Линклар

Юшченко янги қонунга имзо чекди


Украина президенти Виктор Юшченко сайловлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Янги ўзгартишларга мувофиқ участкалардаги сайлов комиссиялари ярим таркибда ҳам фаолият юритиши мумкин.

Украина президентлигига номзод Юлия Тимошенко мазкур ўзгартишларга қарши чиқиб келаётган эди.

Бугун Бош вазир Юлия Тимошенко келаси якшанба куни ўтказиладиган президент сайловининг иккинчи даврасида сохтагарчиликка йўл қўйилгудек бўлса, оммавий норозилик намойишлари ўтказиш билан таҳдид қилди.

- Агар биз техник ва ташкилий жиҳатдан сайловларнинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлай олмасак, биз шак-шубҳасиз одамларни кўчаларга чиқарамиз, деди Юлия Тимошенко Киевда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.

Сайловнинг иккинчи даврасида Тимошенко Украина мухолифати етакчиси Виктор Янукович билан ўзаро куч синашади.

Чоршанба куни Тимошенко рақиби Януковични якшанба кунги сайловни барбод қилишга уринаётганликда айблади. Шу куни Украина Верховная Радаси Янукович тарафдорлари қўллаб-қувватлаган мамлакат президентини сайлаш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритди.
XS
SM
MD
LG