Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:39

Сирдарёлик “жиҳодчилар” сони ошди


Қўпорувчиликда айбланаётган сирдарёлик мусулмонларнинг аксарияти бировга зиён-заҳмати йўқ, оддий намозхонлар бўлгани айтилмоқда.
Қўпорувчиликда айбланаётган сирдарёлик мусулмонларнинг аксарияти бировга зиён-заҳмати йўқ, оддий намозхонлар бўлгани айтилмоқда.

Сирдарёда “Жиҳодчилар” диний гуруҳига алоқадорликда айбланиб ҳибсда ушлаб турилган намозхон йигитлар сони 67 нафарга етди. Иши яқинда судга ошириладиган бу йигитларнинг аксарияти Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбланмоқда.

Сирдарëда бораëтган бу жараëн ҳақида Озодликка сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев маълум қилди.

- 2009 йилнинг октябр ойи бошларидан бошлаб диний мотив билан ëш йигитларни ҳибсга олиш бошланган бўлса¸ кейинги маълумотларда улардан 57 та қолган эди¸ кеча бир-икки жойдаги манбалардан маълумот олдик¸ ҳозирги кунда диний айбловлар билан ҳибсга олинган йигитлар сони 67 та экан. Тергов мана бешинчи ой давом этаяпти. Биз бу механизмни яхши биламиз. Ҳибсга олинганларнинг тенгдошлари¸ яқинлари¸ бирга намоз ўқиганлари ëки масжидга борганлари тўғрисида маълумот олишган бўлса¸ уларни ҳам шу гуруҳга тортган бўлиши мумкин, дейди Исроил Ризаев.

Ўтган йилнинг октябр ойида сирдарёлик 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган намозхон йигитларни ёппасига ҳибсга олиш бошланганди.

Мустақил манбаларнинг маълум қилишича, ўша пайтда жами 120 нафар намозхон йигит ҳибсга олинган, кейинчалик уларнинг айримлари қўйиб юборилган ва 57 нафарига нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди.

Исроил Ризаевнинг айтишича, ҳибсга олинган сирдарёлик йигитлар Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жиноий уюшма ташкил этиш, диний-экстремистик ташкилотлар тузиш каби бир қатор оғир моддалар бўйича айбланаяптилар.

- Бир неча йиллардан бери диний мотив билан ҳибсга олишларда энг оммавий модда 159-модда бўлиб келаяпти. Бу йигитларга ҳам шу модда бор¸ яна ЖКнинг 242-¸ 244-¸ 216- моддалари. Ҳибсга олинган йигитларнинг ота-оналари билан куни кеча учрашганимизда¸ улар Ховосдаги 13-тергов ҳибсхонасида учрашув ўтказишганини айтишди. Айбланганлардан биттасига еттита модда қўйилганини қариндошларидан биттаси айтди, дейди Исроил Ризаев.

Сирдарёлик Дилбар Соипова ҳам Ховосдаги тергов изоляторига бориб, ҳибсдаги ўғли Авазбек Соипов билан учрашиб қайтди.

Дилбар Соипова: 25 январда Ховосда ўғлим Авазбек билан учрашдим. Ярим соатга берди. Кирганимда свет бор эди. Кейин ўчиб қолди. Унча яхши кўра олмадим. Орада бир свет ëнди. Кўрдим юзини. Сал озган. Ранги анча олиниб қолган. “Яхшимисан?” десам¸ “Яхши”, дейди. Ҳадеб: “Ўзингизни ўйланг, опа”, деяверади. Унча-мунча гапирмаяпти. Юрагимнинг мазаси йўқ-да. Юрагим ëмон бўлмасин, деяптими… Кўзларидан ëш кетаверади-да.

Озодлик: Авазбекнингми?

Дилбар Соипова: Ҳа. Гапира олмай¸ кўзидан ëш кетаверади.

Озодлик: Фақат йиғлайдими?

Дилбар Соипова: Ҳа.

Озодлик: Дилбар опа¸ ўғлингизни нимада айблашаяпти экан? Бирор нарса дедими Авазбек?

Дилбар Соипова: “Ўғлим¸ сенга 159 қўяяптими?” десам¸ бошини ликиллатди. “Жуда катта срок бераяптими? 15-20 йилми?” десам¸ “Опа¸ ундан ҳам кўп”, деди. “Онажон¸ менга сиз ишонсангиз бўлди. Дуо қилинг. Менда айб йўқ”, деяпти.

Озодлик: Тергов қачон тугаркан?

- Терговни гапирмади у, дейди Дилбар Соипова.

Сирдарёлик 33 ёшли Авазбек Соипов уч фарзанднинг отаси. У савдогарлик билан шуғулланиб келган.

Авазбек ўтган йилнинг 2 октябр куни ҳибсга олинган. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан унинг уйида тинтув ўтказилиб, диний варақалар топилгани айтилган.

Маълумотларга кўра, сирдарёлик намозхон йигитлар айбланаётган диний гуруҳга айнан Авазбек Соипов раҳбарлик қилган деган айблов илгари сурилаяпти.

Қўлга олинган намозхон йигитлар дастлаб “Ал-Жамоат” диний ташкилотига алоқадорликда айбланди.

Кейинчалик улар “Биродарлар” номли янги бир диний гуруҳга аъзоликда айбланган эди.

Мазкур ташкилот гўë ҳозирги ҳукуматнинг раҳбарларини, куч ишлатар салоҳиятга эга бўлган идора вакилларини, диний айбловларда айбланиб қамалаëтган йигитларга фатво бераëтган одамларни жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилган бир гуруҳ сифатида талқин этилганди.

Эндиликда эса сирдарёлик 70 га яқин йигит “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланаяпти.

Айрим маълумотларга кўра, шу кунларда тергов жараёни ниҳоясига етиб, яқин орада маҳкама бошланиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG