Линклар

logo-print

“Қандолатчилик” журналининг нишона сони нашр этилди.

Хушмат битта сонига дастхат ёзиб адъютантим орқали манга бериб юборди: “Собиқ Иттифоқ ҳудудида демократия, тараққиёт ва фаровонлик посбони бўлган Юртменбошига узоқ умр ва метиндек мустаҳкам соғлик тилайман. Бахтимизга дунё тургунча турингиз!”

Аҳмақ! Мен худо эмасман-ку! Дунё тургунча фақат худо турмайдими? Ҳатто ўзини худо деб эълон қилган Фиръавн ҳам 500 йил умр кўриб асфаласофинга кетган.

Дастхат ёзиб ўтирган Хушматнинг қанчалар ҳаяжонланганини кўз олдимга келтириб мийиғимда кулиб қўйдим. Мийиғимда кулдим-у, беихтиёр ияк ва лабимни силадим. Одатда, соқол-мўйлови бор одамлар мийиғида кулишни яхши кўради. Жун босган башарага қараб туриб заҳархандани пайқаш мушкул бўлади. Соқол қўйсаммикан? Олдин мўйлов қўйиб кўникма ҳосил қилиш керак. Кейин соқол қўйиб юборсам ҳеч ким ажабланмайди. Кўҳистон такаси 50 ёшдан ошмаган гражданларга соқол қўйишни тақиқлаш тўғрисида фармон чиқарибди. Буюк Пётр изидан кетибди-да, гов суворий! Энди девон ходимлари қўлига қайчи ва жазбар ушлаб кўчама-кўча санғиб юрадими? Ўша фармонга изоҳ берилса: “Сержун одамлар ёши 50 ка етмаган бўлса-да, соқол қўйиш ҳуқуқини сотиб олиши мумкин; нарх-навони ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимлари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан келишган ҳолда индивидуал тартибда белгилаб беради”, деб ёзиб қўйиш керак. Дунёда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларидек серуруғ корхона йўқ. Океан ортидаги ташкилотлар маҳаллий тадбирларга бош қўшмаса, Ҳинди-Хитой тарафларда эснаб ўтирган ҳуқуқ посбонлари тиқилиб ётибди. Биз аксарият сиёсий тадбирларга ўшаларни таклиф этамиз: қорнини тўйдириб, бепул меҳмонхона билан таъминланса, эчкини “тоға” дейишга ҳам рози бўлишади.

Кўҳистон такаси чиқарган фармон эсимга тушиб соқол-мўйлов қўйиш ниятидан воз кечдим: у мани ҳам 50 дан ошгани учун бемалол соқол-мўйлов қўйди деб орқаваротдан аския қилиши мумкин.

Журнални беҳафсала варақлаб ўтириб, “Дам олиш саҳифаси”да эълон қилинган “Очиқ хат”га кўзим тушиб сергак тортдим. “Очиқ хат”га “Садо бергил, Моҳира-Моҳигул!” деб сарлавҳа қўйилган эди. “Очиқ хат” муаллифи Паландаралик Расул бўлиб, у ўзининг ишқий саргузаштларини батафсил баён этади: Тошкентда новвойга югурдак бўлиб юрган кезларида Чеҳрагул исмли қизга кўнгил қўйиб нечоғлик безовта бўлганини, “ZeroMax” компаниясидан 100 доллар қарз бўлгач, уяли телефонини Анҳорга отиб юбориб, “қўл телефонимни йўқотиб қўйдим, уни ким топиб олса 100 доллар суюнчи бераман!” деб “Маҳалла” газетасига эълон берганини, охир-оқибат адвокат ёллаб “ZeroMax”га бир цент ҳам тўламасдан қарздан қутилиб кетганини, сўнгра сўзак касалига йўлиқиб қишлоққа қайтиб шифобахш булоқ сувларидан ҳар куни етти маҳал тўйиб ичиб юрганини, юқумли касаллик асоратларидан аста-секин фориғ бўлаётганини, яқинда Қаламкашнинг “Биз ҳам ёш бўлганмиз” қиссасини тасодифан мутолаа қилиб, қисса қаҳрамони бўлмиш Моҳигулга очиқ хат билан мурожаат этишга аҳд қилганини, Моҳигулнинг ҳаётда прототипи бўлганини ҳам тасодифан эшитиб қолганини, аслида Моҳигул билан Моҳира битта одам бўлганини, бахтиқаро қизларни қўлидан келганча бахтли қилишга астойдил бел боғлаганини, иложи бўлса, Моҳигул-Моҳирани табобат коллежида ўқитиб, ўқиш давридаги сарф-харажатларни ўз зиммасига олажагини камоли эҳтиром ила арзи ҳол қилади.

Гап орасида биринчи муҳаббатига бевафолик қилган Қаламкашга тош отиб ўтишни ҳам эсидан чиқармайди. Таҳририят номидан ёзилган иловада: “Биз бутун имкониятларимизни ишга солиб бир-бирини ғойибона севиб қолган ёшларни учраштириб, тўйларини Тошкентдаги муҳташам “Наврўз” ресторанида ўз ҳисобимиздан ўтказиб беришга халқимиз олдида ваъда бериб, муштарийларимиздан ҳомийлик ёрдамини кутиб қоламиз”, дейилади.

Ажаб, қисса ёзилган пайтларда “Паландаралик Расул” ҳали отасининг белидами, онасининг қорнидами юрганини наҳотки ҳисобга олишмаган бўлса?! Аслида, Моҳира-Моҳигул ҳам ғойибдан келган ошиқнинг онаси тенг хотин бўлади. Ҳатто Моҳира-Моҳигулнинг болаларидан бирортаси ҳам ёш нуқтаи назаридан Расулга мос келин бўлолмаса керак. Эҳтимол, набиралари бўй етиб қолган бўлса, Паландарага келин бўлиб боришга рози бўлар... Балки, содда-муғомбир Хушматвой жўрттага сувни лойқалатиб, муштарийларнинг диққат-эътиборини доим жалб этиб туриш мақсадида жўрттага калавани чувалаштириб юборгандир. Агар шундай қилган бўлса, ютади. Атайлаб шундай қилмаган бўлса, бундан бу ёғига нима қилиш кераклигини адъютантим орқали унга тушунтириб қўяман.
Шошма, ўлган ёки жимгина ухлаб ётган илоннинг думини босиб жаҳлини чиқариш ёки тирилтириш шартмикан? Ҳозир Қаламкаш ўз дарди билан овора, бедаво дардига малҳам қидиб юрибди. Бирдан дардни унутиб, шаҳд билан ташланиб қолса нима бўлади?.. Бу нозик масалани ҳар томонлама пухта ўйлаб кўриб, етти ўлчаб бир кесиш керак. Йўқ жойдан бошоғриғи орттириб олишдан не фойда?

Қаламкаш қайсигўрдадир илондек кулча бўлиб ётганини ҳаргиз унутмаслик керак.
XS
SM
MD
LG