Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Гастарбайтерлар учун Фойдали маслаҳатлар!


Ажойиб бир замонда яшамоқдамиз! Демократия, глобаллашув, плюрализм, кризис, гастарбайтер…қандай сеҳрли сўзлар! Ғиж-ғиж маъно!

Шундай сўзларни ишлата билган одамзод кичкинагина қорнини тўйдира олмаса, а?! Минг йил олдин болаларимнинг қорнини тўйдираман деб қандай эшакдай ишлаган бўлса, ХХI асрда ҳам аҳволи заррача ҳам ўзгармаган; минг йил олдин ота –бобоси қандай кетмон кўтариб юрган бўлса, худди шу аҳволда далада пешонаси сарғайиб¸ қадди букилиб юрган; минг йиллар олдин қандай “қорасуяк-оқсуяк”, “тезак ва қоп” тўғрисида гап-сўзлар билан ўзини овунтириб юрган булса, бугунги кунда хам бошқа янги гап топа олмаган ўзбегим худди инсоният тараққиёти ҳошияси -бордюрида дам олаётгадек туюлади менга...

Мен гастарбайтер сифатида кўплаб "вояж", "турне"ларда бўлганман. Шу, четга чиқаётган ўзбек биродарларимизга бир-икки зувала маслаҳатларим йиғилиб қолган эди.

Демак, инструкция:

1. Узоқ йўлга чиқсанг ўзинг билан кўп пул олиб юрма. Бор пулни сен билан кетаётган бошқа одамга топшириб қўй, ундан эса узоққа кетма. Пул ўрнига қотган нон, қотган туршак ва, Ҳожибой акамиз айтганларидек, ҳатто қотган сув оволсанг режага мувофиқ буладур. (Пулни иштоннинг бир жойига кеннайига айтиб тиктириб қўйса ҳам бўлаверади).

2. Қозоғистоннинг таможнясида энг катта хавф қозоқ чегарачиларидан эмас, аксинча, ўзимизниг жигарларимиздан кутилмоғи даркор. Қитиғи бор одам яхшиси чегарага яқинлашмасин ҳам, уйда ўтирсин: тинтув пайтида қитиғи келиб “Нега бу кўп куляпти? Бунда бир гап бор, биз билан юринг!”, деб қолганларни ҳам олиб кетишлари мумкин. Кейин бояги иштонга тикилган пулларни барини беришга тўғри келади!

3. Чегарада сендан биров “Қурол, наркотик моддалар, порнографик фотосуратлар борми?” деб сўраб қолса зинҳор ва зинҳор “Қанчадан оласиз?” деб қовун тушириб ўтирма: улар ҳазиллашяпти! Энг яхши усул: қаерда хавф-хатар сезсанг “Акалар, биз ўнақа нарсаларга тушунмаймиз, қишлоқдан энди шаҳарга чиқишимиз”, деб гапиргин (бу усул русчасига “Я не панимаю руски”, дейилади). Таможнядан қуруқ иштонда “Энди қутулдим” деб ҳадеб хурсанд бўлаверма: нарида ГАИ ёки солдатлар пости бўлиши мумкин. Нега ҳайрон бўласан-уларнинг ҳам бола-чақаси бор, ахир!

4. Шаҳарга иложи борича тунда кириб келгани маъқул: мелисалар тунда юрмайди. Иложи борича кундуз куни шаҳар ичидаги рекогносцировкани кўпчилиб бўлиб амалга оширинг: мелисалар қўлига тушганда оз-моздан йиғилиб дарё бўлур...деганларидек. Иложи борича, кўчада турган милиция ходимларининг кўзига қарамасдан шошилмасдан ўтиб кет. Идеал вариант: қўлингда бамаънироқ газета (“КоммерсантЪ”, “Аргументи и факти”, “СпидИнфо”) ёки қалинроқ китоб олиб юр-бу билан сен уларни жиддий чалғитишинг мумкин. Агарда, мелисалардан бири сенга қараб келаетганини кўзингни қири билан сезиб қолсанг, актив ҳужумга ўт: ўзинг унга яқинлашиб, тоза рус тилида, акцентсиз “Будьте любезни,господа! Не изволите ли мне подсказать, как пройти к библиотеке имени Ленина?”, деб савол бер. Жавобни кутиб ўтирмасдан, “Ви так любезни!”, деб жилмайиб йўлингни давом эттир.

5. Кийим масаласида... Россия шаҳарларида кўчада бурчак-бурчакларда ерга ўтириб олиб пиво ичишни тўхтатинг: маҳаллий аҳолига бу ёқмайди! Улар фақат лопатка, лом кўтариб юрганингни ёқтиришади, хўпми? Бора солиб, биттадан тўқ-сариқ рангдаги комбинезон ёки халат сотиб ол (ранг айнан мос келиши шарт!!!): бу сенинг нақ Кремлга пропусканг бўлади! Бу кийимда сени биттаям хитлашмайди, ишонавер менга.

Бош кийими: қишлоқдан олиб келган амакингдан қолган ондатра телпагингни фақатгина вагонкангда кийишинг мумкин. Шаҳарга хамма маҳаллийлар киядиган шапкача сотиб ол. Кўчада юрганда кўзларингни катта қилиб мошдек очиб юришнинг ҳожати йўқ: барибир ўхшамайсан, рангинг сотиб қўяди. Яхшиси, қардош бурят ёки ёқутларга ўхшашга ҳаракат қил. Қизлар: иложи борича сочларингизни калтароқ қилиб қирқинг, турмакланг ва, албатта, оқ ёки жигар рангга бўянг.

6. Бирор жойда сенга биров тушунарсиз савол бериб қолса “НУ!”, деб кўр. Агар яна бир маротаба шу саволни берса “Да ну вас!”, деб қўл силтаб баланд овозга хахолаб кул.

7. Кўчада тўда бўлиб кетаётган сочи кал йигитларни кўриб улар билан сурашиб ўтирма: улар Шаолин монахлари эмас. Яхшиси мактабда физкултура ўқитувчиси ўргатганидек у ердан жуфтакни ростла.

Ҳозирча шу. Хамма сирларни бир кунда очиб берсам қизиғи қолмайди. Доимо эсда тут: Сен дунёда ягонасан! Ўзингни эҳтиёт қил, дўстим !

Яна сирлашгунча!
----- ------
Москва, 2010 йил 4 феврал.
XS
SM
MD
LG