарининг бевосита аралашувисиз ижобий якун топмайди, дея мулоҳаза билдиради.

Айни пайтда, мустақил газеталарни судга берган ҳакамлар талабига кўра, “Озодагон”, “Фараж” ва “Азия плюс” газеталари фаолияти суд ҳукми эълон қилингунга қадар тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG