Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Ўзбек олими қозоқ чўпонига айланди

  • Ҳурмат Бобожон

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Афтидан Ўзбекистонда нафақат ҳукумат маъқулламаган диний оқимларга қўшилган¸ балки ноанъанавий илмий фаолият билан шуғулланувчилар ҳам таъқибда.

Осмондан ерга¸ аниқроғи чўлга тушириб қўйишди.....


Озодликка сим қоққан дастлабки суҳбатдошимиз Қозоғистон яйловларида чўпонлик қилиб юрган ўзбек йигити. У телефон гўшагини кўтарган пайтида¸ дастлаб қўй-қўзиларнинг овози келди.

Озодлик: Ассалому алайкум. Озодлик радиосидан телефон қилаëтган эдик.

- Саломатмисиз? Қандайсиз¸ яхшимисиз?

Озодлик: Раҳмат. Қаердасиз?

- Қозоғистонда.

Озодлик: Қўй-қўзиларнинг овози эшиталаяптими?

- Ҳа. Далада бўлгандан кейин қўйнинг овози эшитиладида. Бизга ўхшаган мусофирларга яна қаердан жой қолди дейсиз.

Озодлик: Чўпонлик қиласизми?

- Ҳа. Худога шукур ҳозирча. Кўкламгача вақт ўтказиш учун.

Озодлик: Қаердансиз ўзингиз?

- Ўзбекистондан. Очиғи Самарқанддан.

Озодлик: Оилангиз ҳам ўзингиз биланми?

- Йўқ. Оилага ўтишга¸ боришга ҳам йўл йўқ биласизку.

Озодлик: Нимага йўл йўқ?

- Давлат назорати кучайиб кетганку.

Озодлик: Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг ораси очиқ эмасми?

- Йўқ¸оддий инсонларга очиқ. Лекин сиëсатга аралашиб қолганлар учун қаттиқ ушланадику.

Озодлик: Сиз сиëсатга аралашиб қолганмисиз?

- Айрим сабабларга кўра. Анча йиллар бўлиб кетди. Бўлмайдиган бир муаммоларга адашиб аралашиб қолганмиз.

Озодлик: Қанақа муаммоларга?

- Энди муаммолар бўлиб турадию. Оммавий муаммоларга аралашиб қолганмиз.

Озодлик: Қанақа оммавий муаммолар?

- Биласизку энди Ўзбекистонда можаролар чиқиб турадию.

Озодлик: Диний сабабларга кўра кетиб қолганмисиз?

- Шунақа келишмовчилик бўлган. Бизга рухсат бермаган.

Озодлик: Нимага рухсат бермаган?

- Ташкилотимизнинг фаол ишлашига.

Озодлик: Қанақа ташкилот эди у?

- Уфология (номаълум учувчи объектларга оид ахборот йиғиш фаолияти - таҳр.). Биз Москванинг Ўзбекистондаги филиалида ишлаб турган эдик. Ўшани ҳам ëпиб қўйди. Сергей Соколов деган рус киши билан ҳамкорликда ишлар эдик. Ўзбекистон Уфология деган жамият очишимизга 2003 йилда рухсат бермади. Шундан бу ëғига биз юртдан бадарға. Бир-иккита ҳамкасбларимиз жигари оғриб кетди. Тушунарли бўлгандир бу ҳам¸ дейди Қозоғистонда чўпонлик қилаëтган собиқ уфолог олим.


Балужистондаги ўзбеклар ҳамон саргардон

Навбатдаги суҳбатдошимиз ўзини Покистоннинг Балужистон минтақасида яшаётган минглаб этник ўзбеклардан бири экани айта туриб¸ бу минтақада яшаётган ўзбеклар ҳолидан хабар оладиган ҳукумат борми¸ деб гап очди.

- Мен Абдулҳақ Ҳаққонийман. Покистондан телефон қилаяпман. Мен ўзбек халқининг вакилиман ҳозир. Мен илгари ҳам Озодлик радиоси билан кўп суҳбатлашганман. Ҳозир биз Ўзбекистон ўзбеклари Покистоннинг Балужистон вилоятида яшаймиз. Тақрибан 25 мингтамиз. Биз Ўзбекистоннинг Сурхондарëсидан бўламиз. Биз Афғонистонга¸ кейин Покистонга ҳижрат қилганмиз. Биз шундай оворагарчилик¸ фақирлик¸ қийинчиликда яшаймиз. Бизларнинг бу ерда қандай тирикчилик қилишимиз ҳақида ҳеч ким сўрамайди. Ўзбекистон ҳукумати бизларни ҳозиргача йўқлагани йўқ.

Озодлик: Қайси давлатнинг фуқаросисиз?

- Ўзбекистоннинг фуқаросимиз. Сурхондарëликмиз.

Озодлик: Ўзбекистон паспортига эгамисиз?

- Йўқ. Ҳозир бизларда фуқаролик йўқ. Биз 25 йилдан бери Покистонда яшаймиз. Бизда фуқаролик йўқ. Биз Ҳажга¸ Умрага бора олмаймиз¸ бошқа давлатларга сафар қила олмаймиз. Чунки бизларда паспорт йўқ.

Озодлик: Мана Покистон ҳудудида яшаëтган экансизлар. Покистон ҳукуматидан бирор ëрдам сўрамадингизларми?

- Биз Покистон ҳукуматидан кўп ëрдам сўрадик. Покистон ҳукумати “Ўзбекистонга кетинглар” дейди. Булар бизга фуқаролик бермайди.

Озодлик: Ўзбекистон қандай ëрдам бера олади деб ўйлайсиз?

- Биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашсак¸ улар нима дейди биз билмаймиз. Ҳозир Сурхондарëда бизнинг қариндошларимиз яшайди.

Озодлик: Бу борада Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонасига мурожаат қилдингизларми?

- Биз телефон орқали Ташқи ишлар вазири билан гаплашсак¸ кейин бориб мурожаат қиламиз¸ дейди тақдир тақозоси билан Покистонда яшаëтган Абдулҳақ Ҳаққоний.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG