Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:59

Зўрланган маҳбусани бадном қилишмоқчи


Тошкент ҳибсхонасида рўй берган жиноят учун жавобгарлик жабрланувчи зиммасига юклатилмоқда.
Тошкент ҳибсхонасида рўй берган жиноят учун жавобгарлик жабрланувчи зиммасига юклатилмоқда.

Тошкентдаги тергов изоляторида ўндан ошиқ милиционер томонидан зўрланган сурхондарёлик Райҳон Соатовани Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ахлоқсиз, маиший бузуқ аёл сифатида кўрсатиш ва шу орқали айбни уларга тўнкашга уринмоқда.

Абдусамад Соатовнинг Озодликка хабар қилишича, Сурхондарёдаги маҳаллий прокуратура ходимлари синглиси Райҳонни аҳлоқсиз аёл сифатида кўрсатиш мақсадида улар яшаган қишлоқ маъмуриятидан мажбурий равишда тушунтириш хати ёздириб олган.

- Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси маҳаллага¸ қишлоқ советига, оқсоқолга, посбонларга хат юборган. Мактаб директорини чақиртирган. Маҳалланинг ҳаммасини чақиртириб, “ёзмаймиз” деса ҳам, тушунтириш хати, тавсифнома олишибди. Прокуратурада мени қабул қилишмади. Опам борган экан. Козимов Жаҳонгир деган прокурор бор экан. У: “Бизга тепадан буйруқ келган”, дебди, дейди Абдусамад Соатов.

Абдусамаднинг айтишича, прокуратурадагилар синглиси Райҳонни ёмонотлиқ қилиб, ўзлари сувдан қуруқ чиқишмоқчи.

- Битта опам ва битта синглим мактабда ишлайди. Юқоридан келиб, одамларнинг олдида: “Райҳон эрга теккани йўқ эди-ку, болали бўлган эмиш”, деган. Кейин поччамни ҳам чақиртирган. Кейин поччам борса¸ поччамга: “Қанақа қиз эди?” дебди. “Яхши қиз эди” деса¸ “Яхши қизга ўхшамаяпти-ю”, дебди. “Нимага?” деса¸ “Суюнчи беринглар, жиянли бўлдингизлар, шунақа болали бўлибди. Кимдан орттирган бўлса ҳам орттирган - билмайман. Энди милиционерларга тўнкаяпти” деб поччамга айтган. Буларнинг мақсади синглимни маиший бузуққа чиқариб¸ унинг ўзига ағдаришмоқчи, дейди Абдусамад Соатов.

Опа-сингил Соатовалар билан боғлиқ воқеани кузатиб келаётган “Эзгулик” жамияти ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Райҳон Соатованинг ўзини суюқоёқ аёлга чиқаришга уринишлар бўлаётгани ҳақида хабар қилади.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, прокуратура ходимлари Райҳон яшаган қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли, у ўқиган мактаб маъмурияти ва ўқитувчиларни чақириб, унинг аҳлоқи яхши эмаслигини ёзиб беришни талаб қилишган.

- Жарқўрғон тумани прокурори ўринбосари Жаҳонгир Козимов ўша ердаги маҳаллий ўқитувчилар¸ Райҳоннинг қариндошларини¸ оқсоқолларни чақириб олиб¸ унинг аҳлоқи борасида ҳар хил нарсалар ëзиб беришга мажбур қилган. Маиший бузуқ¸ ҳулқи бузуқ аëлга чиқариб¸ уни милициялар зўрламаганлигини исботлаш бўйича топшириқ берилган. Жаҳонгир Козимов: “Унинг аҳлоқсизлигини ëзиб берасизлар”, деган. Оқсоқоллар¸ ўқитувчилар бу таклифга рози бўлишмабди. Биздаги маълумотларга кўра¸ улар “Райҳон намунали оиланинг қизи” деган характеристика беришган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Опа-сингил Соатовалар 2009 йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Аввал хабар қилганимиздек, Райҳоннинг қизи 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик пайтида туғилди.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, Райҳоннинг ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Абдусамад Соатовнинг Озодликка маълум қилишича, у Ўзбекистон адлия идорасидан синглиси Райҳонни тергов давомида зўрлаган милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида расмий билдиришнома олган.

Абдусамадга кўра, ушбу билдиришномада Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув бўлимининг бир гуруҳ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноий иш очилиб¸ тергов-суриштирув ишлари бошлангани ҳақида ёзилган.

Айни пайтда Райҳон Соатова қизи билан биргаликда Зангиотадаги аёллар қамоқхонасидан Тоштурмага ўтказилган.

- Райҳон ҳозир боласи билан Тоштурмада. Тергов изоляторида. Мирзо Улуғбек туман прокуратураси Райҳоннинг номусига текканлиги бўйича терговни олиб бораяпти. Терговчи Рустамбоев Азиз дегани экан, дейди Абдусамад Соатов.

Ушбу тергов жараёни билан боғлиқ қўшимча маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман прокуратурасидан терговчи Азиз Рустамовни изладик. Бироқ у киши билан боғланиш имкони бўлмади.

Абдураҳмон Ташановга кўра, “Эзгулик” жамияти опа-сингил Соатовалар ҳимояси учун курашни давом эттириш ниятида.

- “Эзгулик” жамияти охиригача курашади. Лекин охири қаерлиги нисбий нарса. Агар Ўзбекистон ҳукумати¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари оëқ тираб туриб оладиган бўлса¸ воқеа шу ерга келганда тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Воқеалар ривожи фақат бизга эмас, бизни қўллаб-қувватлаëтган БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси доктор Манфред Новак ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳаракатига ҳам бир томонлама боғлиқ. Умид қиламизки¸ жамоатчилик босими билан бу воқеа текширилади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари ўз жазосини олади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатовалар Тошкентда аввалига безориликда айбланган¸ кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилган ва маҳкамага тортилган эди.

Суд ҳукмига мувофиқ, Райҳон Соатова 7 йилу икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Унинг опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида жазо муддатини ўтаяпти. Кичик синглиси Хосият эса суд ҳукмига кўра айбдор деб топилиб, 6 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин суд ушбу ҳукмни шартли жазо билан алмаштириб, Хосиятни озод қилган.
XS
SM
MD
LG