Линклар

logo-print

Юсуф амнистия туфайли Жаслиқдаги зиндондан қутилиб келган, шекилли.

Қандай қутилди экан? Соқол-мўйлови ўсиб кетган, ақл-ҳушидан мосуво бўлган эди-ку! Рангли суратларини ўз кўзим билан кўрганман, кўзларимга ишонмасдан видеотасвирини олдирдим: кун бўйи бир нуқтага тикилиб ўтираверади, сайрга олиб чиқилса 70 яшар чога ўхшаб букчайиб юради. Бечорага одамнинг раҳми келади. Диққат-эътибор бир шахсга йўналтирилса, оқибати шунақа бўлади. Диққатни сал-пал сусайтириш керак, шекилли. Адолатли ва ҳуқуқий-демократик мамлакатда диққат-эътибор ҳам жамиятнинг барча аъзолари ўртасида теппа-тенг адолатли тақсимланиши керак. Чамамда, Ҳидоят Махсум ман берган кўрсатмани ўзича тушуниб, Юсуфни амнистияга тўғрилаб қўйган кўринади. Майли, х. с ним! Мушук мов бўлгунча ўз ҳолига қўйиб берилади, сигирнинг арқони устига ташлаб қўйилади – хоҳлаган жойида ўтлаб юраверсин. Кейин кўрамиз; Жаслиқнинг фахрий аъзоси сифатида умрбод зиндонбанд этилса ҳам Ҳумон Войчдан бошқа ҳеч ким сас-садо чиқармаса керак.

У Жаслиқдан расмона мулло бўлиб қайтибди.

“Нафсимни оқламайман. Тангрим асраган нафсдан ўзга барча нафслар ёмонликка етаклайди. Биламан, подшо бир куни мени ҳузурига таклиф этади ва: “Сани ўзимга чин дўст қилиб оламан”, дейди. Мартабам ҳамманикидан улуғ бўлади. Ўшанда золим подшога Ҳақ йўлини кўрсатилиб, Қодирий бобо орзу қилган Мусулмонободнинг муҳташам биноси пойдеворига дастлабки ғишт қўйилади...”

“Кўнглим сезиб турибди, Қурбон ҳайити намозини тупроқдан ташқарида юрган мазлум халқ жамулжам бўлиб ўқийди. Ҳамма сафга тизилади ва ҳайит намози ўқишга ният қилинади. Қўллар қовуштирилиб, киндик остига туширилади. Саломдан сўнг Имом минбарга чиқиб икки ракат хутба ўқийди. Биринчи хутба кетма-кет тўққиз такбир, иккинчи хутба етти такбир айтиб бошланади. Ҳайит намозига барча эркак ғусл қилиб, энг яхши кийимларини кийиб, хушбўй бўлиб бориши суннатдир”.

“Зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилиш керак. Қурбонлик вақти Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ўн иккинчи куни шом кирмасидан тугайди. Ҳайит намози ўқилмасидан олдин қурбонлик қилиш мумкин эмас. Камида беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Қорин қўйиб юборган, бўғозлиги гумон қилинаётган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди. Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка атаб сўйиши мумкин. От ҳам қурбонлик қилинса, қорамол мақомида бўлади. Аммо фақат кимдир фақат қази қилиш ниятида от сўйса, қурбонликка ўтмайди. Зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилмаса, қурбонлик қийматини садақа қилиши керак”.

“Азизам, ўзингиз ҳам билсангиз керак, валиаҳд Ҳумоюн мирзо оғир дардга чалиниб ўлим тўшагида ётган кезлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурга кўпни кўрган мир Абулқосим: “Ушмундоқ дардларға дармон бўлурким, яхши нимарсалардан тасаддуқ қилмоқ керак. Тоинки Тенгри таоло сиҳҳат бергай”, деб маслаҳат беради. Шу онда Бобуршоҳ: “Ҳумоюннинг мендан ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ, мен ўзум тасаддуқ бўлайин, худой қабул қилсун”, деб кўнглидаги гапни айтади. Хожа Халифа: “Сиз бу сўзни нечун тилингизга келтурурсиз?! Дунё молидан яхшисини тасаддуқ қилмоқ керак. Бас, ўша олмоским, Иброҳим урушида тушуб эрди, Муҳаммад Ҳумоюнға иноят қилиб эрдингиз, тасаддуқ қилмоқ керак”, деб эътироз билдиради. Шоҳ айтади: “Дунё моли анинг эвазига нечук бўлғай? Мен анинг фидоси қилурменким, ҳол анга мушкул бўлибтур, ман анинг бетоқатлиғини тоқат келтургаймен...” Бетоб ўғлининг бошидан уч қатла айланиб-ўргулиб: “Мен кўтардим ҳар не дардинг бор”, дейди сидқидилдан. Ўша заҳоти шоҳ оғир касалга йўлиқиб, валиаҳд енгил тортади; шоҳ беҳуш бўлиб йиқилади, валиаҳд сиҳат топиб ўрнидан туриб кетади. Умр бўйи лафзига вафодор бўлган шоҳнинг охирги сўзлари ҳам Тангри таоло томонидан инобатга олинади. Ҳатто қудратли Оллоҳ Бобур мирзонинг лафзига ишонади ва қурбонлигини – жонини қабул қилади. Агар лафзимга ишонсангиз, азизам, мен ўзимни сизга қурбонлик қилишга розиман. Сиз-чи?”

Сукунат. Диктофондан ту-ту-ту деган товуш эшитила бошлайди.

Уяли телефон тугмачасини Чеҳрагул босиб ўчирадими ёки Юсуфми, буни билиб бўлмайди. Билганим шуки, бу Юсуф бошга битган бало бўлади, шекилли.

Қизиқ, Юсуфнинг тўрттами-бешта ёвқур ўғли бор, жанггари рафиқаси бор; улар оилавий фирқа бўлиб гўё зулм-залолатга қарши бош кўтарган, хотини ҳамон чет элларда ғавғо қилиб юрибди деб эшитган эдим. Ҳидоят Махсум, нима бало, мани бўлмағур чўпчакларга ишонтириб юрган экан-да!

Балки, бу бошқа Юсуфдир? Кошкийди. Аммо-лекин буниси ҳам унисидан қолишмайдиган кўринади... Унисига аҳм, бунисига ҳам махсус амнистия эълон қилиб, икковини ҳам навбатдан ташқари ҳолатда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирлаб юборсам, оқибати нима бўлар экан? Шундай қилиб, икковини ҳам офсайтга чиқариб қўйсам, олам гулистон бўлмасмикан?..

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG