Линклар

Бугун Украинада президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтаяпти. Об-ҳаво ўта совуқ бўлишига қарамасдан, тахминларга кўра, мамлакат бўйлаб очилган 30 минг сайлов участкасига сайловчиларнинг 65-70 фоизи келиши кутилмоқда.

Президент сайловининг иккинчи босқичига биринчи босқичда энг кўп овоз олган икки номзод – мамлакат бош вазири Юлия Тимошенко ва мухолифат лидери Виктор Янукович чиққан. Украинада қарийб 37 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Мамлакат президентлигига иккинчи босқичда сайловчиларнинг энг кўп овозини қозонолган номзод сайланади.

Ҳар иккала номзод штабидагилар сайлов арафасида содир бўлиши мумкин бўлган муҳтамал провокациялар ва тўс-тўполонлар ҳақида ўз хавотирларини билдиргандилар. Айни пайтда, мамлакат Марказий сайлов комиссияси вакилларига кўра, овоз бериш чоғида бирор-бир фавқулодда ҳолат ёки қонунбузарликлар содир бўлгани ҳақида маълумотлар келиб тушгани йўқ.

Бугун Днепропетровск шаҳрида овоз берган бош вазир Юлия Тимошенко Украинани Европа мамлакатлари сафида кўриш орзуси борлигини яна бир бор таъкидлади:

- Бугун мен бахтиёр ва бадавлат, гўзал ва европача бўлган янги Украина учун овоз бердим, деди Тимошенко.

Президентлик сайловининг иккинчи босқичини 4 мингдан зиёд халқаро кузатувчи кузатмоқда. Овоз бериш кунида тартибни сақлаш учун мамлакат милицияси ҳамда ИИВ ички қўшинлари бўлинмалари тўлалигича сафарбар қилинган. Улар фақат Марказий сайлов комиссияси биносинигина эмас, балки Украина парламенти ва ҳукумат бинолари, давлат раҳбари қароргоҳи ва Украина олий маъмурий суди биноларини ҳам қўриқламоқдалар.

Айтиб ўтиш керакки, Украина пойтахтидаги майдонларда ҳар иккала номзод тарафдорлари ўз чодирларини тикканлар. Тарафдорлар бу ерга овоз бериш натижаларини ҳимоя қилиш келганларини айтмоқдалар.

Марказий сайлов комиссияси биноси олдида Регионлар партиясининг юзлаб тарафдорлари йиғилган. Бу ерга саҳна тикилган бўлиб, Виктор Янукович сафдошлари бу ерда 8 феврал куни эрталаб митинг ўтказиш ниятидалар.

Маҳаллий вақт билан соат 20 дан (овоз бериш жараёни шу вақтда тугайди) бир неча дақиқа ўтганидан сўнг сайлов участкалари олдида ўтказилган экспресс-сўров (экзит-пол) натижалари эълон қилиниши кутилмоқда. Бироқ социологлар мазкур маълумотлар нотўғри бўлиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирганлар.

Украина Марказий сайлов комиссияси, афтидан, сайловларнинг иккинчи босқичи бўйича дастлабки натижаларини бир неча кундан сўнг эълон қилади. Сайловнинг расмий натижалари эса шу йилнинг 17 февралигача эълон қилиниши керак.
XS
SM
MD
LG