Линклар

Умида Аҳмедова суди 9 февралга белгиланди


Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Сешанба куни ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова устидан маҳкама жараёнининг бошланиши кутилмоқда. Аҳмедова ўз бадиий суратлари ва ҳужжатли филми орқали ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Бўлажак суд олдидан кечаëтган жараëнлар ҳақида Умида Аҳмедованинг ўзи Озодликка сўзлаб берди.

Умида Аҳмедова:
Телевидениеда эшиттириш бўлгандан кейин маҳалла комитетига чиқдим. Менимча¸ аëллар қўмитасидан бир аëл бўлса керак¸ “Шунақа¸ ходатайство ëзайлик. Учта боланинг онаси шу. Қийналмасин” деган гаплар бўлди. Нима қилишди ëки қилишмади¸ билмайман.

Озодлик: Демак¸ сизга яхши муносабат қилишди¸ сизнинг тарафингизни олгандай бўлишди¸ шунақами?

Умида Аҳмедова: Ҳа¸ шунақа бўлди. Бу аëл менимча туман хотин-қизлар қўмитасидан бўлса керак. Яхши гапиришди. “Қийналмасин. Жамоатчилик ишларида яхши қатнашган” деган гаплар бўлди. Яхши муомалада бўлишди. Эртага эрталаб соат 09.30 да туман судигa таклиф қилишди.

Озодлик: Суд қаерда бўлади?

Умида Аҳмедова: Миробод туман судида.

Озодлик: Судя билан учрашдингизми?

Умида Аҳмедова: Ҳа¸ кўришдим. Гаплашиб келдим.

Озодлик: Муносабат яхши бўлдими?

Умида Аҳмедова: Менга ҳеч ким қўпол¸ ноўрин муносабатда бўлгани йўқ. “Суд бўлади” деди. Ортиқча гаплашмадик.

Озодлик: Суддан нима кутаяпсиз энди?

Умида Аҳмедова: Билмадим. Бир нарса дейишга қийналаман. Ҳозир қийналиб қолганман. Қўрқаман демайману¸ ўзимни қўлга ололмаяпман.

Озодлик: Судда эшитиш учун чақирилганлар рўйхатини кўрдингизми? Кимлар қатнашаркан? Эксперт гуруҳлардан кимдир қатнашарканми?

Умида Аҳмедова: Менимча¸ мониторинг раиси Ҳайдавалов деган одам бўлиши керак.

Озодлик: Ўша одам қатнашадими?

Умида Аҳмедова: Ҳа¸ менимча шу одам.

Озодлик:
Сизни ҳимоя қиладиган фақат адвокат бўладими? Санъатшуносларми¸ бошқаларми қатнашадими эртага?

Умида Аҳмедова: Мен ҳали санъатшуносларга мурожаат қилмадим ¸тўғрисини айтсам. Билган одам келар¸ деб умид қилаяпман.

9 феврал куни бошланадиган маҳкама жараëнига Бекзод Эрматовнинг раислик қилиши кутилмоқда.

Швейцария элчихонаси ҳомийлигида 2006 йили нашр қилинган "Аëл ва эркак:тонгдан шомга қадар" деб номланган бадиий суратлар тўплами ва "Бокиралик юки" ҳужжатли филми орқали "ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганлик"да айбланаëтган Умида Аҳмедовага қарши жиноий иш 2009 йил 13 май куни қўзғатилган эди.

13 январ куни Умида Аҳмедовага шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдирилди.

Ўша куни Умида Аҳмедова ўзига қўйилган айблов хулосаси ва экспертиза хулосалари билан ҳам илк бора танишган. Экспертиза xулосалари Низомий номли ТДПУ қошидаги руҳшунослик кафедраси ва Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини мониторинг қилиш маркази тарафидан берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳам Умида Аҳмедова суратга олган фото ва филмлар юзасидан хулоса берган. Хулоса билан танишган манбага кўра¸ бу ҳужжатларнинг барчасида Аҳмедованинг фото ва филмлари туҳмат, деб малакаланган.

Умида Аҳмедовага қарши бошланган кампанияга норозилик билдириб¸ Халқаро Санъатшунослар уюшмаси ташаббуси билан Тошкент расмийларига йўлланган мурожаатга дунëдаги 1500 дан ошиқ санъатшунос¸ журналист ва ижодкорлар қўл қўйди.

Озодлик Умида Аҳмедова устидан бошланадиган маҳкама жараëнини яқиндан кузатади ва бу жараëн ҳақида батафсил маълумот олишга уринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG