Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:54

Эркин микрофон - "Фарғонада РАФлар йўлга қўйилмаяпти"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Фарғоналиклардан бирига кўра¸ ҳокимлик қарори билан бир кечанинг ўзида вилоят ҳудудидаги минглаб РАФ микроавтобусларининг кўчага чиқиши тақиқланган.

Марғилондан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз, Фарғона вилоятида 20 мингга яқин РАФ русумидаги маршрут такси эгалари вилоят ҳокимлиги буйруғи билан ишсиз қолгани ҳақида гапириб берди.

- Фарғона бўйича 20 мингта РАФ русумли Россия машиналари бор эди. Марғилон шаҳрида 5000 та. 31 январ куни бехосдан буйруқ чиқиб тўхтатиб қўйилди. 5000 нафар одам ишсиз қолиб¸ раҳбарларга боғлиқ Дамас машиналарини йўлга қўйиб юборди. Дамас машинасига қариялар¸ болали одамлар¸ юклилар чиқа олмайди. Президентнинг буйруғида этапма этап тўхтатилсин деган эди. Улар бунинг ўрнига ўзларининг Дамас машиналарини юргизиш учун битта вилоятнинг РАФларини бирданига тўхтатиб қўйишди. Шу тўғрисида бизларнинг хатимиз бор эди. Шу хатларни “ëрдам беринглар” деб сизларга тақдим этадиган эдик.

Озодлик: Сиз ҳам РАФда ишлармидингиз?

- Йўқ¸ мен холис одамман. Менинг ëнимга ëрдам сўраб келишган экан¸ шунга сизлар билан гаплашмоқчи эдим.

Озодлик: Маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилдингизларми?

- Маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилдик. Ҳеч қандай натижа чиқмади. Ҳеч қандай гаплашишни хоҳлашмаяпти.

Озодлик: Хатларингизга жавоб беришмаяптими?

- Жавоб беришмаяпти. Гаплашишни хоҳлашмаяпти. Президентимизга хат ëзганмиз. Хатни олиб бориб ўзининг қўлига беришнинг иложи йўқ. Чунки олдига кириш жуда муаммо. Шу хатни нима қилишни билмаяпмиз.

Озодлик: Бирданига тўхтатиб қўйдими энди?

- Ҳа. Ҳозир йўлга чиқиш мумкин эмас. Йўлга чиқса¸ 700 минг штраф. Дамас машиналари раҳбарлар арендага чиқариб юборган машиналар. Уларга йўл очиб берилди.

Озодлик: Дамас машиналари раҳбарларга тегишли демоқчисизда.

- Ҳа. Бир куннинг ичида 1996 йилгача ишлаб чиқарилган Россиянинг РАФ машиналари тўхтатиб қўйилди.

Озодлик: 1996 йилдан кейинги бўлсачи?

- 1996 йилдан кейин РАФ чиқарилмаган экан. Битта журналист бўлсами¸ ҳозир бу ерда 100-150 нафар одам тўпланиб турибди. Маҳалла комитетининг раислари шунга “Дамасда қийналиб қолдик. Чиқа олмаяпмиз. Қариялар¸ юклилар чиқа олмаяпти” деб справка беришаяпти. Ëки бўлмаса одамлардаги РАФларни металлолом сифатида қайтариб олсин. Шунча РАФларни биз энди нима қиламиз? Бир вақтлар сотиб олган эдик. Пахта пайтида “одамларни пахтага олиб чиққин” деб РАФларни тўсиб¸ одамлар ўзининг ëнидан бензин қуйиб¸ одамларни пахта даласига ташиган. Энди ҳозир эски деб йўлга чиқармаяпти.

Озодлик: Пахта пайтида роса фойдаланишиб¸ энди кераксизга чиқаяпти.

- Роса фойдаланишди. Ялиниб келишди. Эшикма эшик ГАИлар ялиниб келишди. Ҳозир эса 31 январда буйруқ қилиб йўлга чиқиш тўхтатиб қўйилди¸ дейди Марғилондан қўнғироқ қилган биринчи суҳбатдошимиз.


