Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:26

Мельникофф кўргазмасига рухсат берилмади


Мельникоффнинг харобалардаги болалар акс этган суратларидан бири.
Мельникоффнинг харобалардаги болалар акс этган суратларидан бири.

Қирғизистон президенти Маданият бўйича давлат агентлиги раҳбарини ишдан олди. Агентлик раҳбари АҚШ фуқароси, фотограф Сергей Мельникоффнинг фотосуратлари кўргазмасини Бишкекда ўтказишга рухсат бергани учун ишдан олинди.

Санъат билан сиёсатнинг омухтаси портловчи моддадир.

Россияда туғилган АҚШ фуқароси Сергей Мельникофф буни шу ҳафтада Қирғизистонда тушунди.

Унинг Қирғизистоннинг гўзал тоғлари манзаралари туширилган фотосуратлари 11 феврал куни очилиши керак эди.

Бироқ фотограф Россия билан алоқалари тиғиз бўлган Қирғизистон сиёсатчиларининг ғазабига дуч келди.

Россия Қирғизистонга 2 миллиард долларлик сармоя ва қарз ваъда қилган.

Қирғизистон парламентининг 3 феврал кунги мажлисида "ақжўл"чилар Мельникоффнинг ўзини, унинг кўргазмасини ўтказишга рухсат берган амалдорларни кескин танқид қилди.

Парламент мажлисидан кейиноқ президент Бакиев Маданият бўйича давлат агентлиги бошлиғи Султан Раевни ишдан бўшатди.

Ўзини ҳимоя қилар экан, Раев парламент олдида бундай деди:

- Сергей Мельникоффни Қирғизистонга 2009-йилнинг 3 мартида президентнинг собиқ маслаҳатчиси Айдаралиевнинг қизи Қирғизистон тўғрисида фотоальбом чиқариш ҳамда Бишкекда кўргазмасини ўтказиш мақсадида таклиф қилган. Китоб "Қирғиз замини" деб аталади. Олдинда китоб тақдимотини ўтказиш турибди. Бу китобни чиқариш юзасидан давлат туризм агентлиги 100 минг долларлик контракт тузган ва китобни нашрдан чиқарган.

Мельникоффнинг фикрича, Раевдан қутулиш ниятида бўлганлар учун фотокўргазма жанжали яхши баҳона бўлди.

Фотографнинг айтишича, уни Қирғизистонга президент маъмурияти таклиф қилган.

54га кирган Мельникофф Россиядан АҚШга 1980 йиллар охирларида кўчиб кетган. Қирғизистонга сўнгги 10 йил давомида тез-тез келиб турар, бу мамлакатнинг гўзал табиатини суратга туширар эди.

Унинг каттайтирилган бир сурати президент Бакиевнинг иш кабинетида осиғлиқ туради.

Мельникофф ўзининг Gulag.ipvnews.org сайти билан ҳам танилган бўлиб, унда фотограф Россия раҳбарияти тўғрисидаги кескин танқидий руҳдаги материалларни эълон қилиб келади.

У Қирғизистон парламентининг қарорига айнан ўзининг Россияга муносабати сабаб бўлганига ҳайрон эканлигини билдирди:

- Мен ўзимнинг Россия ҳокимиятидагиларга муносабатим танқидий эканлигини инкор этмайман. Бироқ бу мен билан Россия ҳукмдорлари ўртасидаги ишдир. Нима учун бу ишга Қирғизистонга аралашганига ҳайронман. Ваҳоланки, мен ҳеч қачон Қирғизистон ҳуждудидан туриб сиёсий мазмундаги танқидий гаплар айтмаганман, чунки мен чет элликман ва бошқа давлат ҳудудида турибман. Учта университетни, тамомлаганман, хусусан журналистик маълумотим ҳам бор. Шунинг учун Худога шукур, оғзимдан нима чиқишини назорат қила оламан. Ўз мамлакатим – АҚШ ҳудудида айтган гапларим учун мен ўз мамлакатим қонунлари олдида жавоб бераман.

Қирғизистонлик баъзи расмийлар парламент қарорини танқид қилмоқда.

Улардан бири, Қирғизистон президентининг собиқ маслаҳатчиси Асилбек Айдаралиев бундай деди:

- Россияни ёмонлайдими, Чеченистон ё Грузияними – бу унинг шахсий иши. Бунга ҳар бир одамнинг ҳуқуқи бор ва бу ҳуқуқ конституцияда белгилаб қўйилган. Лекин мен унинг фотоальбомларини кўрганман. Жуда чиройли суратлар ва улардан фойдаланиш керак. Мафкура масаласи, унинг бирон бир давлатга муносабати масаласи бунга аралаштирилмаслиги керак.
XS
SM
MD
LG