Линклар

Торонтода Навоийнинг таваллуд куни нишонланди


Туркийгўй адиб Алишер Навоий асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан мутолаа қилинади.

Туркийгўй адиб Алишер Навоий асарлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан мутолаа қилинади.

Канаданинг Торонто шаҳрида буюк ўзбек мутафаккири Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 569 йиллиги муносабати билан катта тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда турли миллат вакиллари қатнашгани айтилмоқда.

Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист Фахриддин Худойқуловнинг билдиришича, кечада беш юз атрофида одам иштирок этган.

- Ўзбекистонликлар, Афғонистон ўзбеклари, Онадўли турклари, туркманлар, озарбайжонликлар, уйғурлар - ҳаммамиз биргаликда Навоийнинг туғилган кунини қутладик. Кечада Навоий шаънига сўзлар айтилди, Навоий шеърларидан парчалар ўқилди. Санъаткорлар чиқиб, ўйин-кулги, ашула ва рақс қилишди. Ажойиб бир ўртамда Навоий бобомизнинг туғилган кунини нишонладик, дейди Фаҳриддин Худойқулов.

Тадбир доирасида Торонто шаҳрида Навоийнинг бюсти ҳам очилган.

- Руҳи Туна исмли ҳайкалтарош дўстимиз тарафидан тайёрланган Навоийнинг бюсти очилиши бўлди. Торонто шаҳар ҳокимининг муовини Жон Паркер бюстнинг очилишида қатнашди. Биз Канадада Навоий кунини нишонларкан, аввало ўзимизнинг маданиятимизга бўлган ҳурматимизни кўрсатишга интилдик. Буюк бобомизнинг бизга ташлаб кетган меросига кичгинагина қарздорлигимизни бир қисмини ўташга ҳаракат қилдик, дейди тадбир уюштирувчиси Фаҳриддин Худойқулов.

Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди 9 феврал куни нишонлаб келинади.
XS
SM
MD
LG