Линклар

logo-print

Украина: Сайлов олди ўйин қоидаси ўзгарди


Бош вазир Тимошенко мухолифи бўлган қонунни имзолаш орқали Юшченко¸кузатувчиларга кўра¸ кетар олди ҳисобни тўғирлашга уринди.

Бош вазир Тимошенко мухолифи бўлган қонунни имзолаш орқали Юшченко¸кузатувчиларга кўра¸ кетар олди ҳисобни тўғирлашга уринди.

Украинада президент сайловининг иккинчи давраси ўтказилишига икки кун қолганда мамлакат президенти Виктор Юшченко сайловлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Янги ўзгартишларга мувофиқ участкалардаги сайлов комиссиялари ярим таркибда ҳам фаолият юритиши мумкин.

Украина Верховная Радаси 3 феврал куни мамлакат сайлов тўғрисидаги қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди. 4 феврал куни эса мамлакат президенти Виктор Юшченко мазкур қонунга имзо чекди.

- Президент сайловига путур етказиш таҳдиди пайдо бўлганлиги туфайли президент Виктор Юшченко парламент томонидан қабул қилинган сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш тўғрсидаги қонунга имзо чекди, деди Украина президенти матбуот вакили Ирина Ванникова.

Сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш таклифи билан президентликка даъвогарлик қилаётган мухолифат етакчиси Виктор Янукович етакчилигидаги Минтақалар партияси чиққан эди.

7 феврал куни Украинада президент сайловининг иккинчи давраси ўтказилади. Унда мухолифат етакчиси Виктор Янукович мамлакат Бош вазири Юлия Тимошенко билан ўзаро куч синашади.

Аввалги қонунга мувофиқ ҳар бир номзод сайловларни назорат қилиш мақсадида сайлов участкасига ўзининг саккиз нафар вакилини юбориши мумкин эди. Бундан ташқари овозларни санаш жараёнида вакиллардан учдан икки қисми қатнашиши лозим эди. Бироқ эндиликда янги қонунга мувофиқ участкалардаги вакиллар сони қисқаради.

Украина Бош вазири Юлия Тимошенко фикрича, янги ўзгартишлар сайловнинг шаффоф ўтказилишини кафолатлай олмайди, аксинча мухолифат етакчиси Виктор Януковични қўллаб-қувватлаётган шарқий минтақаларда овозларни сохталаштириш учун яхши имконият яратиб беради.

Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида президентликка номзод Тимошенко сайловда сохтагарчиликка йўл қўйилгудек бўлса, оммавий норозилик намойишлари ўтказиш билан таҳдид қилди.

- Агар биз техник ва ташкилий жиҳатдан сайловларнинг ҳаққоний ўтказилишини таъминлай олмасак, биз шак-шубҳасиз одамларни кўчаларга чиқарамиз, деди Юлия Тимошенко Киевда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида.

Айни пайтда Минтақалар партияси вакиллари эса Тимошенко иддаоларини рад қилиб, эски қонунга мувофиқ Тимошенконинг ўзи ғарбий минтақаларда берилган овозларни атайлаб бекор қилиб сайловда берилган овозларни ўз томонига оғдириши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

-Тимошенкодан олдинда бораётган номзод вакили сифатида шуни таъкидламоқчимизки, ҳеч ким бизчалик сайловнинг шаффоф ўтказилишидан манфаатдор эмас, чунки бу каби сайловда биз ғалабани қўлга киритиш имконига эгамиз, деди Минқалар партияси вакили Ҳанна Ҳерман.
XS
SM
MD
LG