Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

Олмаотада қийноқ қурбонлари ёдланди


Ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Тўрегожина сўнгги пайтларда Қозоғистонда маҳбуслар тирноғи остига игна санчиш билан қийнаш авж олганини айтади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Тўрегожина сўнгги пайтларда Қозоғистонда маҳбуслар тирноғи остига игна санчиш билан қийнаш авж олганини айтади.

Жорий йилнинг 4 феврал куни Халқаро қийноқларга қарши кунга бағишлаб Олмаотада ўтказилган акцияда Қозоғистонда қийноқлар қўлланиши оқибатида ҳалок бўлган одамлар ёдга олинди.

Олмаота шаҳри марказида ўтказилмиш акцияга ташриф буюрган қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоатчилик ташкилотлари фаоллари сўнгги йилларда Қозоғистон қамоқхона ва тергов ҳибсхоналарида қийноқлар асосан диний мотивлар бўйича айбланиб, ҳибсга олинган кишиларга нисбатан қўлланаётганини урғуладилар.

Улар ўтган йили қамоқда вафот этган диндор Азамат Каримбоевни ҳам хотирлаб ўтдилар.

Эслатиб ўтамиз, диндор Каримбоевнинг жасади оила аъзоларига қайтарилгач, унинг махфий хизмат ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилганини маълум бўлганди. Аввалги лавҳаларимизда биз диндор Азамат Каримбоев жасадида кўплаб қийноқ излари борлиги ҳақида маълумот бергандик.

Акцияда иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Тўрегожина айни пайтда Қозоғистонда қийноқлар нафақат диндорлар, балки ҳибсга олинаётган оддий одамларга ҳам қўлланаётганини қайд этди.

- Қозоғистонда Шанирақ воқеалари бўлиб ўтганда ҳибсга олинган 25 киши ички ишлар бошқармасида ўзларига нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида айтиб бергандилар. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларнинг тирноғи остига игна тиқиб қийнашганини айтишганди. Ҳозир қийноқ қўллашда оддий игнадан кўп фойдаланилаяпти, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Эслатиб ўтсак, 2007 йили Олмаота шаҳри чеккасидаги Шанирақ туманида ҳуқуқ-тартибот органлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келганди. Бунга шанирақликларнинг ҳокимият вакиллари буйруғига бўйсунган ҳолда ўз ҳовли-жойларини ташлаб чиқиб кетишни истамаганлари сабаб бўлганди.

Қозоғистондаги халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси ходими Андрей Гришинга кўра, гарчи мамлакат бундан бир неча йил аввал қийноқларга қарши халқаро конвенцияни ратификация қилган бўлса-да, сўнгги 3-4 йил ичида ҳуқуқ-тартибот органларининг атиги 15 ходимигина одамларга нисбатан қийноқ қўллагани учун жавобгарликка тортилиб, улардан ҳам фақат 3 таси жавобгарликка тортилган.

- Сўнгги бир йил ичида мингдан зиёд қозоғистонлик халқаро инсон ҳуқуқлари бюросига ўзларига нисбатан қийноқ қўлланганидан шикоят қилиб келдилар. Яъни, кўриб турганингиздек, бу рақамларда катта фарқ бор. Боиси қийноқ қўллаш, қаттиқ жазо қўллаш бизнинг ҳуқуқ-тартибот органларимиз учун кундалик амалиётга айланган. Аммо 90 фоиз ҳолатда одамларга нисбатан қийноқ қўллаётган ҳуқуқ-тартибот органлари жазоси қолиб кетмоқда, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Гарчи бугун Олмаотадаги қийноқ қурбонларини хотирлаш акцияси тинч ўтган бўлса-да, тадбир иштирокчиларини ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг назоратида бўлдилар.

- Биз бу ерда ҳеч қандай митинг ва пикет ўтказилмаслигини тушунтиришга ҳақлимиз, деди Олмаота шаҳар ҳокимлиги ходими Бауржан Иманғалиев бунга изоҳ бераркан.

Қийноқларга қарши кунга бағишлаб Олмаотада ўтказилган тадбирда ўнга яқин ҳуқуқ ҳимоячиси ва жамоатчилик ташкилотлари фаоли иштирок этди.
XS
SM
MD
LG