Линклар

logo-print

Украина президентлик сайлови арафасида


Украинадаги сайлов участкаларида овоз беришга тайёргарлик ишлари якунланаяпти.

Украинадаги сайлов участкаларида овоз беришга тайёргарлик ишлари якунланаяпти.

Украинада президентликка номзодларнинг сайловолди кампанияси расман ниҳоясига етди. 7 феврал куни ўтказиладиган президенлик сайловининг иккинчи даврасида бош вазир Юлия Тимошенко ва мухолифат етакчиси Виктор Янукович ўзаро куч синашадилар.

Украина президентлик сайловининг иккинчи даврасига тараддуд кўрмоқда. Номзодларнинг сайловолди кампанияси жума куни расман ниҳоясига етар экан, мухолифат етакчиси Виктор Янукович ва Бош вазири Юлия Тимошенко ўз тарафдорларига сўнгги бор мурожаат қилдилар.

Киев марказига тўпланган тарафдорларини саҳнадан туриб қутлар экан Янукович ўзини дадил тутди. Виктор Янукович сайловнинг иккинчи даврасида ғолиб чиқишини таъкидлаб, 2004 йилги Зарғалдоқ инқилобидан сўнг ҳокимиятга келган Бош вазир унинг ҳамкорлари Украина халқига берган ваъдалари устидан чиқа олмаганини билдирди.

-7 феврал куни Зарғалдоқ даврининг сўнги куни бўлади. Зарғалдоқчиларнинг беш йил давомида ҳокимиятда бўлгани Украина халқини бундан буёғига бундай яшаб бўлмасликка ишонтирди. 17 январ куни Украина халқининг аксари зарғалдоқчилардан ҳолис бўлган янги Украина учун овоз бердилар,-деди Виктор Янукович.

Шу куннинг ўзида Бош вазир Юлия Тимошенко ҳам Киевда ўз тарафдорлари билан намойиш ўтказди. Ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилар экан, Тимошенко мамлакат халқини бирлашишга чақирди.

-Бундан буёғига ҳеч ким бизни бўла олмаслиги, бир-биримизга душман қилиб қўймаслиги ҳамда фуқароларимиз ва давлатимиз бирлигини сақлаб қолишни сўраб мен Худога илтижо қилмоқдаман,-деди Юлия Тимошенко.

Ўз нутқида Тимошенко рақиби Януковични яна бир бор сайлов олдидан овозларни соҳталаштиришга уринаётганликда айблаб, жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилгудек бўлса оммавий намойиш ўтказиш билан тахдид қилди.

Айни пайтда хавфсизлик масаласига бағишлаб Мюнхен шаҳрида ўтаётган анжуман чоғида гапирган Украина Ташқи ишлар вазири Петро Порошенко мамлакатдаги сайлов демократик тамойилларга асосланган ҳолда ўтказилишига ишонишини таъкидлади.

-Ишончимиз комил, ҳокимиятни янги президентга топшириш жараёни шаффоф, очиқ, демократик, яъни Европа қадриятларига мос тарзда амалга оширилади. Мамлакат ичкарисидаги сиёсий вазиятни инобатга оладиган бўлсак, келаси беш йил ичида биз мамлакатнинг демократия соҳасидаги ривожига кафолат бўла оладиган мустаҳкам мухолифатга эга бўламиз,-деди Украина Ташқи ишлар вазири.
XS
SM
MD
LG