Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:23

Россия қамоғи Ўзбекистонга қайтишдан афзалроқми?


Икковлон ўзбек қамоқдан қочиб¸ Тюмендаги қурилишлардан бирига бориб ишлаб юрганлар.
Икковлон ўзбек қамоқдан қочиб¸ Тюмендаги қурилишлардан бирига бориб ишлаб юрганлар.

Ўзбекистоннинг икки фуқароси ватанга депортация қилинишлари тўғрисида хабар топишгач, жазони ўташ жойидан қочган. Бу ердаги колониялардан бирида унча оғир бўлмаган жиноятлари учун 6 ойлик жазо муддатини ўтаётган бу тутқунлар колониядан қочиб Тюмен қишлоқларидан биридаги қурилишга ишга кирганлар.

Тюмен вилоят прокуратураси расмийси Елена Мелникованинг айтишича, 31 ёшли Анвар Ботиров ўғирлик ва бошқа фуқарога тан жароҳати етказганлик, 23 ёшдаги Бахтиёр Рўзиматов эса ҳокимият вакилига куч ишлатиш йўли билан қаршилик кўрсатганликда айбланиб, 2009 йилда 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Улар Ўзбекистонга депортация қилинишдан қўрқиб жазони ўташ жойидан қочганлар.

- Мазкур иш материалларидан маълум бўладики, улар Ўзбекистонга депортация қилиниши тўғрисидаги ҳужжат билан таништирилганидан сўнг қамоқдан қочишган, деди Озодлик билан суҳбатда Елена Мелникова.

Анвар Ботиров ва Бахтиёр Рўзиматовларнинг қамоқдан қочиш саҳнаси эса исталган детектив фильми учун арзигулик кадр бўлиши мумкин.

- 2009 йилнинг 15 ноябр тунида бу ёш йигитлар ўзлари яшаб турган вагон деворини тешиб, ҳеч кимга сездирмасдан чиқиб кетганлар. Шундан сўнг улар колония деворидан ўтиш учун ётоқхоналардан бирининг томига кўтарилиб, 8 метр баландликдан арқонга осилиб ерга тушганлар ва қочганлар. Улар Тюмен вилоятининг Боровский қишлоғига бориб, қурилишлардан бирига ишга кирганлар, деб тасвирлайди бу воқеа тафсилотларини Елена Мелникова.

Маълум бўлишича, Анвар Ботиров ва Бахтиёр Рўзиматов халқаро қидирувда бўлмаган, уларга нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши ҳам очилмаган. Уларнинг Россия ҳудудида ноқонуний яшаётганлари аниқланган ва шунинг учун ҳам депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Хабар сифатида лавҳамизга мана шу жойда нуқта қўйсак бўлар эди. Аммо бизни “Ўзбекистонга депортация қилиниш ўзбеклар учун шунчалик катта таҳдидмидики, улар айнан депортация қилинишларидан чўчиб қамоқдан қочишгача борган бўлсалар? Ахир бунинг учун 6 ойга эмас, бир неча йилларга озодликдан маҳрум бўлиш мумкинку?” деган савол ҳам қизиқтириб қолди.

Бу мавзуда Россияда 10 йилдан ортиқ мардикорлик қилаётган ва депортация қилиниш хавфини ўз бошидан ўтказган Бобожон ака билан суҳбатлашдик.

Бобожон ака: Биз муҳожирларни трудовой мигрант дейди. Бизни депортация қилишидан биз қўрқамиз. Чунки депортацияни беш йилга қилади. Ўзбекистонга бориб беш йил биз нима қиламиз? Бизнинг кунимиз неча йиллардан бери Россияда ўтаяпти. Россия орқали бола-чақамизни боқаяпмиз. Депортация қилса¸ Ўзбекистонда хор бўлиб кунимиз ўтмай қолади.

Озодлик: Ҳамма трудовой мигрантларни ҳам қилавермаса керак.

Бобожон ака: Булар энди айб топадида. Битта-иккита нарсаларини ўз вақтида қилишнинг иложи йўқда.

Озодлик: Депортация қилгандан кейин неча йилгача Россияга кира олмайсиз?

- Беш йилгача. Энди ҳаммамиз ҳам депортация қилмасин деб қочиб юрамиз. Бундан тўрт йил олдин бизнинг ўртоғимизни ҳам депортация қилиб юборишган эди. Бечора у ëқда куни ўтмай¸ жанжаллашиб¸ оиласи билан урушиб¸ оиласи бузулиб кетиб юрибди¸ дейди Бобожон ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, депортация қилинганлардан кўпчилиги Ўзбекистонга қайтгач, исм-фамилиясини ўзгартириб, янги ҳужжат олиб яна Россияга келишга ҳаракат қилади.

Суҳбатдошимизнинг гапларидан Россияда нолегал яшагани ва ишлагани учун депортация қилинаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони жуда кўп, шунинг учун ҳам улар депортация қилинишларидан чўчиб, милиция ва миграция хизмати ходимларини кўриши биланоқ яширинишга, доимо атрофга олазарак назар ташлаб яшашга мажбур бўлаётган эканлар-да, деган хулосага келишимизга сал қолди.

Бундай хулосага келишимиз тўғри ёки нотўғри бўлишини текшириб кўриш мақсадида “2009 йилда Россиядан қанча ўзбек муҳожири депортация қилинди?” деган савол билан Россия Федерал миграция хизматига мурожаат қилдик.

- 2009 йилда Россиядан Ўзбекистоннинг 30 нафар фуқароси депортация қилинди, деб жавоб берди саволимизга Россия Федерал миграция хизмати матбуот котиби Ирина Бронина.

Норасмий маълумотларга таянадиган бўлсак, Россияда уч миллион атрофида ўзбекистонлик мардикор бор. Демак ўтган йили ҳар юз минг мардикордан фақат бир нафари Россиядан депортация қилинган.

Юз минг одамдан бир нафарининг депортация қилиниши эса қолган 99 999 мардикор юрагига “депортация” деган қўрқув ҳиссини солишга етарли бўлаяпти.

Бу қўрқув ҳисси нималарга боғлиқ эканини батафсил ўрганиш алоҳида бир эшиттиршга лойиқ мавзу. Шунинг учун лавҳамизда бу мавзуга кўп ҳам тўхталмайлик-да, гапни бугунги мавзумизнинг бош қаҳрамонлари бўлмиш қамоқдан қочган ўзбекистонликларнинг кейинги тақдири тўғрисидаги маълумот билан якунлай қолайлик.

Тюмен вилоят прокуратураси расмийсига кўра, Ўзбекистонга депортация қилинишдан қўрқиб ўтган йилнинг 15 ноябрида колониядан қочган Анвар Ботиров ва Бахтиёр Рўзиматов 2009 йилнинг 17 декабрида қўлга олинган. Айни пайтда уларга нисбатан тергов ниҳоясига етган ва судга юборилган.

Эндиликда Анвар Ботиров ва Бахтиёр Рўзиматов судда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

- Бироқ улар энди қамоқдан чиққунларига қадар Ўзбекистонга депортация қилинмайдилар, қамоқ муддатини тўлалигича Россия Федерациясида ўтайдилар, деди Елена Мелникова.

Қиссадан ҳисса шу: Анвар ва Бахтиёрга кейинги беш йил давомида депортация балоси таҳдид солмайди!
XS
SM
MD
LG