Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:40

Оқилов Мирзиëевга жавоб йўллади


Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ўзбекистонлик ҳамкасбига ёзган жавоб мактубида "Роғун ГЭСини барпо этишнинг атроф-муҳитга ва қўшниларга ҳеч қандай хавфли таъсири йўқ"лигини таъкидлайди.
Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ўзбекистонлик ҳамкасбига ёзган жавоб мактубида "Роғун ГЭСини барпо этишнинг атроф-муҳитга ва қўшниларга ҳеч қандай хавфли таъсири йўқ"лигини таъкидлайди.

Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ўз ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга жавоб хатида Роғун ГЭСи қурилишига оид расмий Тошкент хавотирлари асоссизлигини қайд этиб, ўз мамлакати мазкур гидроиншоотни барпо этиш режасидан воз кечмаслигини билдирди.

Тожикистон ҳукумати матбуот марказидан олинган маълумотларга кўра, республика бош вазири Оқил Оқиловнинг ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга жавоб мактуби 6 феврал куни жўнатилган. Жавоб мактубида жаноб Оқилов Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини тўхтатмаслигини қайд этган.

“ГЭС тўғонининг зилзила оқибатида ўпирилиши ёки ёрилишига оид Ўзбекистон томонининг хавотирлари асоссиз. Роғун ГЭСини барпо этишнинг атроф-муҳитга ва қўшниларга ҳеч қандай хавфли таъсири йўқ. Чунки гидроиншоотнинг қуйи оқимдаги давлатлар учун қандай бўлиши мумкинлиги борасида Жаҳон Банки томонидан тадқиқот ўтказилган ва қўллаб-қувватланган. Бугун эса мазкур йўналишда бошқа текширишлар ҳам давом этмоқда. Мазкур тадқиқотларда иштирок этиш учун Ўзбекистон мутахассислари ҳам таклиф этилган эди. Бироқ Ўзбекистон хукуматига икки марта юборилган мактубларимиз жавобсиз қолди”, дейилади жавоб мактубида.

Оқил Оқиловнинг сўзларига кўра, тўғон баландлиги 335 метр бўлган Роғун ГЭСи ишга тушса, мазкур сув омборида қўшни давлатларнинг суғориш ишлари учун сув жамғарилиши осон бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов номига йўлланган мактубда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Роғун электростанциясининг қурилиши юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилиши лозимлигини таъкидлаганди.

Расмий Тошкент бир неча йилдан буён Роғун ГЭСи қурилишининг дарёлар қуйисида жойлашган давлатлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдириб келаяпти. Бироқ ўзбек расмийлари бу борада тожик расмийларига матбуот орқали очиқ мактуб шаклида илк маротаба шу йилнинг 3 феврал куни мурожаат этди.

Ўзбекистон бош вазири сўзларига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳаси бундан қарийб ярим аср олдин эскирган конструкция ва технологик қоидалар асосида ишлаб чиқилган.

“Шуни назарга олган ҳолда, ўтган асрнинг 80-йилларида қурила бошланган Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришдан аввал бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши шарт”, дейилади қўшни давлат ҳукумати раҳбарининг расмий мактубида.

Ўзбекистон бош вазири фикрича, бу гидроиншоот минтақа экологиясига хавфсизлиги, Амударё сув оқимига таъсири ва Роғун ГЭСи тўғонининг зилзилабардошлилигига объектив ва асосланган баҳо берилиши зарур.

“Ўзбекистон ҳукумати бир неча марта Тожикистон ҳукумати, Россия Федерацияси ва халқаро ташкилотларга мурожаат этиб, 80-йилларда қурилиши бошланган Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза ўтказишни сўраган. Бироқ Тожикистон томони Ўзбекистоннинг таклифларига эътиборсизлик билан ёндошиб, Роғун ГЭСи қурилишини тобора жадаллаштирмоқда”, деб ёзилганди Шавкат Мирзиёев мактубида.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш юзасидан позициясини ҳеч қачон ўзгартирмаслигини ва бу борада бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ЕИ, Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банклари, шунингдек, Россия Федерацияси ҳар доим Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлашишини билдирган.

Шунингдек, мактубда Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон томонининг Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш борасидаги талабларига бу гал ҳам эътиборсиз қолдирган тақдирда, расмий Тошкент мазкур масалада Халқаро ҳамжамият ва Экологик ташкилотларга мурожаат этилиши айтилган.

Лекин тожикистонлик мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг хавотирлари асосга эга эмас.

- Жаҳон Банки қўллаб-қувватлаётган тадқиқотлар натижасини Ўзбекистон томони инобатга олмаётгани ажабланарли ҳол. Нима учундир уларга БМТ томонидан текширув ўтказилиши муҳимроқ саналмоқда. Назаримда, гап бошқа ерда. Ўзбекистон томони Халқаро ҳамжамият масалани ҳар томонлама ўрганиб, хулоса чиқаргунга қадар, қўшнилар лойиҳани амалга ошириш суръатини пасайтириб туришига эришмоқчи. Аслида бу каби муаммолар давлатлар ўртасида тузилган махсус комиссия ёрдамида ҳал қилиниши керак, дейди гидротехник Алижон Абдунабиев.

Айни пайтда ҳар бир давлатда қурилажак йирик гидроиншоотлар қўшни мамлакатлар манфаатларини назарга олган ҳолда барпо этилиши зарурлигини таъкидлаётган мутахассислар ҳам бор.

- Наинки Роғун ГЭСи лойиҳаси, балки гидроиншоот бунёд этилаётган мавзе ҳам халқаро экспертизадан ўтказилиши шарт. Лойиҳа бўйича Роғун ГЭСи дунёдаги энг баланд тўғонли гидроиншоот бўлади. Мазкур гидроиншоот зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган. Бу ҳаммага маълум. Тожикистонда сўнгги пайтларда Кўлоб минтақасида ва Ванж туманида содир бўлган қаттиқ зилзила ҳам бунга мисолдир. Тўғри, экспертиза ўтказиш жуда мураккаб, аммо амалга оширса бўладиган иш. Ҳамма гап якдилликда. Афсуски, икки давлат раҳбари ўртасида мана шу нарса йўқ, дейди таҳлилчи Абдураҳмон Воҳидов.

Тожикистон бош вазири ўзбекистонлик ҳамкасбига юборган жавоб мактубида мазкур масалани тез кунлар ичида икки томонлама ижобий ҳал қилиш учун Ўзбекистон томони Душанбега ўзининг нуфузли вакилларини жўнатишни сўраган.
XS
SM
MD
LG