Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:15

35. Бозор бузилиб кетди


Бултур қиш адоқларида бир кило пиёзнинг баҳоси 5000 сўмга чиқиб кетган эди.

Кабобпазлар шашлик устига майда тўғралган карамни уксусга аралаштириб қўйиб сотди. Уксусланган карам сўлжайиб латтага ўхшаб қолади. Албатта, хўрандалар норози бўлади. Дарҳол Хитойдан пиёз харид қилиниб, бозорларга тўкиб ташланди. Шу йўсин стихияли бунтнинг олди олинди.

Худога шукр, бу йил сув сероб бўлди. Орол денгизига ҳам Амударё ўзанидан сув етиб борди. Хоразм, Қорақалпоқ томонларда май ойига қадар чигит экиб бўлмаган ботқоқ далаларга, буғдойдан бўшаган пайкалларга ҳар кимга ўз кучига яраша шоли экиб олиши учун шароит яратиб берилди. Шоли мўл бўлса, бозорда гуруч арзон бўлади. Арзон бўлмаган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаса, мавжуд нарх-наво сақланиб туради. Нарх-навонинг барқарорлиги миллий валютамизни қадрсизланишдан асраб қоладиган омил ҳисобланади. Доллар, евролар қадрсизланиб бораётган глобал кризис замонида миллий валютамиз барқарор бўлса, мамлакат иқтисодиёти гуркираб ривожланаётганидан дарак беради. Бу ҳолат тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим кўрсаткичидир.
Мўл-кўлчилик ҳаддан ошиб кетса ҳам оқибати яхшилик билан тугамайди. Исрофгарчлик рўй беради. Майли, исрофгарчилик ўз йўлига. Ҳатто иқтисод издан чиқиб кетиши мумкин.

Хоразмда эртапишар шоли ҳосили йиғиштириб олинган заҳоти маҳаллий бозорларда гуруч нархи уч баробар арзонлашиб кетди. Шоликорлар ҳатто гуручни 800 сўмдан кўтарасига сотиб оладиган харидор қидириб, Туркманистонга зув-зув қатнай бошлади. Тошкент бозорларида энг арзон гуруч 3000 сўм бўлгани ҳолда Хоразмдан 800 сўмга харид қилинган гуруч айланма йўллар билан вагонлаб четга чиқиб кетса, шак-шубҳа йўқки, Туркменбошининг арвоҳи чўгирмасини осмонга отиб шод бўлади.

Студентлик давримда “Политэкономия” муаллими (жойи жаннатда бўлсин): “АҚШ капиталистлари Буюк депрессия йилларида Шимолий Америкада етиштирилган буғдой ҳосилини деҳқон-фермерлардан кўтарасига сотиб олиб юк кемаларига ортади-да Атлантика океанига оқизиб юборади. Китларга, акула ва балиқларга ем бўлиб ортиб қолган буғдой худди сумалак пиширишга ҳозирлаб қўйилган майсага ўхшаб Болтиқ ва Ўрта Ер денгизи сатҳини қоплаб олади. Шимолий Америкадаги ишчи-хизматчилар эса нафақат ҳаром ўлган отнинг гўштини, ҳатто гўрда ётган жасадларни қазиб олиб гўштини устихонидан ажратиб олиб ейишга мажбур бўлади. Бундан ортиқ қабоҳат бўлмас, бундан ортиқ ваҳшийлик бўлмас!” деб дарс чоғида ҳаммани юм-юм йиғлатишни яхши кўрарди. Талаба ёшлар чириб бораётган капитализмни лаънатларди, коммунизмга ҳамд-санолар айтарди. Бозор иқтисодиётининг мантиққа зид қонун-қоидаси борлигини ҳеч ким хаёлига келтирмасди. Мана, биз энди ўша қонун-қоидалар билан юзма-юз келиб аросатда қолдик: шолизорга ўт қўйиб юборган яхшими ёки Туркменбошининг арвоҳини шод қилсак савоб бўладими? Бозор қонуниятида “савоб” деган тушунча борми?..

Давлат шолининг ички бозор эҳтиёжидан ортиқча қисмини кўтарасига харид қилиб талак-омборларга босиб қўйса, шолини қирқ йил сақлаш мумкин, қурғоқчилик келган йилда бозорга чиқарилса, мантиқли иш қилган бўлмаймизми? Йўқ, бу ишни асло мантиқли деб бўлмайди. Чунки айланма ҳаракат қилиб иқтисодни юргизиб турган капитал-маблағ ётиб қолади, ўлик сармояга айланади: банк тизими ҳам, экономика ҳам тўсатдан издан чиқиб кетади. Мамлакат банкротга учрайди. Мавжуд ҳолатга давлат аралашмаса, фақат деҳқон-фермер хўжаликлари хонавайрон бўлади, холос. Негаки, улар йил бошида бозорда гуруч нархи энг камида бир килоси 3000 сўм бўлишини ҳисобга олган ҳолда сарф-харажат қилган. Мол-қўйини сотган, “Агробанк”дан кредит олган ва ҳоказо. Энди улар нима қилади? Асаби мўртроқ иродасиз Деҳқонбойлар бирин-кетин ўзини осиб ўлдирса керак. Иродали Деҳқонбойлар эса бўғзигача қарзга ботиб, Россия ёки Қозоғистонга қочиб кетади.

Чегарани мустаҳкамлаш тўғрисида қўшимча чора-тадбирлар кўриш лозим. Бу вазифани пайсалга солмасдан дарҳол амалга оширишни Ҳидоят Махсумдан талаб қиламан.

Молия вазирлиги билан Солиқ қўмитаси ҳамкорликда бозордаги нарх-наволарни қатъиян назорат этиб турадиган махсус ҳайъат тузиб, жойларда ҳам шуъбаларини барпо этмоғи мақсадга мувофиқ кўринади. Майли, Хоразм ва Қорақалпоқда гуручнинг бир килоси 800-1000 сўмдан бўлсин, бироқ бошқа вилоятларда кимки 3000 сўмдан арзон нархда гуруч сотса, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши муқаррардир. Майли, олибсотарлар бойиб кетсин. Вақти-соати етгунча уларни ўз ҳолига қўйиб бериш керак. Кейин таноби тортиб қўйилади: “Жиноий тил бириктирган бир гуруҳ текинхўрлар фош этилди; улар хориждаги ҳамтовоқларини мунтазам равишда молиявий маблағ билан таъминлаб турган, ёшлар орасидан ўзларига тарафдорлар ёллаб, одам савдоси билан шуғулланган...”

Оппоқ соқоллари кўкрагига тушадиган бир гуруҳ иймонсиз чолларни топиб телевизорга чиқариш керак; кўрнамаклик мавзусига бағишланган махсус давра суҳбати уюштирилади.

Тавба, аксарият фалокат Хоразмдан бошланади-я!
XS
SM
MD
LG