Жиззахда банк ўмарилди¸ матбуот жим...

Жиззахдан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз, шаҳардаги Асака банк шўъбаларидан бирининг ўмариб кетилгани ва бу хабар нафақат маҳаллий матбуот, балки Озодлик радиоси эътиборидан ҳам четда қолиб кетганидан гина қилди.

- Жиззахда Асака банкни ўмариб кетишди. Шундан хабарларингиз борми?

Озодлик: Йўқ.

- Асака банкининг бошлиғини¸ бош ҳисобчисини¸ кредит бўлимининг бошлиғини¸ кассирларни қамаб қўйибди. Катта пул валюта ҳисобида ўғирланган.

Озодлик: Қачон бўлган бу воқеа?

- 4-5-декабрларда бўлган эди. Анча бўлиб қолди. Ҳеч хабар бермадиларингда. Бизда бу ерда ҳам сир тутиладику. Одамларнинг оғзида юрибдию¸ лекин аниқ бир нима йўқ.

Озодлик: Одамлар нима дейишаяпти? Қанча валютани ўмаришибди?

- Биров “бир миллион доллардан зиëд пул йўқ” деяпти.

Озодлик: Қандай қилиб ўмарилган бу?

- Эшитишимизга қараганда бу тўрт киши олдиндан тайëргарлик кўрган. Ҳаттоки Россиядан сейфни қирқадиган оборудование олиб келишган. Ручкали фотосëмкада съëмка қилиб чиқишган. Кейин кечаси келиб¸ иккита милицияни уриб бойлаб қўйиб¸ банкни ўмаришган.

Озодлик: Кимлар энди булар?

- Банк бошлиғи Улуғбек¸ банк ҳисобчиси Алберт.

Озодлик: Ҳозир уларни қамаб қўйган-а?

- Ҳа. Шу ҳақда сизлар хабар бермадиларингиз¸ дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.



Кўзи ожиз одам ҳам қотилга чиқарилди...



Тошкентдан қўнғироқ қилган Шоҳруҳ исмли суҳбатдошимиз, ҳозирда кўпчилик ўзбекистонликларни ташвишга солиб турган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди.

- Хайрулла Ҳамидовнинг қамалиши тўғрисида фикр билдирмоқчи эдим. У одамнинг эшиттиришларини унча кўп эшитганман деб айта олмайман. Онда-сонда эшитганман. Охирги пайтда “Ўзбекларга нима бўлаяпти?” деган шеърини эшитдим. Шу шеър бугунги кундан дарак беради. Мана шу шеърлар учун асосан қамоққа олишган бўлса керакда. Ўзбекистонда қамалмаган одам қолмадиëв менимча. Ҳатто ногиронларни ҳам қамаб юборишдию. Кўзи ожиз Суннатилла Таласов деган инсон. Уни ҳам қамаб юборишди. У одамни яхши билардим. Кўзи кўрмас эди умуман. Шу одамга одам ўлдириш айбини қўйишган. Терроризмда айблаб қамаб юборган. Бир нечта моддалар блан қамаб юборган. Шу одам ҳақида маълумот берсангизлар яхши бўларди. Бу инсонни мен яхши танийман. Бу инсоннинг бор айби одамларга намоз ўргатгани.

Озодлик: Исмини нима дедингиз?

- Суннатилла Таласов.

Озодлик: Қаердан у киши?

- Тошкентдан. Уруш бўйича биринчи гуруҳ ногирони. Шу одамнинг ҳаëтидан¸ қамоқдаги ҳаëтидан кўпчилик бехабар. Халқаро ташкилотлар ҳам бир нима қилса бўларди. 17 йилга қамаб юборишдида. У киши Андижон воқеаларидан кейин қамалди. Ҳозир 5 йилдан бери қамоқда ўтирибди¸ дейди Тошкентдан қўнғироқ қилган Шоҳруҳ исмли суҳбатдошимиз.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG